Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида ички туризм ва минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида:
1. Транспорт вазирлиги аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг талаб ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда:
ҳудудларни бир-бири билан ўзаро боғлаш мақсадида 2023 йил март ойидан бошлаб Самарқанд — Нукус, Самарқанд — Мўйноқ, Самарқанд — Термиз, Бухоро — Термиз, Наманган — Термиз ва Наманган — Нукус каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновларни бошлаш;
Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз ва Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, Зомин аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш;
авиақатновлар жадвалини йўловчилар учун қулай бўлган темир йўл, автобус ва микроавтобус йўналишлари билан интеграциялаш орқали ягона логистика тизимини яратиш чораларини кўрсин.
2. Республикада ички туризмни ривожлантириш, йўловчиларга арзон нархларда авиаташув хизматларини кўрсатиш ва авиакомпаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиа чипта нархининг 25 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан субсидия ажратиш муддати 2026 йил 1 январга қадар узайтирилсин.
Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд қоидаларини амалга оширишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Қуйидагилар:
а) аҳолига арзон нархларда маҳаллий ва халқаро авиаташув хизматларини кўрсатиш мақсадида «Uzbekistan Airports» АЖ таркибида кам бюджетли (low-cost) «SILK AVIA» МЧЖ авиакомпанияси (кейинги ўринларда — авиакомпания) ташкил этилганлиги;
б) хорижий экспертларни жалб этган ҳолда авиакомпания фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда — Стратегия) ишлаб чиқилганлиги;
в) авиакомпания учун техник ва иқтисодий жиҳатдан маҳаллий йўналишларда энг қулай кўрсаткичларга эга бўлган 3 та «АТR72-600» русумли ҳаво кемаларини харид қилиш бўйича депозит тўловлари амалга оширилиб, улар техник кўрикдан ўтказилганлиги;
г) Стратегия доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида дастлабки харажатларни молиялаштириш, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш ва асосий воситаларни харид қилиш учун «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Uzbekistan Аirports» АЖга 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 50,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича келишувга эришилганлиги;
д) Стратегияга мувофиқ авиакомпания томонидан маҳаллий йўналишлар бўйича:
жорий йилда 10 та йўналишда ҳафтасига 28 та авиақатновларни амалга ошириш орқали 2 минг йўловчига;
2023 йилда 48 та йўналишда ҳафтасига 134 та авиақатновларни йўлга қўйиш натижасида 9 минг йўловчига;
2024 йилда 54 та йўналишда ҳафтасига 216 та авиақатновларни ташкил этиш орқали 14 минг йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилганлиги;
е) авиакомпания ҳаво кемаларини дастлабки жойлаштириш манзили этиб Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти ҳудуди белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Uzbekistan Аirports» АЖнинг Стратегияни амалга ошириш доирасида 2022 йилда 3 та «АТR72-600» русумли ҳаво кемаларини харид қилиш ҳамда 2024 йил якунига қадар яна 9 та «АТR» русумли ҳаво кемаларини олиб келиш (харид қилиш ва лизинг асосида) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Uzbekistan Аirways» АЖга 50,0 млн АҚШ доллари миқдорида ажратиладиган кредит бўйича:
«Uzbekistan Аirways» АЖнинг 3 та «АТR72-600» русумли ҳаво кемалари учун ажратилган кредит қийматининг 125 фоизи миқдоридаги мулки ҳамда харид қилинаётган ҳаво кемалари гаров таъминоти сифатида тақдим этилади;
асосий қарз, фоизлар, комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар «Ўзмиллийбанк» АЖ билан имзоланган кредит шартномасида кўрсатилган миқдордан келиб чиққан ҳолда, «SILK AVIA» МЧЖ ҳамда «Uzbekistan Аirways» АЖ ҳисобидан қопланади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 октябрдаги ПҚ-337-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2023 й., 07/23/337/0784-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Давлат буюртмачиси ҳисобланган авиация корхоналари ва уларнинг таркибидаги корхоналарга харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш орқали:
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 сентябрдаги ПҚ-309-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳаво кемаларини харид қилиш, ижара ёки лизинг асосида олиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш учун — халқаро юридик компаниялар билан;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 сентябрдаги ПҚ-309-сонли қарори таҳририда)
ҳаво кемалари учувчиларини ўқитиш учун — ўқув-машқ марказлари билан;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳаво кемалари сотувчи, ижара ва лизинг асосида етказиб берувчи, техник хизмат кўрсатувчи, эҳтиёт қисмлари билан таъминловчи, ташувчи, таъмирловчи, техник ҳужжат ишлаб чиқувчи ҳамда халқаро аудит, консалтинг ва маслаҳатчи компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
(6-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 сентябрдаги ПҚ-309-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airways» АЖ билан биргаликда 2023 йил якунига қадар:
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 октябрдаги ПҚ-337-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2023 й., 07/23/337/0784-сон)
«Uzbekistan Airways Technics» МЧЖ негизида «ATR» русумли ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатишни (шу жумладан «C-сheсk») ташкил этиш ҳамда зарур инфратузилма яратишни;
«ATR» русумли ҳаво кемаси учувчилари, борткузатувчилари, муҳандис-техник ходимлари ва диспетчерларини ўқитиш учун «Uzbekistan Airways» АЖнинг ўқув-машқ марказида ўқув курсларини ташкил этишни таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 22 сентябрдаги ПҚ-309-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги авиакомпаниянинг аризаларига биноан республикага жалб этиладиган хорижий мутахассисларга (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
10. Ташқи ишлар вазирлиги Транспорт вазирлигининг виза талабномаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб транспорт вазири И.Р. Махкамов белгилансин.
Қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 26 октябрь,
ПҚ-412-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2022 й., 07/22/412/0962-сон; 19.10.2023 й., 07/23/337/0784-сон)