Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот йилида мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга Қўмита томонидан устувор аҳамият қаратилган ҳамда ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилган.
Ҳисобот даврида Қўмита жами 14 та қонун лойиҳасига масъул бўлган ва уларнинг 11 таси қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Хусусан, қўмита масъуллигида тегишли соҳаларни тартибга солишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Қўмита томонидан қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш, долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитишга қаратилган жами 8 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Жумладан, қўшинларнинг жанговар шайлиги ҳамда тайёргарлигини яхшилашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Шарқий ҳарбий округи мисолида ўрганилган, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг 2021 йилда Ўзбекистон Республика Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисидаги ахбороти Қўмита мажлисида эшитилган.
Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси ҳалқ таълими вазирига «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу жумладан умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга кадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юборилган.
Мудофаа ва хавфсизлик соҳасига тааллуқли масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган 4 та семинар, 2 та давра суҳбати ҳамда 4 та учрашув ўтказилган.
Бундан ташқари мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда хавфсизлик сектори бўйича парламент текширувларини кучайтириш» мавзусида семинар ташкил этилган. Шу билан бирга ҳамкорлик доирасида 2022 йилнинг 12 — 14 декабрь кунлари Қўмита аъзоларининг Қонунчилик палатаси делегацияси таркибида Вена шаҳрига (Австрия Республикасига) ташрифи амалга оширилиб, учрашувларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.
Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши қарорлари ижроси доирасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2022 йилнинг 19 — 29 октябрь кунлари «Ёшлар ўзи, армия ва ватанпарварлик ҳақида» сўров ўтказилган. Қўмита мазкур социологик тадқиқот натижаларидан қонунчиликни янада такомиллаштириш, назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда кенг фойдаланмоқда.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар билан тизимли мулоқотни кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлашга, уларни тезкорлик билан бартараф этишга устувор аҳамият берилган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг 547 та мурожаати кўриб чиқилган.
Қўмита фаолиятини ташкил этишда очиқлик ва ошкоралик принципларига алоҳида эътибор қаратилиб, оммавий ахборот воситаларида жами 993 маротаба чиқиш қилинган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганиш борасидаги ишларни янада кенгайтириш талаб этилмоқда.
Парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига кенгроқ жалб қилиш лозим.
Шунингдек жойларда фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўриб чиқиш ҳамда уларга ечим топиш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарур.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси:
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари юзасидан Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларини жалб қилган ҳолда муҳокамаларни ташкил этиб бориш;
мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўналишларида социологик тадқиқотларни ўтказиш борасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан самарали ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш;
мудофаа ва хавфсизлик соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
мамлакатнинг мудофаа ва ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари З. Ибрагимова зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 30 январь,
2917-IV-сон