Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А. Абдуллаев ва Р. Хайдаровдан иборат таркибда, А. Бахшуллоевнинг котиблигида, даъвогар — «DT» МЧЖ иштирокчиси МРҚнинг жавобгарлар — «DT» МЧЖ иштирокчиси АДИга нисбатан «DT» МЧЖ иштирокчиси МРҚга тегишли 53,7 фоиз улушни АДИга сотиш тўғрисидаги 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли шартномани ва жамият иштирокчиларининг 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорини (1-сонли баённома) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвоси аризаси бўйича иқтисодий ишни даъвогар вакили — У.Э. (2020 йил 19 августдаги реестр 77/624-н/77-2020-2-2332 рақами билан қайд қилинган ишончнома асосида), жавобгар вакиллари — Д.А. (жамият иштирокчиси), А.Х. (адвокатлик ордер ва 2020 йил 11 ноябрдаги реестр 20200218900/604 рақами билан қайд қилинган ишончнома асосида) ҳамда Тошкент вилоят Адлия бошқармаси вакили — Н.Ю. (2022 йил 26 майдаги 2-2/412-сонли ишончнома асосида) иштирокида Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 майдаги ҳал қилув қарори ҳамда Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 августдаги қарори устидан «DT» МЧЖ иштирокчиси МРҚ томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
даъвогар «DT» масъулияти чекланган жамияти иштирокчиси МРҚ даъво ариза билан Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, «DT» МЧЖ иштирокчиси АДИ ва «DT» МЧЖ ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар «MNR» МЧЖ, иштирокчилар И.Т.Т., М.Б.М., Т.Ф.Д., С.М.М. ва Қибрай туман Давлат хизматлари марказига нисбатан «DT» МЧЖ иштирокчиси МРҚга тегишли 53,7 фоиз улушни АДИга сотиш тўғрисидаги 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли шартномани ва жамият иштирокчиларининг 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорини (1-сонли баённома) ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби рад этилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда жамият таркибидан чиқиш тўғрисида иштирокчи Р.М. ариза бермаганлигини, ўз улушларини Д.А.га сотмаганлигини, сохта шартнома расмийлаштирилганлигини, жамият томонидан ўтказилган йиғилиш нотўғри ўтказилганлигини билдириб, суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили кассация шикоятини тўлиқ қувватлаб, кассация шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, суд қарорларини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари кассация шикоятига нисбатан ўз эътирозини билдириб, судлар томонидан қонуний ва асосли қарор қабул қилганлиги сабабли уларни ўзгаришсиз қолдиришни ҳамда кассация шикоятини рад этишни сўради.
Учинчи шахс давлат хизматлари маркази вакили улушни сотишни давлат рўйхатидан ўзи ўтказганлигини, тақдим этилган барча ҳужжатлар қонуний бўлганлигини, давлат рўйхатидан ўтказишга раҳбарнинг ўзи келганлигини, имзоси эса судга ҳавола эканлигини маълум қилиб, кассация шикояти бўйича қонуний қарор қабул қилишни судга ҳавола қилишини билдирди.
Учинчи шахслар «MNR» МЧЖ, И.Т.Т., М.Б.М., Т.Ф.Д., С.М.М.лар суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлса-да, суд мажлисида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин деган хулосага келди.
Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва тушунтиришларини тинглаб, ишдаги ҳужжатларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ҳамда кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб, қўйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «DT» МЧЖ янги таҳрирдаги таъсис шартномаси 2017 йил 26 апрелда Қибрай туман «Ягона дарча» маркази томонидан 512235-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Жамиятнинг янги таҳрирдаги таъсис шартномаси ва устави иштирокчилар умумий йиғилишининг 2017 йил 11 сентябрдаги 1-сонли баённомаси билан тасдиқланган. Ушбу таъсис ҳужжатларига кўра, жамиятнинг устав фонди миқдори 2 462 296 004 сўмдан иборат бўлиб, жамият иштирокчилари улушларининг номинал қиймати қуйидагича тақсимланган:
МРҚнинг улуши — 1 322 296 004 сўм (53,7 фоиз);
АДИнинг улуши — 735 000 000 сўм (29,8 фоиз);
«MNR» МЧЖнинг улуши — 405 000 000 сўм (16,5 фоиз).
Жамият иштирокчилари МРҚ ҳамда АДИ ўртасида «DT» МЧЖнинг низом жамғармасидаги улушини сотиб олиш тўғрисида 2017 йил 20 октябрда 1-сонли шартнома имзоланган.
Худди шу куни «DT» МЧЖ таъсисчиларининг 1-сонли йиғилиш баённомаси имзоланган ва жамият таъсисчиларига тегишли ўзгартириш киритилган.
