Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2022 йил 19 декабрь куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ҚЛ-982-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (биринчи ўқиш);
«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-981-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида»ги Қарорини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида;
ҚЛ-957 ва ҚЛ-981-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини бирлаштириш тўғрисида;
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-973-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (иккинчи ўқиш);
«Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-976-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш. Шарахметовга «Мамлакатимизда рақобат муҳитини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини бажарувчи Т. Худайбергеновга «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурнинг ижро этилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. САИДОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 декабрь,
2775-IV-сон