Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
4-2301-2204/1563-сонли иш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш. Махмудов ва Б. Исрайловдан иборат таркибда, А. Бахшуллоевнинг котиблигида, «NMT» масъулияти чекланган жамияти вакили М.К (2022 йил 7 декабрдаги 583-сонли ишончномага асосан), иштирокчи Т.А.Знинг вакили М.Н (2022 йил 22 ноябрдаги ишончномага ва 2022 йил 12 декабрдаги ордерга асосан)нинг иштирокида, даъвогар «NMT» масъулияти чекланган жамиятининг иштирокчиси Т.А.Знинг жавобгар «NMT» масъулияти чекланган жамиятининг 2021 йил 30 ноябрдаги 8-сонли баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 октябрдаги қарори устидан иштирокчи Д.М.Х томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суд биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Даъвогар «NMT» масъулияти чекланган жамиятининг иштирокчиси Т.А.З судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «NMT» масъулияти чекланган жамиятининг 2021 йил 30 ноябрдаги 8-сонли баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 октябрдаги қарори билан Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун Нукус туманлараро иқтисодий судига юборилган.
Мазкур қарор устидан иштирокчи Д.М.Х томонидан кассация шикояти берилиб, унда қарорни бекор қилиш ва ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, М.Днинг директор этиб тайинлаганидан даъвогар 2021 йил 6 декабрда хабардор бўлганлиги, сабаби даъвогар таъсисчилар сафидан чиқиши тўғрисида 2021 йил 6 декабрда ва 2022 йил 13 майда директор номига ариза берганлиги, биринчи инстанция суди даъво муддати ўтган деб тўғри хулосага келганлиги, апелляция суди таъсисчи М.Д, «R V P» МЧЖ ва «M C L» компаниясини ишга жалб қилинмаганлигини асос қилиб, ишни биринчи инстанция судига юборганлиги, апелляция суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш лозим бўлганлиги, иштирокчилардан бири Англия компанияси бўлиб, бунда Нукус туманлараро иқтисодий суди бу ишни кўришга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.
Суд муҳокамасида иштирок этган «NMT» масъулияти чекланган жамияти вакили кассация шикоятини қўллаб-қувватлаб, биринчи инстанция суди томонидан даъвони рад қилиш тўғрисида қонуний қарор қабул қилинганлигини билдирди.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили апелляция инстанция суди томонидан қонуний қарор қабул қилинганлигини билдириб, қарорни кучида қолдиришни сўради.
Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган иштирокчи М.Д суд муҳокамасида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни аризачи вакилининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз ва кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Биринчи инстанция суди жавобгар ишни кўриш вақтида даъво муддати ўтганлигини билдирганлиги, «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси қонуни 41-моддасининг биринчи қисмида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши, бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкинлиги, агар жамият иштирокчиси шикоятга сабаб бўлган қарорни қабул қилган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этган бўлса, мазкур ариза шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланганлиги, мазкур ҳолатда даъвогарнинг 2021 йил 30 ноябрдаги 8-сонли баённомадан хабари бўлганлиги ишдаги ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги, даъвогар орадан саккиз ой вақт ўтиб судга даъво аризаси берганлигини инобатга олиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни лозим топган.
Апелляция инстанцияси суди эса биринчи инстанция судининг тўхтами билан келишмай, «NMT» МЧЖнинг 2021 йил 25 мартда тасдиқланган Уставига кўра Т.А.З, Д.М.Х, «R V P» МЧЖ ва «M C L» компанияси иштирокчилар бўлиб ҳисобланиши, мазкур ҳолатда даъво талаби иштирокчилар томонидан ўтказилган умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишдан иборат эканлигини инобатга олмасдан, ушбу иштирокчиларни ишга жалб қилиш чорасини кўрмасдан ишни мазмунан кўриб чиқиб процессуал қонун бузилишига йўл қўйилган деб тўхтамга келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» қарорининг 5-бандида битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво бўйича ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида суд битимнинг барча тарафлари ва бошқа манфаатдор шахсларни ишга жалб қилиш масаласини кўриб чиқиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлиши, ушбу Кодекснинг 278-моддасида эса апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.
Юқоридагиларга кўра апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳақида тўғри хулосага келган.
Кассация шикоятидаги М.Днинг директор этиб тайинлаганидан даъвогар 2021 йил 6 декабрда хабардор бўлганлиги, даъвогар таъсисчилар сафидан чиқиш тўғрисида 2021 йил 6 декабрда ва 2022 йил 13 майда директор номига ариза берганлиги, биринчи инстанция суди даъво муддати ўтган деб тўғри хулосага келганлиги, шунга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш лозим бўлганлиги тўғрисидаги важлар билан келишиб бўлмайди.
Сабаби ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандига кўра ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган.
ИПК 32-моддасининг иккинчи қисмига кўра Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари:
тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти — чет эл шахси бўлган ишларни;
чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради.
Мазкур ҳолатда суд томонидан «M C L» компанияси тараф сифатида ишга жалб қилинмаган, шу сабабли судлов ҳайъати кассация шикоятидаги иштирокчилардан бири Англия компанияси эканлиги сабабли ишни Нукус туманлараро иқтисодий суди кўришга ҳақли эмаслиги тўғрисидаги важлар билан ҳам келишмайди. Қолаверса, биринчи инстанция суди ишга чет эл шахсини тараф сифатида жалб қилгандан сўнг ишни тегишли судга ўтказиш имконияти мавжуд.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан аризачи томонидан тўланган суд харажатини унинг зиммасида қолдирилади.
Баён этилганларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Қорақалпоғистон Республикаси суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 октябрдаги қарори ўзгаришсиз, «NMT» масъулияти чекланган жамияти иштирокчиси Д.М.Хнинг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин.
Қарорнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Р. ХАЙДАРОВ
ҳайъат аъзолари: Ш. МАХМУДОВ
Б. ИСРАЙЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 12 декабрь,
4-2301-2204/1563-сон