Тошкент шаҳар судининг
Қарори
(апелляция инстанцияси суди)
(апелляция инстанцияси суди)
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати А. Нарзуллаев раислигида, ҳайъат аъзолари Б. Кеунимжаева ва А. Мамараимовдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Ш. Манноновнинг котиблигида, даъвогар А.Д, вакили У.М (ордер асосида), жавобгар вакиллари М. И, Н. И (ишончнома асосида) иштирокида, даъвогар Д. А.нинг жавобгар П АЖга нисбатан П АЖ Бошқарувининг 18.07.2019 йилдаги «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли қарорини у қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиш, П АЖ Бошқарувининг 18.07.2019 йилдаги 40/1-сонли қарорининг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб, қарор асосида тасдиқланган барча низомлар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмас деб топилган қарор ва ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда бекор қилинганлиги ҳақида даъвогарга хабар бериш мажбуриятини жавобгарга юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 13 сентябрдаги ҳал қилув қарори устидан Д.А. томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга ўз биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 29.12.2018 йилда 84-сон билан рўйхатга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 13.10.2018 йилдаги 1481-сонли қарорига 3-илова билан тасдиқланган П АЖ (матнда жавобгар, Банк деб юритилади) Устави (бундан буён матнда Устав деб юритилади)нинг 1.2-бандига асосан жавобгарнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли акциядорлик жамияти ҳисобланади.
Уставнинг 10.1-бандига асосан Банк Бошқарув органлари:
акциядорларнинг умумий йиғилиши;
Банк Кенгаши;
Банк Бошқаруви ҳисобланади.
Д.А (матнда даъвогар деб юритилади) 2018 йилнинг 17 октябридан бошлаб Банкнинг ташкил этиш бўйича ташаббускор гуруҳ таркибида фаолият юритиб келган.
2019 йил 18 июлда Банкнинг Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори қабул қилинган.
Даъвогар Д.А жавобгар П АЖга нисбатан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2018 йилнинг 17 октябридан бошлаб П АЖни ташкил этиш бўйича ташаббускор гуруҳ таркибида фаолият бошлаб, банкнинг юридик хизмат раҳбари сифатида 2020 йилнинг 14 сентябрь ойига қадар ўз фаолиятини давом эттирганлиги, ушбу давр ичида банкнинг бошқарув аъзоси ҳисобланганлиги, 2019 йил 18 июлда Банкнинг Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори қабул қилинганлиги, ушбу Қарор Бошқарув аъзолари М.Т, Б.А, Д.К ва У.Юлар томонидан имзоланганлиги, бироқ Банкнинг Уставида Бошқарув аъзолари 7 кишидан иборат бўлиши белгиланганлиги, Банк Кузатув Кенгашининг 2019 йил 21 январдаги 5-сонли баённома 1-иловаси билан тасдиқланган П АЖ Бошқаруви тўғрисидаги Низомнинг 2.11-бандида Банк Бошқаруви 7 нафар аъзодан иборат бўлиши ва акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари, Банк Кенгаши ваколатларига киритилган масалалардан ташқари барча масалаларни кўриб чиқиш ваколатига эга эканлиги белгиланганлиги, ушбу Низомнинг 6.2-бандига асосан Банк Бошқаруви унинг кун тартибига киритилган масалаларни, агар мажлисда Бошқарув аъзоларининг 50 фоизидан ортиқ қисми қатнашса, ҳал қилишга ҳақлилиги белгиланганлиги, бироқ 2019 йил 18 июлда Банк Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори кворум бўлмаган ҳолда тасдиқланганлиги, яъни унда иштирок этган У.Ю Кузатув Кенгаши мажлисининг 2019 йил 16 июлдаги 19-сонли мажлис баённомаси (қарори) билан Бошқарув аъзоларининг таркибидан чиқарилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, шундай бўлса-да, У.Ю томонидан 2019 йил 18 июлдаги Бошқарув қарорига имзо қўйилганлиги, ушбу ҳолатда П АЖ Бошқарувининг 18.07.2019 йилдаги «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори кворум бўлмаган бўлса-да, сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) ҳолда расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги важларни келтириб, низоли Қарорни у қабул қилинган вақтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топишни ва ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаб, мазкур Қарор асосида тасдиқланган барча Низомлар, Йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмас деб топилган қарор ва ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда бекор қилинганлиги ҳақида даъвогарга хабар бериш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 13 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Апелляция шикоятида биринчи инстанция суди томонидан иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори Банкнинг Устави ва Низомларига зид равишда қабул қилинганлиги, ушбу Қарор қабул қилинганда Банк Бошқаруви аъзолари тўлиқ бўлмаганлиги ва кворум бўлмаганлиги, шунингдек ушбу Қарор қабул қилингунга қадар У.