Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2022 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида махфий ахборотни ўзаро алмашиш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Давлат хавфсизлик хизмати ушбу халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Тожикистон томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 октябрь,
ПҚ-404-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2022 й., 07/22/404/0944-сон)