Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Хайдаровнинг раислигида, судьялар А. Абдуллаев ва Б. Исрайловдан иборат таркибда, А. Бахшуллоевнинг котиблигида, «ААА» компанияси вакили Ш.К. (2022 йил 12 майдаги ишончнома ва 2022 йил 5 августдаги 140-сонли ордер асосида), «КГ» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси вакили М.К. (2022 йил 2 ноябрдаги 131-сонли ордер ва 2022 йил 26 июлдаги 2-сонли ишончнома асосида), А.Р. (2022 йил 26 июлдаги ишончномага асосан) ва О.У. (бош директор), «УНЗ» акциядорлик жамияти вакили А.А. (2022 йил 12 сентябрдаги 01-12/2-49-сонли ишончнома асосида) ва Т.Ю. (2022 йил 12 сентябрдаги 01-12/2-50-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар «ААА» компаниясининг жавобгар «КГ» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасига нисбатан «КГ» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси иштирокчиларининг баённома билан расмийлаштирилган умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2022 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Даъвогар «ААА» компанияси (бундан буён матнда даъвогар, компания деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар «КГ» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона (бундан буён матнда жавобгар, МЧЖ ҚК деб юритилади)нинг 2019 йил 11 июлдаги 60-сонли баённомаси билан расмийлаштирилган умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг 2022 йил 24 августдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «УНЗ» акциядорлик жамияти ва «GPAAG» компанияси жалб қилинган.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2022 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган ва даъво муддати қўлланилиб, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан даъвогар томонидан апелляция шикояти ва кейинчалик шикоятга қўшимча берилиб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Бунга асос қилиб шикоятда, МЧЖ ҚК иштирокчиларининг 100% мавжуд бўлса умумий йиғилиш ваколатли ҳисобланиши, 2019 йил 11 июлдаги умумий йиғилишда даъвогар вакили A.О. қатнашган деб ёзилганлиги, бироқ ушбу вақтда А.О. Ўзбекистон ҳудудида бўлмаганлиги, чегара қўшинларининг 2022 йил 10 сентябрдаги хатига кўра А.О. 2019 йил 1 июлдан шу кунга қадар Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги ҳақида ёзилганлиги, суд эса буни инобатга олмаганлиги, даъво аризаси 2022 йил 8 июлда электрон тақдим этилган бўлиб, жавобгар ёзма фикрида 2022 йил 13 июлда тақдим этилган даъво аризасига нисбатан уч йиллик даъво муддати ўтган деб сўраганлиги, суд даъво муддатини 2019 йил октябрдан бошлаб ҳисоблаб, 2022 йил 8 июлда икки йилу 8 ойда даъво берилганлигини қайд этганлиги, жавобгар уч йиллик даъво муддатини сўраган бўлса, суд икки ойлик даъво муддатини қўллаганлиги, даъвогар вакилининг жавобгар раҳбарига ёзган хатларидан йиғилиш тўғрисида билган деб нотўғри тўхтамга келганлиги, даъвогар ушбу умумий йиғилиш тўғрисида 18-сонли иш бўйича ижро иши қўзғатилганда билганлиги, биринчи инстанция судида МЧЖ ҚК номидан 2022 йил 26 июлдаги рақамсиз ишончнома асосида адвокат М.К. ва ушбу рақамсиз ишончнома асосида жавобгар билан юридик хизмат кўрсатиш шартномаси тузган ҳуқуқшунос А.Р. қатнашганлиги, шартнома бўйича вакил ишончномадан ташқари судга шартнома бўйича вакил мақомини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши, шунингдек адвокатнинг ваколати ордер билан тасдиқланиб, ЎзР Адлия вазирининг 2009 йил 8 апрелдаги 1938-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Адвокат томонидан ишни олиб боришга ордер шаклини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғининг 2-бандига кўра лозим даражада расмийлаштирилмаган, доғ туширилган ва ёзувлари ўчирилган ордерлар ҳақиқий эмаслиги қайд этилганлиги, М.