Ю Кузатув Кенгаши мажлисининг 2019 йил 16 июлдаги 19-сонли баённомаси (қарори) Билан бошқарув аъзоларининг таркибидан чиқарилганлиги ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, аммо У.Ю 2019 йил 18 июлда бошқарув мажлисида қатнашганлиги ва имзо қўйганлиги, бу ҳолатга эса суд баҳо бермаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар А.Д апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, биринчи инстанция суди томонидан иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, 2019 йил 18 июлда Банк Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори қабул қилинганлиги, ушбу Қарор Бошқарув аъзолари М.Т, Б.А, Д.К ва У.Ю томонидан имзоланганлиги, бироқ Банкнинг Уставида банк бошқаруви аъзолари 7 кишидан иборат бўлиши белгиланганлиги, Банк Кузатув Кенгашининг 2019 йил 21 январдаги 5-сонли баённомаси 1-иловаси билан тасдиқланган П АЖнинг Бошқаруви тўғрисидаги Низомнинг 2.11-бандида Банк Бошқаруви 7 нафар аъзодан иборат бўлиши ва акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари, Банк Кенгаши ваколатларига киритилган масалалардан ташқари барча масалаларни кўриб чиқиш ваколатига эга эканлиги белгиланганлиги, ушбу Низомнинг 6.2-бандига асосан Банк Бошқаруви унинг кун тартибига киритилган масалаларни, агар мажлисда бошқарув аъзоларининг 50 фоизидан ортиқ қисми қатнашса, ҳал қилишга ҳақлилиги белгиланганлиги, бироқ 2019 йил 18 июлда Банк Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори кворум бўлмаган ҳолда тасдиқланганлиги, яъни унда иштирок этган У.Ю Кузатув Кенгаши мажлисининг 2019 йил 16 июлдаги 19-сонли мажлис баённомаси қарори билан Бошқарув аъзоларининг таркибидан чиқарилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса-да, У.Ю томонидан 2019 йил 18 июлдаги Бошқарув қарорига имзо қўйилганлиги, жавобгарнинг эътирозномасида Кузатув Кенгашининг аъзоси ҳисобланган Т.М ва Р.А ўша вақтда ушбу Кенгаш аъзоси бўлмаганлиги, бу ҳақида Кузатув Кенгашига билдирги киритилганлиги ҳақида асос келтирилганлиги, бироқ Кузатув Кенгаши томонидан уларни бошқарув аъзолигидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинмаганлиги, шу боис жавобгар томонидан билдирги кўринишида тақдим қилинган (2019 йил 10 июндаги) ҳужжатни аслини талаб қилиб олишни ва ушбу ҳужжатга оид кимёвий, техникавий, хатшунослик толашунослик ва генетик экспертиза тайинлашни ва экспертлар олдига мазкур ҳужжатнинг яратилган вақти қачон эканлиги, ҳужжатнинг яратилган вақти унда акс эттирилган сана билан мос келиши ёки келмаслиги, мазкур ҳужжатнинг тайёрланиш усулига баҳо берилиб, техник хусусиятлари ўрганилиб, принтер сиёҳи ва қоғоз трассологиясининг эскириш ва кимёвий реакцияга киришиш кўрсаткичларига кўра ҳужжатнинг тайёрланган вақти ва усулини аниқлаш, кимёвий кўрсаткичлар бўйича ҳужжатнинг тайёрланган вақтини аниқлаш, ҳужжатда қолдирилган излар бўйича генетик ва толаларга оид экспертиза орқали ҳужжатга таъсир ўтказган шахсларга оид маълумотларни аниқлаш, ҳужжатда инсон қўли билан ёзилган ёзув элементлар бўлса, унинг ким томонидан ёзилганлигини аниқлаш ҳақида савол қўйишни ҳамда суд муҳокамасига Кузатув Кенгаши раиси бўлган Л.Н.И чақиртиришни, шунингдек жавобгар томонидан судга тақдим этилган тергов органи қарорини ва аудит хулосасини далиллар йиғиндисидан чиқаришни ҳамда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили адвокат У.М апелляция шикояти ва даъвогарнинг важларини қўллаб-қувватлаб, даъвогарнинг илтимосномаларини ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакили М.И судга ёзма эътирозномасини ҳамда «o» сайтидан олинган маълумотларни тақдим қилиб, ушбу сайтдаги маълумотлар очиқ маълумот эканлиги, бу маълумотларни бутун дунё бўйича олиш мумкинлиги, Ушбу маълумотларга кўра 30.04.2019 йилда Банк Бошқаруви раиси Қ.А, Бошқарув раиси ўринбосари У.А, бош ҳисобчи У.Ю, юридик хизматлар департаменти директори А.Д эканлиги, 12.06.2019 йилда Бошқарув раиси М.