Сирдарё вилоят судининг
қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — Б. Махмудов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья — А. Рахимов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья — А. Рахимов
Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, А. Рахимов раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар Х. Мамарасулов ва Э. Соибназаровдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Ж. Эгамбердиевнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар вакиллари И.И (2022 йил 22 ноябрдаги 18-сонли ишончномага асосан), Т.Т (2022 йил 15 ноябрдаги 197-сонли ордерга асосан), жавобгар С.С, вакили А.А (2022 йил 23 августдаги 29-сонли ишончномага асосан), жамият вакили B.В (2022 йил 26 сентябрдаги рақамсиз ишончномага асосан) иштирокида, Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 сентябрда қабул қилинган ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар Я.Я.Я томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан биргаликда Сирдарё вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Я.Я.Я (кейинги ўринларда матнда «даъвогар» деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб С.С.Сни (кейинги ўринларда матнда «жавобгар» деб юритилади) «ФФФ» масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда матнда «МЧЖ» деб юритилади) таъсисчилари сафидан чиқаришни сўраган.
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг (кейинги ўринларда матнда «биринчи инстанция суди» деб юритилади) 2022 йил 26 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан 2022 йил 26 сентябрда хусусий ажрим қабул қилиниб, Я.Я.Я, И.И, С.Сларнинг хатти ҳаракатларига (ҳаракатсизликларига) тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун Гулистон шаҳар прокуратурасига юборилган.
Даъвогар судга апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, унда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмаганлигини, жавобгар устав фондидаги улушини шакллантирмаганлик ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилмаганлигини, даъвогар устав фондидаги улушини тўлдириш учун 45 545 000 сўм тўлаган бўлсада, у томонидан фақат 3 200 000 сўм шакллантирилган деб нотўғри хулосага келганлигини, жавобгар номидан устав фондига киритилган 3 200 000 сўм маблағ ҳам даъвогар томонидан тўланганлик ҳолатига тегишли баҳо берилмаганлигини, даъвогар томонидан устав фондини тўлдириш учун киритган кўчмас мулкни жавобгар қасддан жамият ҳисобига олинишига қаршилик қилаётганлиги ҳолатларига ҳам баҳо бермаганлигини, шунингдек, жавобгар МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаб келиб, жамият фаолиятини умуман юрита олмаганлигини, бир неча фермер ҳўжаликларига нисбатан асоссиз даъволар билан судларга мурожаат қилиши оқибатида фермер ҳўжаликлари МЧЖ билан ҳамкорликдан воз кечиб кетганликларини, МЧЖ фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш борасида ҳеч қандай чораларни кўрмаганлигини кўрсатиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Даъвогар вакиллари суд мажлисида тушунтириш бериб, жавобгар МЧЖ устав фондидаги улушини шакллантирмаганлигини, муқаддам жавобгар билан яхши муносабатда бўлган вақтларида уни иш билан таъминлаш учун МЧЖга таъсисчи сифатида киритганлигини, унинг учун ҳам 3 200 000 сўм улушни ўз ҳисобидан тўлаб берганлигини, кейинчалик МЧЖ улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиши учун лицензия олиши мақсадида МЧЖ таъсис ҳужжатларини янги таҳрирда қабул қилиб, устав фонди миқдорини 692 400 000 сўмга кўпайтирганликларини, ўтган вақт давомида даъвогар устав фондидаги улушини 45 545 000 қисми пул кўринишида, 139 967 962 сўм қисмини кўчмас мулк кўринишида киритганлигини, лекин жавобгар ўз улушини киритмаганлигини, шунингдек, жавобгар МЧЖ фаолиятини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, уни ривожлантирмаганлигини, МЧЖга тегишли пул маблағларини ўз билганича, ўзининг манфаатларида ишлатиб келганлигини, бундан ташқари, жавобгар таъсисчилар умумий йиғилишига бир неча бор чақирилсада сабабсиз келмаганлигини, ушбу хатти ҳаракатлари билан жавобгар МЧЖ фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилиб келганлигини, биринчи инстанция суди ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бермасдан даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилганлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрадилар.
