Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишда сенаторларнинг иштирокини кучайтириш тўғрисида
Сўнгги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммоларга қарамасдан, ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, уларни комплекс ривожлантириш мақсадида мамлакатимизга инвестицияларни кенг жалб қилиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, чет эллик ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган инвестициялар ва инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли қарори билан келгуси беш йилда 70 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сонли қарори билан қишлоқ ва маҳаллаларни янада обод қилиш, жойларда қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган 2022 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга олий даражадаги ташрифлари давомидаги ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлардаги инвестиция лойиҳалари ижроси устидан парламент назорати йўлга қўйилиб, амалга оширилган ишлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари Сенат қўмиталари мажлисларида доимий равишда муҳокама қилиб борилмоқда.
Шу билан биргаликда ўтказилган ўрганишлар натижасида инвестиция лойиҳалари ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлашда бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикасига олий даражадаги ташрифлари давомида режалаштирилган умумий қиймати 608,3 млн АҚШ долларига тенг бўлган 49 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилган.
Япония бўйича қабул қилинган умумий қиймати 4 млрд 393 млн АҚШ доллари миқдоридаги 40 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга етарли эътибор қаратилмаган.
Бундан ташқари, республика инвестиция дастурига кўра (ПҚ-4563 09.01.2020) Хоразм вилоятида умумий қиймати 418 млн АҚШ доллари миқдоридаги 14 та инвестиция лойиҳасидан 12,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги 2 та лойиҳа муддатидан кечиктириб бажарилган бўлса, 2,5 млн долларлик 1 та лойиҳа истиқболсиз деб топилган.
Бундай ҳолатларнинг юзага келиши ҳудудларни ривожлантириш концепциясидан келиб чиқадиган устувор инвестиция лойиҳаларини аниқлаш стратегияси мавжуд эмаслигидан далолат беради.
Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва йўлга қўйишда, яъни лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида ҳалигача бюрократик тўсиқлар юқори даражада сақланиб қолган, бунинг оқибатида лойиҳани молиялаштириш, маблағларни ўзлаштириш ва белгиланган муддатларда ишга туширишда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Жумладан, Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида «Zarafshon Oyna» МЧЖнинг флоат технологияси асосида кварц хомашёсидан шиша ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси томонидан мазкур заводни қабул қилиб олиш бўйича далолатноманинг расмийлаштирилиши рад этилган. Бунда заводни қабул қилиб олиш бўйича хулоса учун тўланадиган йирик миқдордаги суммани (887,1 млн сўм) тадбиркор бир йўла тўлай олмаганлиги сабаб бўлган. Бу бўйича Сенатнинг Ҳукуматга тегишли мурожаати киритилганидан сўнг тадбиркор учун енгиллик яратилиб, мазкур суммани бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилди.
Жойларда сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, давлат органлари инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва ижросини таъминлаш жараёнида кўп ҳолларда ишга юзаки ёндашмоқда, уларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ташаббускорлик сезиларли даражада кузатилмаяпти.
Идоралараро ҳамкорлик тизимининг пастлиги сабабли ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари ижросини таъминлаш бўйича назорат тизими талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
Бундан ташқари, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ва инвестиция дастурларининг шакллантирилиши ва муҳокама жараёнларида мазкур ҳудуддан сайланган сенаторларнинг иштироки сустлигича қолмоқда.
Республика миқёсидаги муҳокамалар эса ҳудудлардаги муаммоларни яқиндан биладиган халқ вакиллари (сенаторлар) иштирокисиз ўтказилмоқда.
Юқоридагиларга асосан ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишда ҳудудлардан сайланган сенаторларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, комплекс ривожлантириш чоралари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқишга оид ягона тартибни ишлаб чиқсин;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш стратегиялари ва дастурларидан келиб чиққан ҳолда давлат инвестиция дастурини шакллантириш ва муҳокама жараёнларида тегишли ҳудуддан сайланган Сенат аъзолари билан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ва уларга хорижий инвестицияларни жалб қилишда вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига яқиндан кўмаклашиш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва улар доирасида маблағлар ўзлаштирилишининг доимий мониторингини олиб бориш;
ҳудудлардаги мавжуд табиий ва иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида туманлар (шаҳарлар) салоҳиятидан келиб чиқиб, устувор ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш;
ҳудудларда инвестицияларни жалб қилишга тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари:
ҳудудларда инвестицияларни жалб қилиш орқали иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳудудий стратегик йўналишларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда доимий иштирок этсин. Бунда:
ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурларида белгиланган ҳар бир лойиҳани жойига чиққан ҳолда ўрганиш;
ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида инвестиция лойиҳаларини, хусусан ишлаб чиқариш кучлари, инфратузилма ва турар жойларни ҳудудга табиий, иқтисодий, архитектура-қурилиш, шунингдек, истеъмол бозори каби омилларни инобатга олган ҳолда мақбул жойлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
тегишли лойиҳанинг маҳаллий Кенгашлар сессияларидаги муҳокамаларида фаол қатнашиш;
маҳаллий Кенгаш томонидан маъқулланган ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган дастурлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун Ҳукумат томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ ишида ҳудудлар манфаатларидан келиб чиқиб, дастурлардаги ҳар бир лойиҳанинг тасдиқланишига эришиш;
ҳудудларда маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратиш, хусусий ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб бориш ва бу борада парламент назоратини амалга ошириш;
тегишли ҳудудда инвестиция дастурлари бажарилишини таҳлил қилиб бориш, инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
ҳудудга инвестиция жалб этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича ҳокимликлар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига:
давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини ўрганишда депутатлик назоратини ўрнатиш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган прогноз лимитлари ўз вақтида тақдим этилиши, шунингдек, лойиҳаларнинг марказлаштирилган манбалар ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш;
маҳаллий Кенгашлар сессияларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан масъул давлат органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ва муҳокама қилиш, ҳудудларнинг салоҳиятини ўрганиш натижасида ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш ҳамда ишлаб чиқиш жараёнларида Сенат аъзолари билан ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин.
5. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мазкур Кенгаш қарори юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида жорий йилнинг 1 ноябрига қадар Сенат Кенгашига ахборот киритсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 5 июль,
КҚ-380-IV-сон