Тошкент шаҳар судининг
қарори
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Рашидов раислигида, ҳайъат аъзолари Ж. Хусаинов ҳамда М. Эргашевдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси О. Зайниеванинг котиблигида, даъвогар У.В.А.нинг жавобгарлар «KTV» МЧЖ ҳамда К.Ж.А., С.С.Б., И.Б.Х., К.Е.Е., К.Б.Ага нисбатан «KTV» МЧЖнинг 2019 йил 22 июлдаги умумий йиғилиш қарори ва у асосида қабул қилинган таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб, 2019 йил 22 июлдан сўнг қабул қилинган умумий йиғилиш қарорлари, таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, Ж.К., С.С., Б.И., Е.К., Б.К.лардан солидар тартибда 836.830.404 сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 сентябрдаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан даъвогар У.В.А томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга даъвогар вакили И.Я. (2022 йил 23 февралдаги ишончнома ва 2022 йил 14 октябрдаги адвокатлик ордери асосида), жавобгар Ж.К. вакили У.М. (2022 йил 15 июндаги ишончнома ва 2022 йил 16 ноябрдаги адвокатлик ордери асосида), жавобгарлар Ж.К., Е.К., Б.К., С.С.лар вакили А.Д. (2022 йил 15 июндаги ишончнома асосида), Тошкент шаҳар адлия бошқармаси вакили Ш.М. (2022 йил 28 ноябрдаги 2/2530-сонли ишончнома асосида), Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Тошкент шаҳар статистика бошқармаси Статистик регистрларни юритиш бўлими бошлиғи в.б. Ж.М. (гувоҳнома асосида) иштирокида ўз биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
У.В.А. (матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар «KTV» МЧЖ (матнда МЧЖ деб юритилади) ҳамда К.Ж.А., С.С.Б., И.Б.Х., К.Е.Е., К.Б.Ага нисбатан «KTV» МЧЖнинг 2019 йил 22 июлдаги умумий йиғилиш қарори ва у асосида қабул қилинган таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб, 2019 йил 22 июлдан сўнг қабул қилинган умумий йиғилиш қарорлари, таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, Ж.К., С.С., Б.И., Е.К., Б.К.лардан солидар тартибда 836.830.404 сўм маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Суднинг 2022 йил 11 августдаги ажрими билан Давлат хизматлар агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (ҳозирда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси) низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этиш учун жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 15 сентябрдаги ажрими билан иш бўйича иш юритиш тугатилган.
Даъвогар мазкур ажримдан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Шикоятда биринчи инстанция суди томонидан Давлат хизматлар агентлиги Яккасарой туман давлат хизматлари марказининг 2020 йил 3 мартдаги 001509-04-сонли маълумотномасида «KTV» МЧЖ тугаганлиги сабабли давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 3-бандида реестр Давлат хизматлари марказлари томонидан шакллантирилиши ва юритилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, МЧЖ тугатилганлиги сабабли ИПК 110-моддасининг 4-бандига иш юритиш нотўғри тугатилганлиги, Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz сайтида МЧЖнинг тугатилганлиги ҳақида ёзув мавжуд эмаслиги, статистика органининг registr.stat.uz сайтида МЧЖ фаоллик ҳолати рукнида «фаолият кўрсатмаётган» мақомда турганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 сентябрдаги 274-сонли қарори (мазкур қарор 2022 йил 29 сентябрда ўз кучини йўқотган) билан тасдиқланган «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисида Низом»нинг 13-бандида корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий органлари томонидан юритилиши белгиланганлиги маълум қилиниб, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиш сўралган.