Жавобгар ва унинг вакили суд мажлисида кўргазма бериб, апелляция шикоятини асоссиз деб ҳисоблашларини, даъвогарнинг паспорт маълумотларига кўра у 2017 йилнинг 28 сентябрь кунидан 2018 йилнинг 11 август кунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаган, шу боис 2018 йил 3 январда МЧЖнинг устав фондини ошириш бўйича янги таъсис шартномаси ва низомига имзо қўйиш имконияти бўлмаган, ушбу ҳужжатларни сохталаштирилган деб ҳисоблашларини, МЧЖ таъсисчиси даъвогар бўлгани ҳолда 17 800 000 сўм маблағлар у томонидан эмас балки И.И томонидан банк кассасига устав фондини шакллантириш мақсадида деб топширилганлигини, шунингдек, даъвогарнинг вакили МЧЖга норасмий раҳбарлик қилиб келган И.И томонидан МЧЖнинг пул маблағлари ўзининг шахсий манфаатлари йўлида кўп марталаб сарф харажат қилиб келинган бўлиб бу ҳолатлар тегишли далиллар билан ўз исботини топишини, ушбу хатти ҳаракатлари билан даъвогарнинг ўзи МЧЖ фаолиятини юритишга тўсқинлик қилиб келаётганлигини, шу сабабли ҳам биринчи инстанция судида даъвогарни таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисида қарши даъво ариза берганликларини, лекин давлат божи тўланмаганлиги боис қарши даъво аризаси қайтарилганлигини, биринчи инстанция суди барча ҳолатларга тўлиқ аниқлик киритиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилганлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар.
Шунингдек, жавобгар судга илтимоснома тақдим этиб, И.Ининг хатти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун такроран хусусий ажрим чиқаришни сўради.
Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, шикоят важларини текшириб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, шунингдек, жавобгарнинг такроран хусусий ажрим чиқариш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирмасликни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, И.И ва жавобгар томонидан МЧЖ ташкил этилиб, 2016 йил 17 мартда Гулистон шаҳар Ягона дарча марказида 0050-реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2017 йил 3 январдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарори билан И.И МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқиб, даъвогар 3 200 000 сўм улуш билан жамият таъсисчиси сифатида қабул қилинган.
МЧЖнинг 2017 йил 17 февралда Гулистон шаҳар Ягона дарча марказида қайта рўйхатдан ўтказилган янги таҳрирдаги устави ва таъсис шартномасига кўра, жамият устав фонди 6 400 000 сўм этиб белгиланиб, иштирокчилар ўртасида қуйидаги тартибда тақсимланган:
С.С.С 3 200 000 сўм ёки 50 фоиз;
Я.Я.Я. 3 200 000 сўм ёки 50 фоиз.
МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 22 январдаги 2-сонли умумий йиғилиш қарори билан жамият устав фондини 692 400 000 сўмга қадар кўпайтиришга ва таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритишга қарор қилинган.
Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 25 январда жамиятнинг янги таҳрирдаги таъсис шартномаси ва устави 50-реестр рақами билан қайта рўйхатга олинган. Мазкур янги таҳрирдаги таъсис шартномаси ва уставга асосан жамиятнинг устав фонди 609 240 000 сўм белгиланиб, иштирокчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:
С.С.С 346 200 000 сўм ёки 50 фоиз;
Я.Я.Я 346 200 000 сўм ёки 50 фоиз.
МЧЖ уставининг 7.2-бандига кўра устав фондининг 30% жамият рўйхатга олингандан бошлаб бир ой ичида, қолган қисми рўйхатдан ўтган кундан бошлаб бир йил ичида киритилиши лозим бўлган.
Таъсис шартномасининг 3.1-бандида ҳам худди шу мазмундаги шарт ўз аксини топган.
Даъвогар устав фондидаги улушининг 45 545 000 сўм қисмини пул кўринишида, 139 967 962 сўм қисмини эса кўчмас мулк кўринишида киритганлигини важ келтириб ўтган.
Хусусан, даъвогар томонидан биринчи инстанция судига берилган маълумотда 2022 йилнинг апрель ойида «ООО» корхонасига лизинг тўловлари юзасидан 17 545 000 сўм маблағларни устав фондидаги улуши ҳисобидан ўтказганлигини баён қилган.
МЧЖнинг собиқ таъсисчиси И.И МЧЖ раҳбарияти номига 2021 йил 21 сентябрда ариза тақдим этиб, унда устав фондини шакллантириш учун тўлаган 17 800 000 сўм, 3 200 000 сўм МЧЖга ўтказган молиявий ёрдам пули, 7 000 000 сўм «ООО» корхонасига лизинг тўловлари учун ўтказган пул маблағлари жами 28 000 000 сўмни таъсисчи Я.Я.Янинг улуши ҳисобига қабул қилишни сўраган.
