Андижон вилоят судининг
Қарори
4-1701-2202/4345-сонли иш
Андижон вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси, судья Ш. Мирзаевнинг раислигида, судьялар Д. Убайдуллаев ва Т. Атабоевдан иборат таркибда, Х. Тухтасиновнинг котиблигида, таъсисчи М. М. П, вакили Х.К (2022 йил 21 октябрь кунги ишончнома асосида), «I sh p» масъулияти чекланган жамияти вакили С. Қ (2022 йил 9 ноябрь кунги 6-сонли ишончнома асосида), «А б» масъулияти чекланган жамияти вакили Ў. М (2022 йил 14 ноябрь кунги 15-сонли ишончнома асосида)ларнинг иштирокида, Бўстон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 ноябрдаги ҳал қилув қарорининг қонунийлигини таъсисчи М. М. П томонидан берилган апелляция шикояти асосида иш ҳужжатлари билан бирга Андижон вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«I sh p» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси М. М. П (кейинги ўринларда матнда — «даъвогар-таъсисчи» деб аталади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «I sh p» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда матнда «жавобгар» деб аталади) ҳамда «А б» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда матнда «қўшимча жавобгар» деб аталади)ларига нисбатан «I sh p» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2021 йил 3 майдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 03.10.2022 йил кунги ажрими билан низо предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Андижон вилоят адлия бошқармаси жалб қилинган.
Биринчи инстанция суд мажлисида иштирок этган жавобгар ҳамда қўшимча жавобгар вакиллари суд мажлисида берган эътироз хатида мазкур даъво ариза юзасидан даъво қилиш муддати ўтганлигини билдириб, даъво муддатини қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 16 ноябрь кунги ҳал қилув қарори билан жавобгар ҳамда қўшимча жавобгарларни даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган, даъво муддати қўлланилган, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, даъвогар томонидан олдиндан тўланган 3.000.000 сўм давлат божи ва 24.000 сўм почта харажати унинг зиммасида қолдирилган.
Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар-таъсисчи (М. М. П)нинг апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъвони қаноатлантиришни, «I sh p» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2021 йил 3 майдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Апелляция суд мажлисида иштирок этган даъвогар-таъсисчи (М. М) ҳамда вакили берган кўрсатмасида апелляция шикоятини қувватлаб, низодаги ноқонуний ўтказилган 03.05.2021 йилдаги йиғилиш қарори аслида ўтказилмаганлиги, ўтказилган бўлганида бошқалар хабардор бўлишлари кераклигини, айнан даъвогар-таъсисчи (М. М) ушбу йиғилиш бўлганидан умуман хабари бўлмаганлиги, ушбу йиғилиш ҳақида 2022 йил август ойида почта орқали хат келганлигидан хабардор бўлганлиги, қонунда йиғилишдан хабардор бўлмаган ва иштирок этмаган таъсисчи таъсисчилик сафидан чиқарилиши кўрсатилмаганлиги, агарда иштирок этмаган бўлса ва хабардор бўлмаган бўлса иштирокчи бу ҳақда хабардор бўлган кундан бошлаб икки ой белгиланганлиги, шунга кўра даъво муддати ўтмаганлигини билдириб, даъво муддати қўллаш талабини рад қилишни, даъвони қаноатлантиришни, 03.05.2021 йилдаги таъсисчилар умумий йиғилишини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.
Апелляция инстанция суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили берган кўрсатмасида, биринчи инстанция судининг қарорини қувватлаб, даъвогар-таъсисчи (М. М) белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги, шунга кўра биринчи инстанция даъво муддатини қўллаб асосли даъвони рад этганлигини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Апелляция инстанция суд мажлисида иштирок этган қўшимча жавобгар вакили берган кўрсатмасида апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Апелляция инстанция судида иштирок этган даъвогар, жавобгар ва қўшимча жавобгар вакилларининг кўргазмалари, ишга тақдим қилинган ҳужжатларни, ишдаги мавжуд ҳужжатларни апелляция судлов ҳайъати ўрганиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, янги қарор қабул қилишни, даъво аризани қаноатлантиришни, таъсисчиларнинг 03.05.2021 йилдаги йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, жавобгар ҳисобидан биринчи инстанция суди учун 3.000.000 сўм ва апелляция инстанция суди учун 1.500.000 сўм, жами 4.500.000 сўм давлат божи ҳамда 24.000 сўм почта харажатини даъвогар-таъсисчи (М. М) ҳисобига ундиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, жавобгар-жамияти юридик шахс сифатида Андижон шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан 2020 йил 27 майда 851683-сонли реестр тартиб рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жамиятнинг устав фондидаги улушлари икки таъсисчилар улушидан иборат бўлиб, қўшимча жавобгар — («А б» масъулияти чекланган жамияти) улуши 68.493.017 сўм, яъни 97,84 фоиз ҳамда даъвогар-таъсисчи — (фуқаро М. М. П) улуши 1.506.983 сўм, яъни 2,52 фоизни ташкил қилади. Ушбу жамият таъсисчиларнинг 2020 йил 25 май кунги йиғилиш қарорининг 4-кичик бандида жамиятнинг ижро органи-директори этиб М. М (даъвогар-таъсисчи) тасдиқланган.
