Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор йўналишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси (бундан буён матнда Мурожаатнома деб юритилади) мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишларни баён этувчи, шунингдек, парламентнинг фаолиятига тааллуқли аниқ таклифларни ўзида акс эттирувчи муҳим дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Парламент халқнинг манфаатларини ифода этувчи, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи олий вакиллик органи сифатида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларини аҳолининг ҳаётида акс эттиришда, одамларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда, уларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашда ташаббускор бўлиши зарур.
Бу борада парламент аъзолари ўзлари сайланган ҳудуд (округ)лардаги муаммолар, тегишли вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришлари лозим.
Шуни инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишларни муҳокама қилиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Мурожаатномада ҳамда навбатдаги йилда қабул қилинадиган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, чора-тадбирлар ҳамда ижро механизмларини кўрсатган ҳолда Ҳаракатлар режаси лойиҳасини тайёрласин ва Сенат Кенгашига киритсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари:
ўз фаолиятини режалаштиришда Мурожаатномада назарда тутилган йўналишларни инобатга олсин;
ўз фаолияти йўналишида ҳамкорлик қилувчи тегишли давлат бошқаруви органлари билан ўзаро алоқа ва ишлаш услубларини қайта кўриб чиқсин;
Мурожаатномада назарда тутилган йўналишлар бўйича қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш чораларини кўрсин;
Қўмитанинг барча аъзолари Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш жараёнига фаол жалб этилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Олий суд, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд қарорлари ижроси ҳолатини ўрганиб таклифлар тайёрласин ҳамда ушбу масалани Бош прокурор ҳисоботини эшитишда ҳам кўриб чиқишни назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, унинг рақобатбардошлигини кучайтириш, шу жумладан энергетика соҳасини ривожлантиришга парламентлараро ҳамкорлик орқали инвестицияларни жалб қилишга кўмак бериш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалар қўмитаси:
Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан биргаликда муқобил энергетикани ривожлантириш, «яшил иқтисодиётга» ўтиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини ўрганиб борсин ва тегишли таклифлар ишлаб чиқсин;
хўжалик юритувчи субъектларда энергия тежамкорлигига эришиш бўйича кенг тарғибот ишларини олиб борсин;
энергетика соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб борсин ва масъулларнинг эшитувини қўмиталар, Сенат Кенгаши ва зарур ҳолатларда Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига олиб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси тупроқ таркиби бузилиши, ерлар унумдорлигининг пасайиши, чўлланиш, сув етишмаслигининг олдини олиш мақсадида аграр соҳада экологик тоза ва ресурстежамкор инновацион агробиотехнологияларни яратиш ва улардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўргансин ва таклифлар ишлаб чиқсин.
7. Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига:
Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурларни тайёрлаш масалалари юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларини ўтказиш;
қонунчиликда белгилаб берилган маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш ҳамда муҳокама қилиш масалалари 2023 йилги иш режаларида акс эттирилишини ҳамда бажарилишини таъминлаш;
ҳар чорак якуни бўйича ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижроси юзасидан ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг ахборотларини эшитиш ҳамда муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 27 декабрь,
СҚ-669-IV-сон