Шунингдек, Я.Я.Я устав фондидаги улушини шакллантириш учун қиймати 139 967 962 сўм бўлган кўчмас мулкни киритишга қарор қилган, лекин мазкур кўчмас мулк МЧЖ балансига олинмаган.
Иш ҳужжатлари таркибидаги АТ «XXX» Сирдарё вилояти Амалиёти бўлимининг 2022 йил 14 сентябрь 03/69-сонли маълумотномасида МЧЖ устав фондини шакллантириш учун 2017 йил 10 февралда С.С.С номидан 3 200 000 сўм, Я.Я.Я номидан 3 200 000 сўм, 2019 йил 12 мартда И.И номидан 17 800 000 сўм пул маблағлари кирим қилинганлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, АТ «ЎЎЎ» Сирдарё минтақавий филиалининг 2022 йил 6 сентябрдаги 07/17-2135-сонли маълумотномасида МЧЖ устав фондини шакллантириш учун даъвогар номидан пул маблағлари келиб тушмаганлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунининг 16-моддаси биринчи қисмида «Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга у тўлиқ тўланганидан кейингина йўл қўйилади» деб белгиланган.
Қонунинг 18-моддаси биринчи қисмида «Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият барча иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар қўшиш ҳисобига жамият устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарорида қўшимча ҳиссаларнинг муайян умумий қиймати, жамият ҳар бир иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси қийматининг миқдори, иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссаларни тўлиқ қўшиш муддати белгиланиши керак» деб кўрсатилган.
Қонуннинг 18-моддаси бешинчи қисмида «Қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини ва (ёки) учинчи шахсларнинг ҳиссаларини қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек жамият устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш, қўшимча ҳиссалар қўшган жамият иштирокчилари улушларининг номинал қийматини кўпайтириш ва (ёки) учинчи шахс (учинчи шахслар) улушининг номинал қиймати ва миқдорларини аниқлаш, зарур ҳолларда жамият иштирокчилари улушларининг миқдорлари ўзгариши билан боғлиқ ўзгартишларни жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилиниши керак» деб қайд этилган.
Қонуннинг 18-моддаси олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмларида «Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, агар ҳиссалар қўшишнинг жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддати ўтганидан кейин, белгиланган қўшимча ҳисса бир ёки бир неча иштирокчи томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилган бўлмаса, умумий йиғилиши:
қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини жамият иштирокчиларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушини тегишлича ўзгартириб, амалда қўшилган ҳиссаси миқдорига қадар улар амалда қўшган қўшимча ҳиссаларни ҳисобга олган ҳолда камайтириш тўғрисида;
қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини жамият иштирокчиларининг жамият устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги олдинги йиғилиши қарори билан белгиланган улушларини сақлаб қолиш имкониятини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Бу ҳолда жамият ўн кунлик муддат ичида олдинги йиғилиш қарори билан белгиланган устав фондидаги (устав капиталидаги) жамият иштирокчиларининг улушлари ошиб кетишига олиб келган ўша қўшган пул ҳиссаларини жамият иштирокчиларига қайтариши шарт.
Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган жамият таъсис ҳужжатларидаги ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар, шунингдек жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай тақдим этилмоғи лозим. Таъсис ҳужжатларидаги мазкур ўзгартишлар жамият иштирокчилари ва учинчи шахслар учун ўзгартишлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу модданинг бешинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаган тақдирда ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар барча Иштирокчилар томонидан тўлиқ қўшилмаган ёхуд ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини камайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинмаган тақдирда, жамият устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этилади. Бу ҳолда жамият ўн кунлик муддат ичида жамият иштирокчиларига улар томонидан киритилган қўшимча пул ҳиссаларини қайтариши шарт» деб белгилаб қўйилган.
Гарчи, қайд этилган қонун ҳужжатларига кўра МЧЖнинг устав фондини кўпайтириш юзасидан иштирокчиларнинг қўшимча ҳиссалари киритилганидан сўнг жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим бўлган бўлсада, лекин амалда ушбу тартиб бузилган ҳолда иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссалар киритилмаган ҳолда жамиятнинг таъсис ҳужжатлари қайта рўйхатдан ўтказилган, бундан ташқари, жамият иштирокчилари томонидан МЧЖнинг янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҳам қўшимча ҳиссалар жамиятга киритилмаган ҳамда устав фонди шакллантирилмаган.
