Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича дастурларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича дастурларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш ҳамда ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги беш йилда бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида 60 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 8 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 та фармони ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 20 дан зиёд қарори қабул қилинди.
Жумладан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни аҳоли бандлигини таъминлашда замонавий касбий ва меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлаш механизмларини тартибга солиш ҳамда такомиллаштиришда асосий ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз Президенти аҳоли бандлигини ва даромадларнинг ўсишини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ушбу масалаларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Хусусан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификация қилиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳисобидан етакчи тармоқларни модернизация қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сонли Қарорига асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 69 тагача кўпайтирилиб, ўзини иш билан банд қилган кўплаб фуқароларга қонуний асосда фаолият юритиши ҳамда ёшга доир пенсиясига чиқиши учун қулай имконият яратилди. Бундай енгилликлардан унумли фойдаланаётган фуқаролар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Жумладан 2021 йил 1 июль ҳолатига 852 минг нафардан ортиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатга олинган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 1 миллион 400 минг нафарга яқинни ташкил қилмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 100 та мақсаддан 34 таси ёки 37 — 70-мақсадлар адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек аҳоли даромадларини ошириш ва шулар орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 14 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш, 2022 йилда меҳнат баланси ва бандлик дастурини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида 2022 йилда 5 миллион 750 минг нафар фуқарони доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд қилиш вазифаси қўйилиб, ушбу вазифа устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида жами 3 миллион 434 минг нафар фуқарони доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб қилиш орқали уларнинг бандлиги таъминланган.
Меҳнат бозоридаги тенденциядан келиб чиқиб, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан ўтган даврда 437,4 минг нафар иш билан банд бўлмаган шахсга бандлик хизматлари кўрсатилган бўлиб, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан 205,5 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Жорий йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 210,4 минг нафар ишсиз шу жумладан чет элдан қайтиб келган фуқароларга мавжуд вакант иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилган. Шундан 109 минг нафари (51,8 фоиз) аёлларни, 66,7 минг нафари (31,7 фоиз) ёшларни ташкил этган.
Шунингдек 12 мингга яқин эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар банд қилинган иш ўринларига ишга жойлаштирилган.
Ҳисобот даврида 76 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаро касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. Шундан 59,7 минг нафари аёлларни, 38,7 минг нафари ёшларни ташкил этган.
Бу борада амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Жумладан, жойларда яратилган янги иш ўринлари тўғрисида тақдим этилаётган маълумотларни ошириб кўрсатиш ҳолатлари мавжудлиги, айрим ҳудудларда маҳаллалардаги меҳнат инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидиялардан оқилона фойдаланиш борасида аҳоли ўртасида етарлича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмаган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотда 2022 йилни биринчи чорагида ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида Сурхондарё вилоятида 912 та янги иш ўрни яратилганлиги кўрсатилган бўлса, вилоят бандлик бош бошқармаси маълумотида эса 1 218 та янги иш ўрни ташкил этилганлиги қайд этилган. Бу каби ҳолатларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин.
Шунингдек ташкил этилган иш ўринларига ишга қабул қилинган фуқаролар билан меҳнат муносабатларини қонуний расмийлаштириш борасидаги ишлар самарали ташкил этилмаган.
Бундан ташқари ҳудудларда ногиронлиги бўлган фуқароларни йўлланма асосида ишга жойлаштириш бўйича ишлар ҳам етарлича ташкил этилмаяпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Хатирчи туман тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб тавсия берилган 135 нафар фуқаронинг биронтаси ҳам ишга жойлаштирилмаган. Ваҳоланки, туман ҳокимининг қарорига асосан 119 та корхона ва ташкилотда 350 та квоталанган иш ўрни мавжудлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан жорий йилнинг апрель ойида жойларда олиб борилган ўрганишлар давомида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига кирувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги етарли даражада эмаслиги аниқланган.
Муҳокамалар давомида депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича дастурларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири (Н. Хусанов)га:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 14 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёнида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сонли Қарорида белгиланган вазифаларни ўз муддатларида ижросини таъминлаш;
2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда аниқланган камчиликлар бўйича ҳар бир ҳудудда мониторинглар ўтказиш ҳамда камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимларини маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиларининг аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида ўқув семинарларини ўтказиш;
ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш;
амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳар чорак якуни бўйича маълумот киритиб бориш тавсия этилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига белгиланган мезонлар асосида туманлар (шаҳарлар) бўйича ишлаб чиқилган хизматларни ривожлантиришга доир ҳудудий дастурларга мувофиқ хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш борасидаги ишларни янада жонлантириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси республика ҳудудларида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг ижроси юзасидан мунтазам равишда парламент назоратини олиб борсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 июль,
2324-IV-сон