Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИНИНГ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг белгиланган тартибда турар жой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. 2025 йил 1 мартдан йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно) доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,8 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгилансин.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда тураржой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йили 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Тураржой ижарасининг бозор қиймати мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу қарорда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПҚ-71-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2025 й., 07/25/71/0178-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки, Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига ҳар ойлик пул компенсацияси тўловларининг ушбу нормалари жорий этилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ҳарбий прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Электрон технологияларини ривожлантириш маркази бюджетининг ҳар йили тасдиқланадиган параметрлари доирасида амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги ПФ-272-сонли Фармони таҳририда)
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев):
бир ҳафта муддатда Молия вазирлиги (С. Раҳимов), Мудофаа вазирлиги (Қ. Ғуломов), Ички ишлар вазирлиги (З. Алматов), Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартибини белгиласин;
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини тураржой билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва кўриб чиқиш учун киритсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг Котиби Р. Мирзаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 30 июнь,
ПҚ-112-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 25-26-сон, 180-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон; 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон; 25.02.2025 й., 07/25/71/0178-сон; 09.06.2026 й., 07/26/214/0572-сон)