Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, мамлакатда сўнгги 5 йил давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 80 дан ортиқ, шундан бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 10 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини қабул қилиш орқали ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни ҳар йили белгилаб олиш амалиёти жорий этилди.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқача тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.
Республика даражасидаги давлат ва хўжалик ташкилотларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
«Коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий қилинди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ерларни тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилиниб, ерларни фақат аукцион орқали сотиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этиш мақсадида 11 нафар (25 фоиз) ННТ вакиллари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши таркибига киритилди.
2021 йилдан бошлаб бюджет буюртмачилари томонидан амалга оширилган, шу жумладан қурилиш ва таъмирлашга оид давлат харидлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш тартиби жорий қилинди.
Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан 2021 йилда масофавий мониторинг тадбирлари давомида давлат харидлари билан 102 та ҳолатда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги аниқланиб, натижаси бўйича тегишли ташкилотларга қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилишга қаратилган 13 та тақдимнома киритилди ҳамда 10 та жиноят иши қўзғатилди.
«Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик» таҳлил маркази, яъни коррупция ва шаффофликни ўрганадиган биринчи мустақил ННТ рўйхатдан ўтказилди.
Журналист ва оммавий ахборот воситаларини мунтазам қўллаб-қувватлаш мақсадида «9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни» муносабати билан ташкил этилган танловларда «Энг яхши мақола (блог, пост) муаллифи», «Энг яхши журналистик суриштирув учун», «Коррупцияга қарши энг фаол тарғибот олиб борган ОАВ», «Энг яхши ижтимоий видеоролик», «Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун» номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ҳамкорликка оид 6 та меморандум ҳамда 3 та дастур имзоланди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга қарамасдан, айрим соҳаларда коррупциявий ҳолатларга тўлиқ барҳам берилмаган.
2021 йилда республика бўйича 5 483 нафар шахсга нисбатан 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган (2020 йилда 1 723 нафар шахсга нисбатан 1148 та коррупцияга оид жиноят иши судлар томонидан кўриб чиқилган).
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ва банк тизими ташкилотларига тўғри келган.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 361 нафар шахсга нисбатан 231 та жиноят иши, Халқ таълими вазирлигида 316 нафар шахсга нисбатан 185 та жиноят иши, Мактабгача таълим вазирлигида 224 нафар шахсга нисбатан 155 та жиноят иши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 93 нафар шахсга нисбатан 72 та жиноят иши ҳамда банк тизимида 355 нафар шахсга нисбатан 206 та жиноят иши судларга юборилган.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 119 нафари коррупциявий жиноятлар содир этган бўлса, шундан 29 нафари пора олиш (ЖК 210-моддаси) жинояти учун жавобгарликка тортилган.
Содир этилган жиноятлар учун 2 769 (2020 йилда 835 нафар) нафар шахс Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш), 1 021 нафар шахс (2020 йилда 227 нафар) Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 159 нафар шахс (2020 йилда 105 нафар) Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этган.
Коррупциявий жиноятларнинг ҳудудлар кесимида таҳлили кўрсатганидек, уларнинг сони Тошкент шаҳрида 590 тага ёки 202 фоизга, Сурхондарёда 297 тага ёки 201 фоизга, Навоийда 175 тага ёки 199 фоизга, Сирдарёда 208 тага ёки 184 фоизга, Андижонда 333 тага ёки 147 фоизга, Фарғонада 346 тага ёки 139 фоизга, Наманганда 249 тага ёки 123 фоизга, Қашқадарёда 275 тага ёки 109 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 177 тага ёки 109 фоизга, Хоразмда 119 тага ёки 108 фоизга, Бухорода 152 тага ёки 97 фоизга, Тошкентда 316 тага ёки 91 фоизга, Жиззахда 124 тага ёки 84 фоизга ҳамда Самарқандда 180 тага ёки 63 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, 2021 йилда республиканинг 10 та вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан қурилиш бўйича «dxarid.uz» ва «tender.mc.uz» порталида жойлаштирилган эълонлар бўйича танлов ва тендерлар юзасидан ғолиблар аниқланмаган бўлса-да, қиймати 81,9 млрд сўмлик 137 та қурилиш объектида қурилиш ишлари бошлаб юборилган ҳамда айрим объектларда қурилиш ишлари якунланган.
Давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 141 млрд сўмлик 458 та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунларнинг талаблари бузилганлиги аниқланган.
Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар молиялаштириш манбалари аниқ бўлмагани ҳолда давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштирилган.
