Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларига оид қонун лойиҳаларини маромига етказишга, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қўмита масъуллигида ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган 6 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 2 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Қўмита томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида 12 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Қўмита томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш бўйича 11 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири ўринбосари Н. Муслитдиновнинг «Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат боғчалар борасида тизимда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги тўғрисида»ги ахбороти эшитилиб, мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинган.
2022 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 748 та мурожаат Қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириб боришга қаратилган жами 11 та давра суҳбати ҳамда 3 та семинар ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 1 150 маротаба чиқиш ташкил этилган. Шундан босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалар 202 тани ташкил этган, телевидениеда 95 та, радио каналларида 64 та, Интернет жаҳон ахборот тармоғида 198 та ҳамда ижтимоий тармоқларда 591 та чиқиш қилинган.
Шу билан бир қаторда, ҳисобот йилида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили унинг фаолиятида айрим жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Хусусан, жамиятимизда таълим сифатини ҳамда ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга, ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, Қўмитанинг мазкур соҳалардаги қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси таъминланиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга оширишга доир фаолиятини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, таълим сифатини оширишга қаратилган асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва уларни қонунларда акс эттириш бўйича ташаббус билан чиқиш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш талаб этилади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига:
фан, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, маданиятни ривожлантириш, шунингдек спортни оммалаштириш ҳамда тарғиб этиш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш;
жамиятимизда таълим сифатини ҳамда ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга, ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва уларни қонунларда акс эттириш бўйича ишларни жадаллаштириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатининг доимий мониторингини юритиш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 26 декабрь,
2803-IV-сон