Т, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори У.Ю, юридик хизмати департаменти директори А.Д, Бошқарув раиси ўринбосари ва вазифасини вақтинча бажарувчи Дж.К эканлиги кўрсатилганлиги, ушбу маълумотлар ўзгартирилмаслиги, 2019 йил 18 июль ҳолатига Банк Бошқаруви аъзолари М.Т, Б.А, Д.Қ, У.Ю бўлганлиги, У.Ю билан меҳнат шартномаси бекор бўлишидан олдин Қарор лойиҳалари У.Ю томонидан кўриб чиқилганлиги ва маъқулланганлиги, чунки ушбу Қарор қабул қилинишидан олдин муҳокама қилинганлиги ва ундан сўнг Қарор қабул қилинганлиги, У.Ю томонидан ушбу вақтда имзоланган шартнома ва буйруқларни топиш имкони бўлмаганлигини маълум қилиб, даъвогарнинг илтимосномаларини ҳамда апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакили Н.И М.Ининг фикрини қўллаб-қувватлаб, даъвогарнинг илтимосномаларини ҳамда апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан даъвогарнинг илтимосномаларини ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни ва суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади) 30-моддаси биринчи қисмининг 7-бандида юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар, корпоратив низолар ҳисобланиши, ушбу модда иккинчи қисмида эса, қонунга мувофиқ корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин, деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 29.12.2018 йилда 84-сон билан рўйхатга олинган, Тошкент шаҳар ҳокимининг 13.10.2018 йилдаги 1481-сонли қарорига 3-илова билан тасдиқланган П АЖ Уставининг 1.1-бандига асосан жавобгарнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли акциядорлик жамияти ҳисобланади.
Уставнинг 10.1-бандига асосан Банк бошқарув органлари:
акциядорларнинг умумий йиғилиши;
Банк Кенгаши;
Банк Бошқаруви ҳисобланади.
Уставнинг 6.2-бандида «Бошқарувнинг мутлақ ваколатига кирадиган масалалар коллегиал тартибда ҳал қилинади. Банк Бошқаруви унинг кун тартибига киритилган масалаларни, агар мажлисда Бошқарув аъзоларининг 50 фоизидан ортиқ қисми қатнашса, ҳал қилишга ҳақлидир», деб, Уставнинг 10.34-бандида «Банк Бошқаруви 7 кишидан иборат бўлиб, бир йил муддатга сайланадилар (тайинланадилар)» деб, жавобгар Кузатув Кенгаши томонидан 21.01.2019 йилда 5-сонли Баённома 1-иловаси билан тасдиқланган П акциядорлик жамияти Бошқаруви тўғрисида»ги Низомнинг 2.11-бандида «Банк Бошқаруви 7 нафар аъзодан иборат бўлиб, акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари ва Банк Кенгаши ваколатларига киритилган масалалардан ташқари барча масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга», деб белгиланган.
Мазкур Низомнинг 6.3-бандида эса «Банк Бошқарувининг мажлисида қарорлар мажлисда қатнашаётган Бошқарув аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Банк Бошқаруви раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади», деб белгиланган.
Аниқланишича, 2019 йил 18 июлда П АЖнинг бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори қабул қилинган.
Ушбу Қарорни қабул қилиш учун Банк Бошқаруви аъзолари М.Т, Б.А, Д.К ва У.Ю овоз берган.
Даъвогар низоли Қарор юқорида келтирилган талабларга зид равишда қабул қилинганлиги, Қарор 7 нафардан иборат Банк Бошқаруви аъзоларидан 4 нафари томонидан имзоланганлиги, ушбу йиғилишда кворум етарли бўлмаганлиги, низоли Қарорни бошқарув аъзоларидан бири жавобгарнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори У.Ю ҳам имзолаган бўлсада, аммо у жавобгар Кузатув Кенгаши мажлисининг 16.07.2019 йилдаги 19-сонли баённомаси билан ишдан бўшатилганлиги, низоли Қарор эса 18.07.2019 йилда қабул қилинганлиги, жавобгар сунъий равишда кворум ташкил қилиш мақсадида У.Юнинг имзосини олиш ва сохталаштиришга эришганлиги, бу ҳолатда унинг иштироки ноқонунийлигини билдириб, низоли Қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, жавобгарга низоли Қарор асосида қабул қилинган барча қарор ва бошқа ҳужжатларни бекор қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Жавобгар томонидан «о» сайтидан олинган маълумотларга кўра Бошқарув аъзолари 30.04.2019 йилда Бошқарув раиси Қ.А, Бошқарув раиси ўринбосари У.А, бош бухгалтер У.Ю, юридик хизматлар департаменти директори А.Д эканлиги, 12.06.2019 йилда Бошқарув раиси М.Т, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори У.Ю, юридик хизмати департаменти директори А.Д, Бошқарув раиси ўринбосари ва вазифасини вақтинча бажарувчи Д.К эканлиги кўрсатилган.