Кейинчалик таъсисчиларнинг 03.05.2021 йилдаги умумий йиғилиш қарори (жами 6 та масала бўйича) қабул қилинган. Мазкур таъсисчиларнинг умумий йиғилишида даъвогар-таъсисчи (М. М) иштирок этмаган бўлса-да, ушбу йиғилиш қарори билан уни таъсисчилар сафидан чиқарилган.
Мазкур таъсисчиларнинг 03.05.2021 йилдаги умумий йиғилиш қарори ўтказилганлиги ҳақида хабардор бўлган даъвогар-таъсисчи (М. М) белгиланган тартибда хабардор бўлган икки ойлик муддат ичида ушбу 2021 йил 3 май кундаги таъсисчиларнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 30-моддасида, корпоратив низолар бўйича ишлар белгиланган бўлиб, мазкур модданинг биринчи қисм 3-кичик бандида, юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар иқтисодий судларда кўрилиши белгиланган.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, мазкур талаб билан даъвогарни даъво ариза билан иқтисодий судга мурожаати асосли ҳисобланади.
Биринчи инстанция суд мажлисида мазкур даъво талаби асосида ишни мазмунан кўриш давомида жавобгар ва қўшимча жавобгар вакиллари томонидан судга эътирозларини тақдим қилиб, мазкур даъво талаби бўйича даъво муддати ўтганлигини билдириб, даъво муддатини қўллашни сўраган.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати уч йил деб белгиланган бўлса, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида» (кейинги ўринларда матнда «Қонун» деб аталади)ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 41-моддасида, белгиланган икки ойлик муддат махсус даъво муддати ҳисобланиши ва у суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар берган аризасига мувофиқ қўлланиши белгиланган.
Зотан, юқоридаги қонун талаблари асосида биринчи инстанция суди, жавобгар ва қўшимча жавобгарларни суд мажлисида берган эътироз хатлари асосида даъвогар-таъсисчи (М. М)ни даъво қилиш муддати ўтганлиги ҳақида аризасини қаноатлантириб, даъво муддатини қўллаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса-да, лекин апелляция судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ушбу қарорига қуйидагиларга кўра қўшилмайди ва даъво муддатини қўллаш ҳақида барвақт тўхтамга келган деб ҳисоблайди.
Боиси, биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллашда, даъвогар — таъсисчи (М. М) тегишли тартибда 03.05.2021 йилдаги умумий йиғилиш қароридан хабардор бўлганлигини асосан 07.05.2022 йил (бир йил илгари ўтказилган)даги 8-сонли қўшимча жавобгар томонидан юборилган огоҳлантириш хатига асосланган.
Ушбу огоҳлантириш хати ўрганилганида, гарчи жавобгар ва қўшимча жавобгар эътирозларида даъвогар-таъсисчи (М. М) 03.05.2021 йилдан жамиятда ҳеч ким эмаслиги, таъсисчиликдан умумий йиғилиш қарори билан чиқариб юборилганлиги айтиб келинса-да лекин огоҳлантириш хатини жамият таъсисчиси М. Мга деб ёзилган.
