Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён Дастур деб юритилади) 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини ўрганиб чиқиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Дастурдаги жами бандлар сони 398 та бўлиб, улар 607 та яхлит ва кичик банддаги топшириқларга тақсимланган ҳамда 233 тасининг ижроси тўлиқ таъминланган, 219 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжат қабул қилинган.
Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида мамлакатимизда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот ўсиши 105,8 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджетининг жами харажатлари 162,4 трлн сўмдан иборат бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган. Ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 83,3 трлн сўмни ташкил қилган.
Ҳисобот даврида 1,9 млн фуқаро даромадли иш билан таъминланган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 69,3 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиб, уларда 1 миллиондан зиёд кишиларнинг бандлиги таъминланган.
«Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш мақсадида умумий қиймати 700 млн доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 154 МВтга тенг 5 та электр станцияси ишга туширилган.
Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 трлн сўм маблағ ҳисобига жами 15 минг 95 км автомобиль йўллари ҳамда 104 та кўприк таъмирланган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2 762 та объект учун 23,8 трлн сўм маблағ ажратилган ҳамда 466 та мактаб, 163 та мактабгача таълим ташкилоти, 63 та тиббиёт муассасаси, 11 та спорт объекти фойдаланишга топширилган.
Бирламчи тиббиёт тизимида 19,5 минг кундузги шифо ўрни ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти 20:00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 миллионни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 миллионга ортган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 182 минг 620 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилиб, 135 минг 470 нафари ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланган.
Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Дастурнинг 81 та банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари белгиланган муддатларда қабул қилинмагани қатор соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Дастурнинг 74-бандида қайд қилинган энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчиларга тенг имкониятлар бериш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилиш вазифаси етарлича бажарилмаган.
Аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси октябрь ойида ваколатли органларга киритилган ва шу кунга қадар қабул қилинмаган. Дастурнинг 264-бандига мувофиқ мазкур вазифа апрель ойида бажарилиши лозим эди.
Дастурнинг 286-бандида сентябрь ойига қадар тажриба тариқасида «Янги Ангрен ИЭС» АЖ ва «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» АЖ Мис эритиш заводларининг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станцияларни ўрнатиш белгиланган. «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати»да мазкур вазифа бажарилган. Аммо, «Янги Ангрен ИЭС» да автоматик станция ўрнатилмаган.
Давлат дастурининг 320-бандида март ойида Биотехнологик йўл билан коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарини яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда клиник олди синовларини ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган. Ҳукумат ҳисоботида мазкур банддаги топшириқ бажарилган дея белгиланган. Лекин янги авлод маҳаллий вакциналарини клиник олди синовларини ўтказиш ва ишлаб чиқариш бошланмаган.
Бундан ташқари, Дастурда айрим вазифаларнинг ижро муддати узайтирилган бўлишига қарамасдан шу кунга қадар бажарилмаган.
Жумладан, Дастурдаги 85-банднинг 2-кичик бандида 2022 йил март ойига қадар Зангиота туманидаги «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудини кенгайтириш орқали Биотехнологик кластер ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши кўрсатилган. Белгиланган тартибда ижро муддати 2 ойга узайтирилган мазкур вазифа бугунги кунга қадар бажарилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Дастурнинг ҳисобот даврида ижроси таъминланмаган бандлари юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин;
Дастурнинг муддати узайтирилган ҳамда жорий йил IV чорагида амалга оширилиши белгиланган бандларининг ўз вақтида бажарилишини таъминласин;
Дастур доирасида 14 та ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида ишлаб чиқилган беш йиллик ҳудудий дастурларнинг ижро муддати 2022 йилда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари йил якунига қадар Дастурда ижроси таъминланмаган ҳамда муддати узайтирилган бандлар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига Дастурда белгиланган ҳар бир масаланинг белгиланган муддатда бажарилиши юзасидан депутатлик назоратини олиб бориш ҳамда йил якунида амалга оширилган ишларни маҳаллий Кенгашларда танқидий кўриб чиқиш тавсия этилсин.
5. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 18 ноябрь,
СҚ-647-IV-сон