Суд мажлисида даъвогар вакили апелляция шикоятида келтирилган важларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, my.gov.uz ва stat.uz сайтларидан кўчирма маълумотни тақдим қилиб, «KTV» МЧЖ тугатилмаганлиги маълум қилиб, бугунги кунда юридик шахсларнинг ягона давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан юритилишини маълум қилиб, апелляция шикоятини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар Ж.К. вакили апелляция шикоятига нисбатан эътироз билдириб, МЧЖ тугатилиб, давлат реестридан чиқарилганлиги сабабли биринчи инстанция суди томонидан асосли равишда иш юритиш тугатилганлигини маълум қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Жавобгарлар Ж.К., Е.К., Б.К., С.С.лар вакили ҳам апелляция шикоятига нисбатан эътироз билдириб, биринчи инстанция судига даъво муддатини қўллаш юзасидан ариза тақдим қилинганлиги, МЧЖ тугатилиб, давлат реестридан чиқарилганлиги сабабли биринчи инстанция суди томонидан асосли равишда иш юритиш тугатилганлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги Низом» тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни ихтиёрий тугатиш ва тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатиш тартибини белгилаши, мазкур Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида Низом» рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларини ягона давлат реестрини юритиш ҳамда ундаги мавжуд маълумотларни жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини белгилаши, ушбу реестр 2017 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилганлиги ва Давлат хизматлари марказлари томонидан шакллантирилиши ва юритилиши, МЧЖ аввал Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан 2005 йил 31 октябрь куни 001509-04-сонли реестр билан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, МЧЖ 2019 йил 31 декабрдаги ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорини Яккасарой тумани Давлат хизматлари марказига топширилганлиги ва мазкур жамият қарорига асосан марказ томонидан 2020 йил 3 январда ихтиёрий тугатиш жараёни бошланганлиги ҳамда МЧЖ 2020 йил 3 март куни 001509-04-сон билан давлат реестридан чиқарилганлиги, бу ҳақида идоралараро электрон ҳужжатлар алмашинуви бўлмаганлиги сабабли Яккасарой тумани статистика бўлими, Яккасарой тумани ДСИ, «Халқ банки» Яккасарой филиалига маълумот хати юборилганлиги, registr.stat.uz сайтидаги МЧЖнинг «фаолият кўрсатмаётган»лиги ҳақидаги маълумот нима учун ўзгартирилмаганлигидан хабари йўқлигини, тадбиркорлик субъектларини ягона давлат реестри Давлат хизматлари марказлари томонидан шакллантирилиши ва юритилиши, ҳозирда мазкур реестрни new.birdarcha.uz сайти орқали ишга тушириш ишлари кетаётганлигини маълум қилиб, судга Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг ёзма маълумотномаси ва МЧЖни тугатиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Тошкент шаҳар статистика бошқармаси Статистик регистрларни юритиш бўлими бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 539-сонли қарори билан тасдиқланган «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги Низом»га асосан юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан тақдим этилиши ҳамда Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР)га киритилиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари томонидан юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш ишлари fo.birdarcha.uz сайти орқали амалга оширилиши, ўз навбатида, ушбу юридик шахсларнинг маълумотлари агентлик маълумотлар базаси билан автоматик тарзда интеграциялашган тизим орқали Давлат статистика қўмитасининг registr.stat.uz идоравий сайтида акс этиб борилиши, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотларининг фаолиятини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш ва маълумот алмашиш тизими амалиётга жорий этилаётганлигини маълум қилди.
Судлов ҳайъати суд мажлисида иштирок этган шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, даъвогарнинг апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.
Даъвогар даъво аризасида МЧЖнинг 2019 йил 22 июлдаги умумий йиғилиш қарори ва у асосида қабул қилинган таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб, 2019 йил 22 июлдан сўнг қабул қилинган умумий йиғилиш қарорлари, таъсис ҳужжатлари, шартномалар, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Бироқ, иш ҳужжатларида Давлат хизматлар агентлиги Яккасарой туман давлат хизматлари марказининг Яккасарой туманида жойлашган юридик шахсларнинг реестр китобига 2020 йил 3 мартдаги 001509-04-реестр тартиб рақами билан «KTV» МЧЖ қўшма корхонаси тугаганлиги сабабли давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотномаси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (матнда ФК деб юритилади) 41-моддасининг иккинчи қисмига асосан, юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади (ушбу Кодекс 44-моддасининг тўртинчи қисми) ва уни тугатиш якунланган пайтдан эътиборан тугатилади (ушбу Кодекс 55-моддасининг ўнинчи қисми).
ФК 55-моддасининг ўн иккинчи қисмига асосан, юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тамомланган, юридик шахснинг фаолияти эса тугаган ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда МЧЖ тугатилганлиги, мавжуд эмаслиги сабабли унинг иштирокчилари (таъсисчилари) ўртасидаги, МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиш қарорлари билан боғлиқ низони кўриб чиқиш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли қарорининг 17-бандига кўра, акциядорлик жамиятининг бошқарув органлари (умумий йиғилиш, кузатув кенгаши, ижроия органи) қарорларини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгар бўлиб ушбу бошқарув органлари эмас, балки жамиятнинг ўзи ҳисобланади. Даъво аризасида жавобгар сифатида муайян бошқарув органи кўрсатилганлиги даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ёхуд ИПКнинг 45-моддасида белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда жавобгарни алмаштириш учун асос бўлади.
Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг бошқарув органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида берилган даъво аризаларини иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳам худди шу тартибда ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади)нинг 110-моддасининг 4-бандига асосан, ишда тараф ҳисобланган юридик шахс тугатилган бўлса суд иш юритишни тугатади.
