Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширишга қаратилган фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширишга қаратилган фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Комиссия томонидан ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жумладан қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, парламент фаолиятида ёшларнинг иштирокини янада ошириш, қонун лойиҳалари юзасидан уларнинг таклифларини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Комиссия томонидан ўтган даврда ёшлар ўртасида қонун лойиҳаларининг муҳокамаси ташкил этилиб, 23 та қонун лойиҳаси бўйича ёшлардан келиб тушган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) тегишли қўмиталарига етказилган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини ёшларга етказиш, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасини ёшлар ўртасида ташкил этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга тушунтириш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилган. Хусусан, Комиссия томонидан ҳудудларда ёшлар иштирокида «Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни» мавзусидаги туркум давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, уларда Бош қомусимизда ёш авлоднинг ҳуқуқлар, эркинликлари ва қонуний манфаатлари акс эттирилиши масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширишга, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан келиб чиқиб, 13-14 май кунлари Жиззах вилоятида ҳамда 23 — 25 май кунлари Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг фаолияти билан танишилган.
Ўтган давр мобайнида Комиссия томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар ёшлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, 9-10 июнь кунлари Комиссия аъзолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентлари вакиллари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган «Ёш парламентарийлар — Ҳамдўстлик келажагига назар» мавзусидаги форумда ҳамда 16 июнь куни Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлисида Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси Ёш парламентарийлар гуруҳининг «Технологиялар асрида болалар ва ёшлар, туркийларнинг келажаги» мавзусидаги учрашувда фаол иштирок этиб, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказган.
Комиссия ишининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни, айниқса ёшларни кенг хабардор қилиб бориш мақсадида унинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида 400 мартадан ортиқ ёритилган.
Шу билан бирга, Комиссия фаолиятида эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжуд. Хусусан, Комиссиянинг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорлигини ҳамда қонун ижодкорлиги ва парламент назорати тадбирларидаги иштирокини таъминлаш борасидаги ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Комиссиянинг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги иштирокини кенгайтириш, ёшларни қийнаб келаётган долзарб масалаларни чуқур ўрганган ҳолда, уларни ҳал этиш жараёнларидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширишга қаратилган фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясига:
Комиссия ишини самарали ташкил этиш, унинг фаолиятига ёшларни янада кенг жалб қилиш чораларини кўриш;
Комиссиянинг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш;
ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиб бориш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тайёрлаш;
Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган мажлисларида Комиссия аъзоларининг фаол иштирокини таъминлашга доир таклифлар киритиб борсин;
ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда барча сиёсий партияларнинг «Ёшлар қаноти» билан фаол ҳамкорликни мустаҳкамлаш тавсия этилсин.
3. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан биргаликда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган фаол ёшлар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. САИДОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 сентябрь,
2473-IV-сон