Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳукумат томонидан давлат дастурида белгиланган тадбирларни тизимли тарзда ва сифатли бажариш борасида қатор ташкилий-амалий чоралар кўрилиб, доимий мониторинг олиб борилган.
Давлат дастурининг 7 та устувор йўналишида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли ишчи гуруҳлар тузилган, назорат режалари тасдиқланган, давлат дастурининг ижросини ҳар ойда таҳлил этиб, танқидий жиҳатдан муҳокама қилиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилган.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида жами 153 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 42 та фармони ва қарори, Олий Мажлис палаталарининг 2 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 29 та қарори ва 78 та бошқа ҳужжат қабул қилинган.
Ўтган даврда давлат дастурининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланиш даражасини янада ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, давлат дастурида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида оила таркибини автоматик тарзда шакллантириш функцияси яратилиб, унга «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»ни интеграция қилиш чоралари кўрилган.
Фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш соҳасида 695 та маҳалла комплекси қурилган, маҳаллаларнинг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 822 та «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ҳамда зарур шартига айлантириш борасидаги мақсадларга эришиш бўйича қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.
Жумладан, 2022 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикасининг «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Унга кўра ер участкаларининг ҳар қандай мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян тақиқланган.
Давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан 38 турдаги давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмаслиги белгиланган.
Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,4 фоизни ташкил этган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 128,8 фоизга ўсган. Хорижий давлатларга маҳсулотлар экспортининг ўсиши 101,1 фоизни ташкил қилган. Жами қиймати 4,5 млрд. АҚШ доллари бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткичлар 117 фоизга бажарилган.
Табиий газ бозорини ислоҳ қилиш мақсадида кўрилган қўшимча чора-тадбирларга мувофиқ «Ўзтрансгаз» АЖ табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими оператори этиб белгиланган ҳамда табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш вазифасини бажарувчи «UzGasTrade» АЖ ташкил этилган.
Давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қиймати 700 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан қуввати 1154 МВтга тенг 5 та электр станцияси Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ишга туширилган.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида экспорт қилинган чарм-пойабзал маҳсулотлари турлари 48 тадан 65 тага ошиб, экспорт географияси 32 та давлатдан 42 тага етган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган. Жумладан, 246 нафар маҳаллий ва халқаро эксперт иштирокида мактаблар учун Миллий ўқув дастури яратилган.
Ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш мақсадида 2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур тасдиқланган.
Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш мақсадида қабул параметрларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби соддалаштирилган, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатлари кенгайтирилган. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 12 та олийгоҳ учун эксперимент тариқасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилган.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника ҳамда 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, 1,8 млн. аҳоли ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Шунингдек 208 та кўп тармоқли туман марказий поликлиникасида ва Тошкент шаҳридаги 70 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилган.
Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида экологик барқарорликни таъминлаш, ўрмонлар майдонларини кенгайтириш, «яшил қопламалар» барпо этиш ишлари тизимли равишда олиб борилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 55 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари яратилган.
Ўрмон хўжаликлари томонидан жами 208 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» барпо этилган.
Шунингдек «E-Anticor.uz» электрон платформаси ишга туширилиб, фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи «1253» қисқа рақамли «Call-марказ» фаолияти йўлга қўйилган.
Нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва соғломлаштириш мақсадида ҳудудларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилган.
Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистон раислигини самарали ва фаол амалга оширишга доир тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамкор давлатлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни жадаллаштиришга қаратилган 3 та сиёсий маслаҳатлашув учрашуви ўтказилган.
Ўтган даврда давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича парламент ва ҳукумат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан юборилган парламент ва депутат сўровлари, қатор назорат-таҳлил тадбирлари доирасида кўтарилган масалаларни биргаликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга депутатлар давлат дастуридаги бажарилиш муддатлари кечикаётган ва узайтирилган бандларга, ишлаб чиқилиб, якунига етказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тезроқ қабул қилиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, давлат дастуридаги ҳисобот даврида бажарилиши белгиланган жами 215 та банддан 137 тасининг ижроси тўлиқ бажарилганлиги, 10 тасининг ижро муддати узайтирилганлиги ва 68 тасининг ижросини таъминлашга доир ишлар якунланмаганлиги қайд этилди.
Жумладан, саноатнинг етакчи тармоқлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш ҳамда трансформация жараёнларини якунлашга қаратилган ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш билан боғлиқ ишлар охирига етказилмаган (73-банд).
Автомобиль йўллари тармоғини жадал тараққий эттириш йўналишида кейинги 5 йилда автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишга қаратилган қарорни қабул қилиш кечиктирилмоқда (196-банд).
Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш, бунда босқичма-босқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга доир қарор лойиҳаси ҳанузгача қабул қилинмаган (213-банд).
Муҳокамалар жараёнида давлат дастурининг айрим бандлари тегишли қарор, чора-тадбирлар дастури, тармоқ жадвалини тасдиқлаш орқали бажарилган деб кўрсатилган бўлса-да, бироқ ушбу бандларда белгиланган устувор мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши, уларнинг натижадорлиги ҳақида ҳам маълумот тақдим этиш лозимлиги таъкидланди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказини ташкил этиш ҳамда уларни штат бирликлари билан таъминлаш, зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш бўйича бошланган ишларни тезроқ якунига етказиш долзарб масала эканлиги қайд этилди.
Шунингдек давлат дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли сарфланишини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 10 та бандда ва бажарилиши якунланмаган 68 та бандда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан яқин ҳамкорликни янада кучайтириш;
давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш билан бирга, бу борадаги ишларнинг натижадорлигини таъминлаш;
46 та туманлараро перинатал марказини ташкил этиш ҳамда уларни штат бирликлари билан таъминлаш, зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлашга доир ишлар устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чораларни кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг самарали ташкил этилиши ҳамда уларга ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 22 июль,
2335-IV-сон