Бундан ташқари, даъвогар-таъсисчи (М. М) таъсисилигидан чиқарилганлиги, у томонидан жамият таъсис низомини шакллантирилган жами 15.000.000 сўм (11.000.000 сўм 22.09.2020 йилдаги 68-сонли ҳамда 4.000.000 сўм 23.09.2020 йилдаги 69-сонли тўлов топшириқномаси билан) даъвогар-таъсисчига ўтказиб берилганлиги кўрсатилган, бироқ ушбу тўловлар даврида ҳали 2021 йил келмаганлиги ва йиғилиш ўтказилмаганлигига эътибор қилинмаган.
Шунингдек, қўшимча жавобгар томонидан даъвогар-таъсисчи (М. М)га юборилган 07.05.2022 йилдаги 8-сонли огоҳлантириш хатида даъвогар-таъсисчи (М. М)ни 03.05.2021 йилдаги таъсисчилар умумий йиғилиш қарорида қабул қилган қарори (боиси иштирок этмаган ва унинг иштирокисиз Қонунга зид қарор қабул қилинган) билан таништирилмаган ёки огоҳлантириш хатига илова қилинмаган.
Зеро, биринчи инстанция суди даъвогар даъво талаби билан судга мурожаат қилиши муддати ўтмаган (боиси 03.05.2021 йилдаги қарордан 2022 йи август ойида хабардор бўлган)лигига эътибор қаратмаганлиги, ёинки даъво муддати ўтганлиги ҳақидаги жавобгар ва қўшимча жавобгарлар томонидан ариза берилган бўлса-да, лекин мавжуд ҳужжатлар асосида даъво муддати биринчи инстанция суди томонидан узрли деб ҳисобланишига асослар мавжудлиги тўлиқ ўрганилмаган.
Юқоридаги асослардан келиб чиқиб, апелляция инстанция судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди жавобгар ва қўшимча жавобгарни даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризасини тўлиқ ўрганмаган ҳолда аризани қаноатлантириш ҳақида барвақт тўхтамга келган деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ва апелляция суд мажлисида ишга тақдим қилган ҳужжатларни ўрганиб, апелляция судлов ҳайъати, даъвогарнинг 03.05.2021 йилда таъсисчиларнинг ўтказилган умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвогар талабини асосли деб ҳисоблайди ва даъво аризани қаноатлантиришни ҳамда 03.05.2021 йилда ўтказилган таъсисчиларнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни лозим ҳисоблайди.
Боиси, «I sh p» масъулияти чекланган жамияти икки таъсисчилар улушидан иборат бўлиб, қўшимча жавобгар — («Андижон хўжалик маданий моллари базаси» масъулияти чекланган жамияти) улуши 68.493.017 сўм, яъни 97,84 фоиз ҳамда даъвогар-таъсисчи — (фуқаро М. М. П) улуши 1.506.983 сўм, яъни 2,52 фоизни ташкил қилган ҳолда жамият ташкил этилган. Ушбу жамият таъсисчиларнинг 2020 йил 25 май кунги йиғилиш қарорининг 4-кичик бандида жамиятнинг ижро органи-директори этиб М. М (даъвогар-таъсисчи) тасдиқланган.
Кейинчалик, 03.05.2021 йилда таъсисчиларнинг умумий йиғилиш ўтказилган ва умумий йиғилиш қарори асосида даъвогар-таъсисчи (М. М) жамият таъсисчи сафидан чиқарилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган.
Қонун талабига кўра, жамият таъсисчисини иштирокчилари сафидан чиқаришнинг икки хил тартиби мавжуд бўлиб, биринчиси жамият таъсисчисининг ўз ихтиёри асосида иштирокчилар сафини тарк этиши (ўз улушининг имтиёзли ҳуқуқ асосида жамиятнинг бошқа таъсисчиларга ёки учинчи шахсларга сотиши, ҳадя қилиши ва бошқача шаклда ўтказиш йўли билан), иккинчиси Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган қоидалар асосида суд тартибида чиқарилиши керак.
Жамият таъсисчиларининг 03.05.2021 йилдаги навбатда ташқари умумий йиғилишида жамият таъсисчиси ҳисобланган М. М қонун талабларига зид равишда таъсисчилар сафидан чиқарилган.