К.нинг ордерида унинг тартиби рақами ва санаси кўрсатилмаганлиги, ордер беришга асос бўлган ҳужжат, яъни шартнома, ордер ишонч билдирувчи шахсга қандай иш бўйича юридик ёрдам кўрсатиш учун берилганлиги белгиланмаганлиги, вакил А.Р.нинг буйруғи ёки ишончномадан ташқари судга шартнома бўйича вакил мақомини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмаганлиги, бу ҳолатда суд шахснинг ишда иштирок этишига оид ваколатларини тан олишни рад этиши лозимлиги, адвокат М.К.га нисбатан юқорида қайд этилган камчиликларга йўл қўйганлиги учун чора кўриш учун хусусий ажрим чиқариб, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъатига юбориш, ҳужжатлар сохталаштирилганлиги ҳолати бўйича хусусий ажрим чиқариб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юбориш сўралган.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили дастлаб илтимоснома киритиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан тақдим этилган 2022 йил 2 ноябрдаги мутахассис фикрига кўра МЧЖ ҚКнинг 2019 йилдаги 97-к-сонли буйруғида бош директор в.б. О.У. томонидан қўйилган имзо ва судга тақдим қилинган 2022 йил 12 сентябрдаги 261-06/м-сонли аризадаги бош директор О.У. номидан қўйилган имзо битта шахс томонидан эмас, балки турли шахслар томонидан бажарилганлиги, МЧЖ ҚКнинг 2019 йил 13 сентябрдаги 97-к-сонли буйруғида бош директор в.б. О.У. томонидан қўйилган имзо ва судга тақдим қилинган 2022 йил 12 сентябрдаги ёзма фикрдаги бош директор О.У. томонидан қўйилган имзо битта шахс томонидан эмас, балки турли шахслар томонидан бажарилганлиги кўрсатилганлиги, бугунги судда О.У. ўз тушунтиришларида эса буйруқ, ариза ва ёзма фикрдаги имзолар унинг ўзига тегишли эканлигини тасдиқлаганлигини инобатга олиб, судга оид хатшунослик экспертизасини тайинлашни сўради, шунингдек илтимоснома киритиб, 2019 йил 11 июлдаги 60-сонли умумий йиғилишда компания томонидан А.О., «УНЗ» АЖ номидан бошқарув раиси Б.С., «GPA AG» компанияси номидан бошқарувчи директор Б.Ф., «MNZ» МЧЖ номидан бош директор Б.Н. қатнашган деб кўрсатилганлиги, МЧЖ ҚК иштирокчиларининг 60-сонли умумий йиғилиш баённомасида умумий йиғилиш ўтказилган вақт ва жой кўрсатилмаганлиги сабабли умумий йиғилиш ҳақиқатдан ўтказилган-ўтказилмаганлиги, баённома ҳақиқатдан ҳам ушбу шахслар томонидан имзоланганлиги масаласига аниқлик киритиш мақсадида Б.С., Б.Ф., Б.Н.ларнинг иштирокини таъминлашни сўраган, шунингдек апелляция шикоятида ва унга қўшимчада келтирилган важларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари томонидан 2022 йил 10 сентябрда 439-сонли хат билан А.О. 2019 йил 1 июлдан бугунги кунгача Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирмаганлиги тўғрисида маълумот берилганлиги, бу эса МЧЖ ҚК иштирокчиларининг 2019 йил 11 июлдаги умумий йиғилиш даъвогарнинг бехабарлигида ва иштирокисиз ўтказилганлиги, даъвогар йиғилиш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинмаганлиги, мазкур ҳолатда даъво муддати суд томонидан нотўғри қўлланилганлигини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантириш, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакиллари даъвогар вакилининг илтимосномаларига эътироз билдириб, бош директор О.У. буйруқдаги, ариза ва ёзма фикрдаги имзолар ўзига тегишли эканлигини тасдиқлаб, мутахассиснинг шахсий фикрини асос қилиб суд хатшунослик экспертизаси тайинлашга зарурат мавжуд эмаслигини билдириб, ушбу илтимосномани рад қилишни, шунингдек мазкур низо судда кўрилишида Б.