П АЖ Кузатув Кенгаши раиси Л.И банк бошқаруви раиси М.Т томонидан йўлланган хат (2019 йил 10 июнда Кузатув Кенгаши раиси томонидан қабул қилиб олинган)га кўра, Банк очиш учун дастлабки рухсатномани олиш учун Банк Кузатуви кенгашининг 2018 йил 9 ноябрдаги 2-сонли баённомага асосан Банк Бошқарувига аъзо қилиб олинган А.Р ва Россия фуқароси М.Т бошқарув фаолиятида иштирок этмаганлиги боис уларга устамалар тўланмаганлиги ҳамда Ғазначилик ва стратегик ривожлантириш департаменти директори-мижозларни жалб қилиш бўлими бошлиғи А.Р билан Банк Бошқарувининг 2019 йил 31 майдаги 80 ш/т-сонли хати буйруғига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, шунингдек Россия фуқароси М.Т билан Банк ўртасида 2019 йил 10 апрелда тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битим 2019 йил 6 июнда бекор қилинганлиги маълум қилиниб, А.Р.А ва Россия фуқароси М.Т Бошқарув таркиби аъзоси сифатида фаолият юритмаганлигини инобатга олишни сўраган.
2019 йил 18 июлда П АЖнинг Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори Бошқарув аъзоларининг мавжуд кворуми бўйича кўриб чиқилиб тасдиқланган. У.Ю эса ушбу Қарорнинг лойиҳасини тузишда бевосита иштирок этган.
Бундан ташқари, даъвогар томонидан ҳақиқий эмас деб топиш
сўралаётган қарор асосида тасдиқланган Низомларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 29.11.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантириши рад қилинган. Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 15.02.2022 йилдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур ҳолатда, биринчи инстанция суди Пойтахт банк» АЖнинг Бошқарув органи томонидан «Банкнинг таркибий тузилмаларининг янги таҳрирдаги Низоми ва лавозим мажбуриятларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 40/1-сонли Қарори сохталаштирилганлиги ҳолатлари мавжуд эмаслиги, ушбу қарорни қабул қилишда Банк Бошқаруви мажлисида кворум мавжудлигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво талабини асоссиз деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида асосли хулосага келган.
Судлов ҳайъати даъвогарнинг жавобгар томонидан судга тақдим этилган тергов органи қарорини ва аудит хулосасини далиллар йиғиндисидан чиқариш, билдирги кўринишида тақдим қилинган (2019 йил 10 июндаги) ҳужжатни аслини талаб қилиб олиш ва ушбу ҳужжатга оид кимёвий, техникавий, хатшунослик толашунослик ва генетик экспертизасини тайинлаш ҳамда суд муҳокамасига гувоҳ сифатида кузатув кенгаши раиси бўлган Л.Н.И чақиртириш тўғрисидаги илтимосномаларини ўрганиб чиқиб, билдирги кўринишидаги ҳужжатда Бошқарув аъзолари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги маълум қилинганлиги, Банкнинг ишончли вакиллари суд муҳокамасида қатнашаётганлигини инобатга олиб, Кузатув кенгаши раисини суд муҳокамасига чақиртиришга ва хатшунослик экспертизасини тайинлашга зарурат йўқ деб ҳисоблаб, даъвогарнинг ушбу илтимосномаларини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятида кўрсатилган даъвогарнинг барча важларини асоссиз деб топиб, ушбу важлар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди деб ҳисоблайди.
ИПКнинг 118-моддасига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
ИПКнинг 279-моддасига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Мазкур ҳолатда ҳал қилув қарори моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ мос келади, иш ҳужжатлари суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ келади, шу боис ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас.
Қайд қилинганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, даъвогар томонидан олдиндан тўланган давлат божи ва почта харажатини зиммасида қолдиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 169, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Даъвогар Д. Анинг илтимосномаларини ҳамда апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 13 сентябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Даъвогар Д.А томонидан апелляция шикояти бўйича олдиндан тўланган суд харажатлари инобатга олиниб, зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Раислик қилувчи, судья А. НАРЗУЛЛАЕВ
Ҳайъат аъзолари, судьялар: А. МАМАРАИМОВ
Б. КЕУНИМЖАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 24 ноябрь,
4-1001-2210/35635-сон