Шунингдек, даъво аризасида даъвогар жавобгарлар Ж.К., С.С., Б.И., Е.К., Б.К.лардан солидар тартибда 836.830.404 сўм маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Ушбу ҳолатда МЧЖ тугатилганлиги, маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ талаб фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлиши сабабли ушбу талаб бўйича ҳам иш юритиш тугатилиши лозим.
ИПКнинг 110-моддаси 1-бандига асосан, иш судга тааллуқли бўлмаса суд иш юритишни тугатади.
Шу сабабли судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг иш бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги якуний хулосаси билан келишади.
Даъвогар апелляция шикоятида ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz сайтида МЧЖнинг тугатилганлиги ҳақида ёзув мавжуд эмаслиги, статистика органининг registr.stat.uz сайтида МЧЖ фаоллик ҳолати рукнида «фаолият кўрсатмаётган» мақомда турганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 сентябрдаги 274-сонли қарори (мазкур қарор 2022 йил 29 сентябрда ўз кучини йўқотган) билан тасдиқланган «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисида Низом»нинг 13-бандида корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий органлари томонидан юритилиши белгиланганлиги ҳақида важ келтирган.
Ушбу важларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 21 ноябрдаги ажрим билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Давлат хизматлари агентлиги) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасидан тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш масаласида малакали мутахассис ходимлар ишда иштирок этиш учун жалб қилинган ва мутахассисларга МЧЖнинг ҳозирда тугатилмаганлиги ёки тугатилиб, давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисидаги аниқ маълумотни судга тақдим этиш, Давлат хизматлар агентлиги Яккасарой туман давлат хизматлари марказининг 2020 йил 3 мартдаги 001509-04-сонли маълумотномасида «KTV» МЧЖ тугаганлиги сабабли давлат реестридан чиқарилганлиги маълум қилинган бўлсада, нима учун Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрида (КТЯДР) stat.uz сайтида «KTV» МЧЖ фаоллик ҳолати рукнида «фаолият кўрсатмаётган» мақомида турганлигига аниқлик киритиб, ёзма тушунтиришлар билан суд мажлисида иштирок этиш вазифаси юклатилган.
Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг 2022 йил 29 ноябрдаги маълумотномасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги Низом» тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни ихтиёрий тугатиш ва тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатиш тартибини белгилаши, мазкур Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида Низом» рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларини ягона давлат реестрини юритиш ҳамда ундаги мавжуд маълумотларни жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини белгилаши, ушбу реестр 2017 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилганлиги ва Давлат хизматлари марказлари томонидан шакллантирилиши ва юритилиши, МЧЖ аввал Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан 2005 йил 31 октябрь куни 001509-04-сонли реестр билан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, МЧЖ 2019 йил 31 декабрдаги ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорини Яккасарой тумани Давлат хизматлари марказига топширилганлиги ва мазкур жамият қарорига асосан марказ томонидан 2020 йил 3 январда ихтиёрий тугатиш жараёни бошланганлиги ҳамда МЧЖ 2020 йил 3 март куни 001509-04-сон билан давлат реестридан чиқарилганлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Тошкент шаҳар статистика бошқармаси Статистик регистрларни юритиш бўлими бошлиғи томонидан судга тақдим этилган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 539-сонли қарори билан тасдиқланган «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги Низом»га асосан юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан тақдим этилиши ҳамда Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР)га киритилиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари томонидан юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш ишлари fo.birdarcha.uz сайти орқали амалга оширилиши, ўз навбатида, ушбу юридик шахсларнинг маълумотлари агентлик маълумотлар базаси билан автоматик тарзда интеграциялашган тизим орқали Давлат статистика қўмитасининг registr.stat.uz идоравий сайтида акс этиб борилиши, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотларининг фаолиятини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш ва маълумот алмашиш тизими амалиётга жорий этилаётганлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 539-сонли қарори билан тасдиқланган «Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги Низом»нинг 1-бандига асосан, ушбу Низом «Расмий статистика тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрининг (кейинги ўринларда — КТЯДР) ахборот фондини ташкил этиш ҳамда юритиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом 3-бандининг учинчи хатбошисига кўра, рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органларидан олинган юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва сақлаш, шунингдек, уларни давлат бошқаруви органларига ва бошқа фойдаланувчиларга белгиланган тартибда тақдим этиш КТЯДРни юритишнинг мақсади ҳисобланади.