Хусусан, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида қиймати 63 млрд сўмлик 106 та танлов бўйича, Андижон вилоятида қиймати 14 млрд сўмлик 39 та танлов бўйича бюджет буюртмачиларининг йиллик харажатлар сметасида ушбу мақсадда маблағ ажратилиши назарда тутилмаган (ажратилмаган) ҳолда эълон қилинишига йўл қўйилган.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизими ходимлари аттестациядан ўтказилиб, коррупцияга мойиллиги бўлган ходимларнинг 28 фоизи (1 476 нафари) билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
2021 йилда 1 820 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган бўлиб, улардан 245 тасида (13 фоизи) 405 та коррупциявий омил аниқланган.
Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилмай, Адлия вазирлигига киритилган энг кўп лойиҳалар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (38 та), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (31 та), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (25 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (24 та), Давлат активларини бошқариш агентлиги (23 та) ва Бош прокуратура (22 та) ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, 2021 йилда 892 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 224 тасида (25 фоизи) 660 дан ортиқ коррупциявий омиллар аниқланган.
Қайд этилган ҳолатлар коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолиятни янада кучайтириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Юқоридагиларга асосан «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 82-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 252-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурханов):
бир ой муддатда Миллий маърузада келтириб ўтилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан «Йўл харитаси» лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритсин;
тўрт ой муддатда коррупцияга қарши курашишда ички назорат тузилмаларининг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функцияларини, ходимларига қўйиладиган малака талабларини белгилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сонли қарори билан тасдиқланган Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга ваколатли органлар сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, давлат органлари ҳамда ташкилотлари ички назорат тузилмаларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини ўрганиб чиқсин;
«Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд» ва «Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор вазирлик» лойиҳаларини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) бир ой муддатда:
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида тизимдаги барча бўш (вакант) иш ўринлари ва уларга қўйиладиган талаблар очиқ эълон қилинишини йўлга қўйсин;
ўрта махсус тиббиёт ходимларини тайёрлашда ажратиладиган қабул квоталари сонини мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштириш чораларини кўрсин;
доимий равишда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов):
олий таълим соҳасидаги тузилмалар (марказ, ҳудудий бошқармалар ва бошқа) таркибида коррупцияга қарши комплаенс назорат тизимини йўлга қўйиб, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда олий таълим муассасаларида вакант бўлган профессор-ўқитувчилар лавозимларига талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилишни махсус электрон платформа орқали амалга ошириш, номзодларни очиқ ва шаффоф танлов ўтказиш орқали саралаб олиш, бунда кенг жамоатчиликка танлов жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиб бориш имкониятини яратсин;
доимий равишда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан ички масофавий назоратни таъминласин, бунда асосий эътиборни «UzASBO» дастурий мажмуасидан фойдаланишда инсон омилини камайтириш ва Ички аудит хизмати томонидан дастурга маълумотлар ҳаққоний киритилишини онлайн назорат қилиш имкониятини яратишга қаратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров):
икки ой муддатда «Шаффоф қурилиш» тизимида маълумотлар ҳаққонийлигини текширувчи функцияни ишга туширсин ҳамда қурилиш ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичлари қанча муддатга берилиши ва ўзгартирилишини аниқ белгиласин;
қурилиш-пудрат ташкилотларини рейтинг мезонлари бўйича баҳолашда қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятидаги салбий кўрсаткичлар, яъни шартнома шартларини бажармаганлиги, солиқ ва банкдан қарздорлиги, муддати ўтган кредитларнинг мавжудлиги, маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилганлиги каби ҳолатларга эътибор қаратсин.
7. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши:
ҳар чоракда олий таълим, капитал қурилиш, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган «йўл хариталари» ижросини Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш ва ҳудудий кенгашлар мажлисларида муҳокама қилиб борсин;
Истанбул ҳаракатлар дастури доирасида ишлаб чиқилган тавсиялар, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясидаги мажбуриятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалар қоидалари амалга оширилишини назорат қилсин ҳамда уларнинг ижроси бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ахборот бериб боришни йўлга қўйсин;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига бириктирилган аъзолар (Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашга аъзо вазирлик ва идоралар вакиллари) масъулиятини ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш йиғилишларида уларнинг мунтазам равишда ахборот беришини назарда тутсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган йиғилишлар, давра суҳбатлари ва учрашувларни маҳаллабай ўтказишда ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин.
9. Ушбу Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг раиси Н. Умаров зиммасига юклансин.
10. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 4 август,
СҚ-592-IV-сон