Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Қарори
Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 29 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3312-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Расмий статистика тўғрисида»ги ва 2022 йил 14 мартдаги ЎРҚ-759-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги 690-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 16 июндаги 9-мб-сон қарори (рўйхат рақами 3312, 2021 йил 16 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.07.2021 й., 10/21/3312/0684-сон) билан тасдиқланган Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Б. БЕГАЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 1 июль,
20-mb-сон
Келишилди:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. ШЕРМАТОВ
2022 йил 14 июнь
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2022 йил 1 июлдаги 20-mb-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 10-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«респондентнинг номи ва идентификацион кодлари (солиқ тўловчининг идентификация рақами — СТИР (юридик шахслар учун), корхона, ташкилотнинг асосий коди — КТУТ, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами — ЖШШИР (жисмоний шахслар учун);».
2. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги рўйхатга олиш маркази ёки Давлат хизматлари марказлари томонидан берилган респондентнинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган ва ўзида мажбурий реквизитларни тўлиқ акс эттирган электрон шаклдаги статистика ҳисоботи респондентдан чиқувчи ҳужжат деб ҳисобланади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2022 й., 10/22/3312-2/0697-сон)