Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ҳақида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
«Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги Қарорига мувофиқ «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси 2022 йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ҳамда «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасида эълон қилинди.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан умумхалқ муҳокамаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин ташкил этилмоқда.
Парламент аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ҳудудларда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда 120 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирокида ўтказилган 2 мингдан зиёд учрашувда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 57 мингдан зиёд таклиф келиб тушган.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, умумхалқ муҳокамасининг дастлабки кунларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар кунига 700 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, уларнинг сони 10 мингтага етмоқда.
Ушбу рақамлар умумхалқ муҳокамаси тўғри ташкил этилганлигини ҳамда аҳолининг мазкур тарихий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ошиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Аҳоли ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида бўлаётганлиги таъкидланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида илгари сурган таклифлари ва ғоялари кенг жамоатчилик томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамасининг муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.
Шунингдек депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2022 йил 2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳамда фаоллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид бўлган 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги фикрларини эътиборга олиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати 2022 йил 15 июлгача узайтирилсин.
2. Умумхалқ муҳокамаси давомида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирилган таклифлар инобатга олинсин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилсин.
3. Давлат органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, сиёсий партияларга ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларига ва оммавий ахборот воситаларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказишга доир тадбирларни давом эттириш тавсия этилсин.
4. Давлат органлари «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун зарур шарт-шароитларни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси:
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давомида келиб тушадиган таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқишга оид ишларни жадаллаштирсин;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия билан ҳамкорликда умумхалқ муҳокамаси давомида келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиш, умумлаштириш, ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш ва улар асосида Конституциявий қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича ишларни давом эттирсин;
Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида умумлаштирилган ахборот тайёрласин ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари эътиборига етказсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 4 июль,
2270-IV-сон