Мазкур Низом 8-бандининг «г» кичик бандига асосан, КТЯДРни юритиш юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги ёки қайта ташкил этилган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисидаги ёзувларни киритишда маълумотларнинг электрон базасига тегишли ёзувни киритишни ўз ичига олади.
Ушбу Низомнинг 9-бандига асосан, КТЯДРни юритиш учун:
рўйхатдан ўтказган органлардан тушадиган маълумотлардан;
статистика кузатувларини амалга оширишда олинган статистика маълумотларидан;
солиқ ва бошқа давлат органларининг регистрларидан ҳамда маълумотлар ахборот базаларидан фойдаланилади.
Бундан кўриниб турибдики, даъвогар апелляция шикоятида статистика органининг registr.stat.uz сайтида МЧЖ фаоллик ҳолати рукнида «фаолият кўрсатмаётган» мақомда турганлиги ҳақида важ келтирган бўлсада, статистика органи томонидан рўйхатдан ўтказган орган бўлган Давлат хизматлари марказидан олинган бирламчи маълумот, яъни МЧЖнинг тугатилганлиги тўғрисидаги маълумот КТЯДРга киритилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида Низом»нинг 1-бандига асосан, ушбу Низом рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрини (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) юритиш ҳамда ундаги мавжуд маълумотларни жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низомнинг 2-бандига асосан, Реестр тадбиркорлик субъектларини — юридик шахсларни тузиш, қайта ташкил этиш, тугатиш тўғрисидаги, жисмоний шахслар томонидан якка тартибдаги тадбиркор мақоми олингани, жисмоний шахсларнинг якка тартибдаги тадбиркорлар сифатидаги фаолиятларини тўхтатиб туришлари ва тугатишлари тўғрисидаги асосий маълумотларни ҳамда бошқа маълумотларни ўз ичига олган, ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган давлат электрон ахборот ресурсидир.
Ушбу Низомнинг 3-бандига кўра, Реестр Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда рўйхатдан ўтказувчи органлар деб аталади) томонидан шакллантирилади ва юритилади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, my.gov.uz сайтида МЧЖнинг тугатилганлиги ҳақида ёзув мавжуд бўлмасада, статистика органининг registr.stat.uz сайтида МЧЖ фаоллик ҳолати рукнида «фаолият кўрсатмаётган» мақомда турган бўлсада, рўйхатдан ўтказувчи орган ҳисобланган Давлат хизматлари маркази томонидан берилган бирламчи маълумотга кўра, МЧЖ тугатилганлиги сабабли 2020 йил 3 март куни 001509-04-сон билан давлат реестридан чиқарилган.
Реестр my.gov.uz ёки registr.stat.uz сайтлари орқали юритилмайди.
Мазкур ҳолатда юқоридаги қонунчилик ҳужжатларига асосан, рўйхатдан ўтказувчи орган ҳисобланган Давлат хизматлари марказининг (ҳозирда адлия органлари таркибида) МЧЖнинг тугатилганлиги ҳақидаги маълумоти мақбул далил ҳисобланади.
Юқоридагиларга асосан, биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида тўғри хулосага келинган.
ИПКнинг 281-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) қарорни, ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) қарорни, ажримни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга;
3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция судининг ажрими моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари асосида қабул қилинган ҳамда уни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ, агар иш судга тааллуқли бўлмаса, ишни юритиш тугатилганда, 13-бандига асосан, агар ишда иштирок этаётган юридик шахс тугатилган бўлса давлат божи қайтарилиши керак.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдиришни, биринчи инстанция суди учун тўланган давлат божи суммаси қайтарилмаганлиги сабабли уни даъвогарга қайтаришни белгилашни, апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган давлат божи суммасини даъвогарга қайтариш тўғрисида маълумотнома беришни, олдиндан тўланган почта харажатларини эса даъвогарнинг зиммасида қолдиришни лозим топади.
Бинобарин, ИПКнинг 118, 262, 280-281-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати таркиби қарор қилди:
У.В.А.нинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 15 сентябрдаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилсин.
Биринчи инстанция суди учун олдиндан тўланган 8.100.000 сўм давлат божи суммаси Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан «HBKA» адвокатлик бюросига қонунда белгиланган тартибда қайтарилсин.
Апелляция шикояти учун олдиндан тўланган 4.050.000 сўм давлат божи суммасини У.В.А.га қайтариш тўғрисида маълумотнома берилсин.
Ишни апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш билан боғлиқ олдиндан тўланган почта харажатлари У.В.А.нинг зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир йил ичида кассация шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи Р. РАШИДОВ
ҳайъат аъзолари Ж. ХУСАИНОВ
М. ЭРГАШЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 30 ноябрь,
4-1001-2206/8435-сон