Даъвогар даъво талабини жавобгар устав фондини шакллантирмаганлиги ҳолати билан асослаган бўлсада, лекин юқорида қайд этилган қонуннинг 18-моддаси саккизинчи қисмига мувофиқ, иштирокчилар томонидан белгиланган муддатларда устав фондига қўшимча ҳиссалар киритилмаганлиги сабабли, МЧЖнинг устав фондини кўпайтирилиши амалга ошмаган ҳисобланади.
Шу боис, судлов ҳайъати даъвогар айнан ушбу асос билан жавобгарни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқаришни талаб қилишга ҳақли эмас деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, даъвогар жавобгар томонидан МЧЖга раҳбарлик қилган даврида МЧЖ фаолиятини юрита олмаганлиги, корхонанинг зарар кўришига сабабчи бўлганлигини, жамиятга тегишли маблағларни ўз шахсий манфаати йўлида асоссиз сарф харажат қилганлиги, корхона фаолиятини ривожлантирмасдан, янги иш ўринларини яратмаганлиги ҳақидаги важлари ҳам ўринсиздир.
Чунки, жавобгарнинг МЧЖ раҳбари лавозимига номуносиблиги, МЧЖ фаолиятини юрита олмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар у ва МЧЖ ўртасидаги меҳнат муносабатлари билан тартибга солиниши лозим, ушбу ҳолатлар жавобгарнинг жамият иштирокчиси сифатида ўз мажбуриятларини бажармасдан жамият фаолиятига тўсқинлик қилаётган хатти ҳаракат ёки ҳаракатсизлик деб баҳолаш учун қонуний асос бўлмайди.
Шунингдек, даъвогар жавобгар МЧЖ умумий йиғилишларига сабабсиз келмасдан, жамиятнинг фаолият юритишига жиддий тўсқинлик қилиб келаётганлигини важ келтирган.
Бироқ, даъво аризасида жавобгар айнан қайси умумий йиғилишга келмаганлиги, ушбу умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар, жавобгар сабабсиз иштирок этмаганлиги боис жамият умумий йиғилиши томонидан жамият фаолияти билан боғлиқ қандай қарорлар қабул қилинмай қолинганлиги ҳамда бу ҳолат жамият фаолиятига қай даражада таъсир ўтказганлиги баён этилмаган.
Суд мажлисида даъвогар вакиллари ушбу ҳолатга тушунтириш бериб, жавобгар 2022 йил 25 февралда ва 10 июндаги умумий йиғилишларга чақирилган бўлсада лекин келмаганлигини баён қилиб ўтдилар.
Лекин, даъвогар жавобгарнинг жамият иштирокчиларининг ушбу умумий йиғилишларида қатнашмаганлик билан боғлиқ хатти ҳаракатлари жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштирганлигини тегишли далиллар билан тасдиқлаб бера олмадилар.
Ҳолбуки, қайд этилган умумий йиғилишларда жавобгарнинг иштирокисиз кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисмида «Жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар» деб белгиланган.
Жавобгарни жамият иштирокчилари сафидан чиқариш ҳақидаги талаб ўз исботини топмаганлиги сабабли биринчи инстанция суди асосли равишда даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 278-моддасига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича: 1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга; 2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга; 3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга; 4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга; 5) ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
Бинобарин, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда моддий ва процессуал қонунбузилишларига йўл қўйилмаганлигини, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос мавжуд эмаслигини инобатга олиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Шунингдек, судлов ҳайъати ИПК 118-моддасига мувофиқ, даъвогар томонидан апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 24000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.
Шу билан биргаликда судлов ҳайъати жавобгарнинг прокуратура органларига хусусий ажрим чиқариш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирмасликни лозим топади.
Чунки, биринчи инстанция суди томонидан хусусий ажрим чиқарилиб, Гулистон шаҳар прокуратурасига юборилган бўлиб, такроран хусусий ажрим чиқариш учун ҳеч қандай асослар мавжуд эмас.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 68, 118, 169, 278, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Я.Я.Янинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 сентябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажати Я.Я.Я зиммасида қолдирилсин.
Жавобгар С.С.Снинг хусусий ажрим чиқариш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилмасин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарордан норози томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят беришлари мумкин.
Раислик қилувчи А. РАХИМОВ
ҳайъат аъзолари Ҳ. МАМАРАСУЛОВ
Э. СОИБНАЗАРОВ
Гулистон ш.,
2022 йил 23 ноябрь,
4-1201-2204/1973-сон