Унга кўра, жамиятнинг Уставига 2017 йил 20 октябрда ўзгартириш киритилган бўлиб, ушбу ўзгартириш билан жамият таъсисчилар сафидан МРҚ чиқарилган ва 2 462 296 004 сўм жамият устав фонди қўйидагича тасдиқланган:
АДИнинг улуши — 2 057 296 004 сўм (83,5 фоиз);
«MNR» МЧЖнинг улуши — 405 000 000 сўм (16,5 фоиз).
Шунингдек, жамият Уставига киритилган ушбу ўзгартиришлар Қибрай туман «Ягона дарча» маркази томонидан 2017 йил 20 октябрдаги 388717-сонли реестр рақами билан рўйхатдан ўтказилган.
Даъвогар «DT» масъулияти чекланган жамияти иштирокчиси МРҚ судга мурожаат қилиб, «DT» МЧЖ иштирокчиси МРҚга тегишли 53,7 фоиз улушни АДИга сотиш тўғрисидаги 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли шартномани ва жамият иштирокчиларининг 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорини (1-сонли баённома) ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судида ишни кўриш вақтида жавобгар «DT» МЧЖ иштирокчиси Д.А. вакиллари иш ҳужжатларида даъвогар 2017 йил 20 октябрда ўз қўли билан ёзиб берган тилхати мавжудлиги, мазкур тилхатда МРҚ жамият устав жамғармасидаги 1.322.296.004 сўмлик улушини номинал қийматида жавобгарга сотганини, мазкур суммани тўлиқ олганлиги, бу ҳақда 2017 йил 20 октябрдаги 1-сонли шартнома расмийлаштирилганлиги ва таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар Тошкент вилояти Қибрай тумани ягона дарча марказидан ўтказилганлиги ва тасдиқланганлиги, судга оид хатшунослик экспертизасининг 2021 йил 24 мартдаги 198-сонли хулосасига кўра, даъвогар томонидан 2017 йил 20 октябрда ўзига тегишли бўлган жами 1.322.296.004 сўмлик (53,7 фоиз) улушини АДИга сотиб юборилганлиги тўғрисидаги ёзув ва имзо МРҚ томонидан бажарилганлигини аниқланганлиги шунингдек, МРҚ Қибрай туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, АДИдан завод учун пул олганлиги, заводдан айрилиб қолмаслиги учун шунчаки, тилхат ёзиб берганлиги тасдиқлаганлиги ваҳоланки, даъвогарнинг вакиллари томонидан иқтисодий судга 2020 йил 28 октябрда киритилган даъво аризада, МРҚ 2017 йил 20 октябрдаги қарор ва олди-сотди шартнома ҳақида Қибрай тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2020 йил 28 сентябрда олган жавоб хати орқали хабар топганлиги, унгача бундай ҳужжатлар мавжудлигидан бехабар бўлганлиги таъкидлаганлиги бироқ, суд экспертиза хулосаси ва ўзи томонидан берилган кўрсатма тасдиқлаб турибдики, МРҚ 2017 йил 20 октябрдаги ҳужжатлардан тўлиқ хабардор эканлиги инобатга олиб, даъво муддати ўтказиб юборилганлигини сабабли, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига кўра, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкинлиги, бироқ даъвогар томонидан ушбу махсус даъво муддати ўтказиб юборилганлиги сабабли даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома бериб, даъвони рад этишни сўраган.
Шу сабабли биринчи инстанция суди томонидан даъво талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилган ҳолда даъво аризаси рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги «Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» 269-сонли қарорининг 31-бандига кўра, битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабга, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, умумий даъво муддати қўлланилади ҳамда даъво муддати фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 262-сонли қарорининг 20.2-бандига кўра, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 41-моддасининг биринчи қисмига кўра жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Бунда икки ойлик муддат йиғилишда иштирок этган иштирокчи учун қарор қабул қилинган кундан, йиғилишда иштирок этмаган иштирокчи учун эса у қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.
Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарорини қабул қилишда моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилмаганлигини ҳамда уни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
Шу сабабли апелляция инстанцияси суди ҳам ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб тўғри хулосага келган.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда, қуйи инстанция судлари томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилган, шу сабабли уни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ҳамда ИПК 118-моддасига асосан кассация шикояти берилишида олдиндан тўланган суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра, ИПКнинг 118, 197, 301 — 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати, қарор қилади:
Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 майдаги ҳал қилув қарори ҳамда Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 5 августдаги қарори ўзгаришсиз, МРҚ томонидан берилган кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Б. ИСРАЙЛОВ
ҳайъат аъзолари А. АБДУЛЛАЕВ
Р. ХАЙДАРОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 12 декабрь,
4-1102-2003/1048-сон