С., Б.Ф. ва Б.Н. томонидан иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилмаганлиги ёки йиғилишда иштирок этишмаганлиги тўғрисида тушунтириш бермаганлиги, балки уларнинг вакили судда йиғилиш ўтказилганлигини тасдиқлаб фикр билдирганлигини, қолаверса суд томонидан даъвонинг мазмунига кирмасдан даъво муддатини қўллаб даъво талаби рад қилинганлигини инобатга олиб, юқоридаги шахсларни суд мажлисида иштирокини таъминлашга зарурат мавжуд эмас деб, илтимосномани ҳам рад қилишни сўрашди, шунингдек апелляция шикояти юзасидан судга тақдим этган ёзма фикридаги важларни тўлиқ тасдиқлаб, А.О.нинг умумий йиғилиш ўтказилган вақтда Ўзбекистон ҳудудига келганлиги тўғрисида даъвогар тушунтириш бермаганлиги, у бундан аввалги ва низоли йиғилишда ҳам хориждан туриб алоқа воситаси орқали иштирок этганлиги, мазкур ҳолатда суд даъвонинг мазмунига кирмасдан, даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво муддатини қўллаб даъво талабини рад қилиш тўғрисида қонуний қарор қабул қилганлигини билдириб, апелляция шикоятини рад қилишни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган «УНЗ» АЖ вакили даъвогар вакилининг илтимосномаларини рад қилишни сўради, шу билан бирга биринчи инстанция суди томонидан даъво муддатини қўллаб даъво асосли рад қилинганлигини билдирди.
Суд муҳокамаси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган «GPA AG» компанияси вакили суд мажлисида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига кўра апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни учинчи шахс вакилининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра даъвогар вакилининг судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш ҳамда суд мажлисига алоқадор шахсларнинг иштирокини таъминлаш тўғрисидаги илтимосномаларини рад қилишни, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар бош директори О.У. МЧЖ ҚКнинг 2019 йилдаги 97-к-сонли буйруғи, 2022 йил 12 сентябрдаги 261-06/м-сонли ариза ва 2022 йил 12 сентябрдаги ёзма фикрдаги имзолар ўзига тегишли эканлигини тасдиқлаб тушунтириш берганлиги сабабли судлов ҳайъати мутахассис фикрини асос қилиб, имзоларни ким томонидан бажарилганлигини аниқлашга зарурат мавжуд эмас деб ҳисоблаб, даъвогар вакилининг судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги илтимосномасини рад қилишни лозим топди.
Шунингдек, низо судда кўрилишида таъсисчилар «УНЗ» АЖ ва «GPA AG» компанияси номидан умумий йиғилиш қарори бўйича эътирозлар билдирилмаганлиги ва улар томонидан низолашилмаганлиги, қолаверса низо бўйича мазмунан қарор қабул қилинмасдан, даъво муддати қўллаган ҳолда даъво рад қилинганлиги сабабли ушбу шахсларни суд мажлисида иштирокини таъминлашга зарурат мавжуд эмас деб ҳисоблаб, даъвогар вакилининг «УНЗ» АЖ номидан бошқарув раиси Б.С., «GPA AG» компанияси номидан бошқарувчи директор Б.Ф. ва «MNZ» МЧЖ номидан бош директор Б.Н.нинг суд мажлисида иштирокини таъминлаш тўғрисидаги илтимосномасини рад қилишни лозим топди.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, МЧЖ ҚК Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан 2004 йил 14 сентябрда № 002057-реестр рақами билан давлат рўйхатига олинган.
2008 йил 11 апрелдаги 12-сонли иштирокчилар умумий йиғилиш қарори билан МЧЖ ҚКнинг устави ва таъсис шартномаси янги таҳрирда тасдиқланган.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан 2011 йил 4 февралда рўйхатга олинган МЧЖ ҚК таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра жамият устав фондида иштирокчиларнинг улушлари қуйидаги миқдорларда тақсимланган.