Шунингдек, Қонуннинг 32-моддасида, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилиш тартиблари белгиланган бўлиб, мазкур модданинг биринчи қисмида, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамиятнинг ва унинг иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилиши, еттинчи қисмида, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган масалаларнинг бири ёки бир нечаси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига кирмаса ёки қонунчиликнинг талабларига мос бўлмаса, мазкур масалалар кун тартибига киритилмаслиги, саккизинчи қисмида, жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалар таърифига ўзгартишлар киритишга, шунингдек жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишнинг таклиф қилинган шаклини ўзгартиришга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Аниқланишича, юқоридаги Қонун талаблари асосида даъвогар-таъсисчи жамият таъсисчилиги сафидан чиқариш ҳақида кун тартибида кўрсатилмаган, бундан ташқари кун тартибида кўрсатилмаган ҳолда қонун талабига зид равишда кун тартибида кўрсатилмаган масалалар тўғрисида умумий йиғилиш қарор қабул қилган.
Бундан ташқари, Қонуннинг 33-моддасида, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тартиби кўрсатилган бўлиб, мазкур модданинг тўртинчи қисмида, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган қўшимча масалалар таърифига ўзгартириш киритишга ҳақли эмаслиги, тўққизинчи қисмида, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақиришнинг ушбу моддада белгиланган тартиби бузилган тақдирда, агар бундай умумий йиғилишда жамиятнинг барча иштирокчилари иштирок этаётган бўлса, у ваколатли деб эътироф этилиши белгиланган.
Зотан, гарчи даъвогар-таъсисчи 03.05.2021 йилда йиғилишдан хабардор бўлмаган тақдирда ҳам агарда шу кунги йиғилишда иштирок этган тақдирда йиғилиш қонун тартибда ўтказилган ҳисобланиши мумкинлиги, бироқ даъвогар-таъсисчи (М. М) нафақат хабардор бўлмаган, балки йиғилишда ҳам иштирок этмаган.
Шунингдек, ишдаги мавжуд ҳужжатларда Андижон вилоят прокуратурасининг 27.07.2022 йилдаги 4-289212/22-сонли хатида, давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг 18.05.2022 йилдаги 913/01-16-к-сонли хатида, Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 04.07.2022 йилдаги 19/5-09169-сонли, ҳамда 05.10.2022 йилдаги 19/1-16125-сонли хатларида ва АТБ «Қишлоққурилишбанк Андижон филиалининг 14.11.2022 йил 01/04-1421-сонли хатларида жамият раҳбари М. М эканлиги ҳозирда жамият раҳбари сифатида фаолият юритиб келганлиги маълум бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июнь кунги «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 262-сонли қарори 20.1-бандида жамият иштирокчилари умумий йиғилиши қарори у қонун ҳужжатларига зид бўлган ва (ёки) умумий йиғилиш қонун ҳужжатлари ва жамият уставида белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда ўтказилган ҳоллардагина, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эканлиги белгиланган.
Бундай ҳолатда, судлов таркиби апелляция шикоятида билдирилган важлар асосида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асослар мавжуд деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 278-моддаси биринчи қисм 2-кичик бандида апелляция суди ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли эканлиги белгиланган
Баён этилганларга асосан апелляция инстанция судлов таркиби даъвогарнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, янги қарор қабул қилишни, даъво аризани қаноатлантиришни, 03.05.2021 йилдаги таъсисчиларнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, жавобгар ҳисобидан биринчи инстанция суди учун 3.000.000 сўм ва апелляция инстанция суди учун 1.500.000 сўм, жами 4.500.000 сўм давлат божи ва 24.000 сўм почта харажатини даъвогар-таъсисчи (М. М) ҳисобига ундиришни лозим топди.
Бинобарин, судлов таркиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 — 280-моддаларини қўллаб, қарор қилади:
«I sh p» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси М. Мнинг апелляция шикояти қаноатлантирилсин.
Б. туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Янги қарор қабул қилинсин.
Даъво ариза қаноатлантирилсин.
«I sh p» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2021 йил 3 май кунги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарори ҳақиқий эмас деб топилсин.
«I sh p» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан — даъвогар М. М фойдасига биринчи инстанция суди учун 3.000.000 сўм ва апелляция инстанция суди учун 1.500.000 сўм, жами 4.500.000 сўм давлат божи ва 24.000 сўм почта харажатини ундирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан кассация тартибида шикоят (протест) қилиш мумкин.
Раислик қилувчи Ш. МИРЗАЕВ
Судья Д. УБАЙДУЛЛАЕВ
Судья Т. АТАБОЕВ
Андижон в.,
2023 йил 19 январь,
4-1701-2202/4345-сон