«MNZ» МЧЖ 50%;
«GPA AG» компанияси 25%;
«УНЗ» АЖ 12,5%;
«ААА» компанияси 12,5%.
МЧЖ ҚК иштирокчиларининг 2019 йил 11 июлда 60-сонли жамият бош директорини тайинлаш (сайлаш) тўғрисида қабул қилинган. қарорига асосан О.У. 2019 йил 13 июлдаги 97-к-сонли буйруқ асосида директор лавозимига киришган.
Даъвогар даъво аризаси ва суд муҳокамаси жараёнида келтирган важларига кўра, умумий йиғилиш қарори қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда уни хабардор қилмасдан ёки иштирокини таъминламасдан ҳуқуқ ва манфаатларига хилоф равишда қабул қилинганлигини асос қилиб, умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Иш судда кўрилишида жавобгар судга ариза ва ёзма фикр тақдим этиб, унда даъвогарнинг О.У. бош директор лавозимига тайинланганлигидан хабари бўлганлиги, бу даъвогарнинг директор О.У. номига 2019 йил 2 июлда йўллаган 28.05-19-сонли талабномаси, 2019 йил 21 октябрдаги 44.05-19-сонли хати, даъвогар адвокати Ш.К.нинг 2021 йил 31 январдаги 10.01-21-сонли ва 2021 йил 1 февралдаги ва бошқа ёзишмалар билан тасдиқланганлигини асос қилиб, бу ҳолатда даъво муддати ўтган деб ҳисоблаб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этишни сўраган.
«Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 41-моддасининг биринчи қисмига кўра жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин.
Биринчи инстанция суди даъво аризада 4-18-2107/18-сонли иқтисодий иш бўйича ижро иши қўзғатилгандан кейин ижро иши билан танишиш мобайнида, яъни 2022 йил 14 июнда МЧЖ ҚК бош директори О.У. иштирокчиларнинг 2019 йил 11-июлдаги 60-сонли умумий йиғилиш қарори билан сайланганлиги тўғрисида хабар топганлигини қайд этилган бўлса-да, бироқ даъвогар директори А.О. томонидан 2019 йил 21 октябрда 44.0519-сонли МЧЖ ҚК бош директори О.У.га хат ёзганлиги, бундан ташқари даъвогар ва унинг вакили томонидан «МЧЖ ҚК бош директори О.У. номига бир неча маротаба хатлар билан мурожаат қилинганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг қабул қилинган ушбу қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кунни айнан 2019 йил 21 октябрдан ҳисоблаб, даъво муддатининг ўта бошлашини айнан шу кундан ҳисоблашни лозим топиб, даъво аризаси билан судга 2022 йил 8 июлда, яъни умумий йиғилиш қарори тўғрисида билиши лозим бўлган кундан икки йилу саккиз ой ўтгач мурожаат қилинганлиги сабабли жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, даъво муддатини қўллаб даъво талабини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 154-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.
ФК 151-моддасининг биринчи қисмига кўра айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
ФК 153-моддасининг учинчи қисмига кўра қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда даъвогар МЧЖ ҚКнинг бош директори О.У. тайинланганлигидан хабари бўлган, бу бош директор О.У. номига даъвогар директори А.О. томонидан йўлланган 2019 йил 21 октябрдаги 45.05-19-сонли, 2020 йил 6 январдаги 01.01-20-сонли 2020 йил 3 мартдаги 03.01-20-сонли, 2020 йил 19 августдаги 21.01-20-сонли, шунингдек даъвогар вакили Ш.К.нинг 2021 йил 1 февралдаги хати, бош директор О.У.нинг жавобгар вакили номига йўллаган 2021 йил 4 февралдаги 51-06/м-сонли хат ва ёзишмалари билан тасдиқланган бўлиб, даъвогар шу вақтдан бошлаб О.У.ни бош директор лавозимига тайинланганлигини билган ва шу вақтдан бошлаб даъвогарда бош директорнинг тайинлашини низолашиш ҳуқуқи вужудга келган, бироқ даъвогар бу билан боғлиқ ўз эътироз ва важларини билдирмаган ёки судда низолашмаган.
Шу сабабли биринчи инстанция суди даъво муддати ўтган деб ҳисоблаб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида асосли тўхтамга келган.
Судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятидаги МЧЖ ҚК иштирокчиларининг 2019 йил 11 июлдаги умумий йиғилишида даъвогар вакили А.О. қатнашган деб ёзилганлиги, бироқ ушбу вақтда А.О. Ўзбекистон ҳудудида бўлмаганлиги, чегара қўшинларининг 2022 йил 10 сентябрдаги хатида А.О. 2019 йил 1 июлдан шу кунга қадар Ўзбекистонга кирганлиги тўғрисида маълумот йўқлиги ҳақида ёзилганлигини суд инобатга олмаганлиги тўғрисидаги важлари билан келишмайди. Сабаби биринчи инстанция суди даъвонинг мазмуни бўйича қарор қабул қилмаган, ушбу важларни текшириб, ҳуқуқий баҳо беришга зарурат бўлмаган.
Шунингдек, судлов ҳайъати аризада уч йиллик даъво муддатини қўллаш сўралганлиги, бироқ суд томонидан асоссиз равишда икки ойлик даъво муддати нотўғри қўлланилганлиги тўғрисидаги важлар билан ҳам келишмайди. Сабаби ҳақиқатдан ҳам жавобгар вакили судга тақдим этган аризаси ва ёзма фикрида икки ойлик даъво муддати билан боғлиқ қонун нормаларини кўрсатиб, уч йиллик муддат ўтганлигини важ қилиб даъво муддатини қўллашни сўраган. Жавобгар ушбу ҳолатда даъво муддатини қўллаш билан боғлиқ ниятини изҳор қилганлигининг ўзи етарли, бунда суд томонидан қисқартирилган даъво муддати қўлланилишида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаси бузилмаган.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг апелляция шикоятига қўшимчасидаги адвокат М.К.га нисбатан ўз вакиллигини расмийлаштиришда йўл қўйган камчиликлар учун унга нисбатан хусусий ажрим чиқариб, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъатига юбориш, ҳужжатлар сохталаштирилганлиги ҳолати бўйича хусусий ажрим чиқариб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юбориш тўғрисидаги важлари билан ҳам келишмайди.
ИПК 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Ишни судда кўриш давомида адвокат М.К. томонидан қонунчиликка, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокат қасамёдини бузиш ҳолатлари аниқланмаганлиги сабабли хусусий ажрим чиқаришга асос мавжуд эмас. Қолаверса, адвокат М.К. томонидан ишончноманинг тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлиги билан боғлиқ масалалар тегишли адлия органлари ва Адвокатлар палатасининг ваколати доирасида тегишли баҳо берилиши лозим.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги; суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги; ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги; моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилмаган, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос мавжуд эмас.
ИПК 278-моддасининг 1-бандига кўра апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати даъвогар вакилининг илтимосномаларини рад қилишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан даъвогар томонидан ихтиёрий тўланган давлат божи ва почта харажатларини унинг зиммасида қолдирилади.
Бинобарин судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 118, 276, 278, 280-моддаларини қўллаб, қарор қилади:
Даъвогар «ААА» компанияси вакилининг судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги ҳамда судга алоқадор шахсларни иштирокини таъминлаш тўғрисидаги илтимосномалари рад этилсин.
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанциясининг 2022 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирмасдан қолдирилсин.
Қарорнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Р. ХАЙДАРОВ
ҳайъат аъзолари А. АБДУЛЛАЕВ
Б. ИСРАЙЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 22 ноябрь,
4-18-2204/11-сон