Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида ўтказилган ўрганиш натижаларини муҳокама қилиб, мазкур вилоятларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жорий йилнинг январь — апрель ойларида меҳнат органлари кўмагида Бухоро (11,4 минг), Жиззах (10,4 минг), Наманган (15,3 минг) ва Фарғона (15,1 минг) вилоятларида 52,2 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Хусусан, ўтказилган меҳнат ярмаркаларида таклиф этилган иш ўринларига Бухоро (1,6мингта), Жиззах (1,1 мингта), Наманган (3,7 мингта) ва Фарғона (1,1 мингта) вилоятларида ишга жойлашиш учун қарийб 7,5 мингта йўлланма берилган.
Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган Бухоро (837 нафар), Жиззах (748 нафар), Наманган (481 нафар) ва Фарғона (817 нафар) вилоятларида қарийб 2,9 мингга яқин шахс банд қилиб қўйилган (квота) иш ўринларига жойлаштирилган.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига Бухоро (3,2 минг), Жиззах (3,3 минг), Наманган (6,3 минг) ва Фарғона (7,4 минг) вилоятларида жами 20,2 минг нафар ишсиз жалб қилиниб, уларнинг иш ҳақи тўлови учун 22,6 млрд сўм тўлаб берилган.
Аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида Бухоро (2,9 минг), Жиззах (381 та), Наманган (1,7 минг) ва Фарғона (972 та) вилоятлари бўйича қарийб 6 мингга яқин фуқарога 13,2 млрд сўм субсидия ажратилган.
Меҳнат органлари йўлланмалари асосида Бухоро (2,5 минг), Жиззах (3,6 минг), Наманган (4,4 минг) ва Фарғона (5,8 минг) вилоятларидаги 16,3 минг нафардан зиёд иш билан банд бўлмаган аҳоли касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим соҳа ва йўналишларда, шунингдек, шаҳар ва туманларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаган.
Хусусан, Ҳудудий инвестиция дастури доирасида ишга туширилган лойиҳаларда яратилган қарийб 3,6 мингта иш ўрни ҳисобига аҳоли бандлиги таъминланганлиги солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган.
Жумладан, Бухоро вилояти бўйича яратилган 869 та иш ўрнидан 665 таси (76 фоиз), Жиззах вилоятида 363 та иш ўрнидан 307 таси (84 фоиз), Фарғона вилоятида 2 924 та иш ўрнидан 2 620 таси (89 фоиз) солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
Айрим лойиҳалар бўйича жорий йилда яратилган иш ўринлари ўз тасдиғини топмади.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилганлиги қайд этилган Зарбдор туманидаги «Бўстон Строй Шифер» МЧЖ аслида 2021 йилнинг декабрь ойида фаолиятини тўхтатганлиги маълум бўлди.
Тўрақўрғон туманида «Кўзмунчоқ зиё Нур» МЧЖ ва Қува туманида «Темурбеклар мактаби» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 2021 йилнинг август ва ноябрь ойларида фаолиятини бошлаган бўлса-да, жорий йилги ҳудудий инвестиция дастурига янги лойиҳа сифатида киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сонли қарорида белгиланган хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали келгусида кафолатли иш ўринларини яратиш билан боғлиқ айрим тадбирларнинг ижроси муддатидан кечиктирилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Когон туманлари ва Когон шаҳри, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ҳудудидан ўтувчи халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида танланган ер участкалари очиқ электрон аукцион савдосига ҳанузгача жойлаштирилмаган.
Шунингдек, Фарғона, Қоракўл туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича қурилиш ер майдонларига аниқлик киритилмаган.
Хизматлар соҳасида яратилган иш ўринларининг асосий қисми ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига тўғри келиб, янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринлари яратилиши Наманган вилоятида атиги 7 фоизни, Жиззах вилоятида 12 фоизни ва Бухоро вилоятида 21 фоизни ташкил этади. Шунингдек, хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши сабабли ҳисоботларда жами ҳудудда яратилган иш ўринлари сони ошириб кўрсатилган.
Жумладан, Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотда хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилганлиги қайд этилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида янги иш ўрни сифатида такрорланган.
Фарғона вилоятида 837 та ва Наманган вилоятида 2,3 мингта иш ўрни ҳисобига аҳоли бандлиги таъминлангани корхона ва ташкилотлар солиқ ҳисоботида акс эттирилмаган.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш режаси Бухоро вилоятининг Қоровулбозор ва Бухоро туманлари, Жиззах вилоятининг Пахтакор ва Фориш туманлари, Наманган вилоятининг Учқўрғон ва Норин туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Ёзёвон ва Фурқат туманларида бажарилмаган.
Жорий йилда янги ташкил этилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг Янгиобод туманида 45 фоизи, Зарбдор туманида 25 фоизи, Когон шаҳрида 30 фоизи, Бухоро шаҳрида 23 фоизи, Мингбулоқ туманида 24 фоизи фаолиятини вақтинча тўхтатган.
Бухоро вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизими маълумотлари базасида мавжуд бўлмаган 2,4 мингта иш ўрни ҳисоботларда қўшиб ёзилган.
Ҳудудларда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан бир марталик ижтимоий солиқ тўловини тўлаш, шунингдек, уларнинг келгусида кафолатланган меҳнат имтиёзларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилмаган.
Хусусан, Жиззах вилоятида ўзини ўзи банд қилган 44,1 мингдан зиёд шахсдан атиги 2,8 минги (6,3 фоизи) бир марталик ижтимоий солиқ тўловини тўлаган, холос.
Фермер хўжаликлари томонидан яратилган иш ўринларида меҳнат қонунчилиги асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчиларга ҳисобланган иш ҳақи тўловларини солиқ ҳисоботларида акс эттириш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилмаган.
Жумладан, фермер хўжаликларида яратилган иш ўринларида банд аҳолининг Бухоро вилоятида 64 фоизи, Жиззах вилоятида 58 фоизи солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
Аҳолининг хабардорлиги ва манфаатдорлиги пастлиги сабабли деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун очиқ электрон аукцион савдосига қўйилган Бухоро (801 гектар), Жиззах (1 240 гектар) ва Наманган (815 гектар) вилоятларидаги 2,8 минг гектардан ортиқ ер майдони бўйича аризалар келиб тушмаган, натижада янги иш ўринлари яратиш прогноз кўрсаткичи режаси бажарилмасдан қолган.
Шунингдек, аукцион савдолар натижасига кўра фуқароларга ажратилган ер майдони бўйича ташкил этилган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Жумладан, Наманган вилоятида очиқ электрон онлайн-аукцион савдоларига 44 552 та лотда қўйилган ер майдонлари бўйича танлов ғолиблари аниқланган бўлса-да, жорий йилнинг январь-апрель ойларида мазкур деҳқон хўжаликлари тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Қурилиш соҳасида яратилган янги иш ўринларининг Бухоро вилоятида 83 фоизи, Наманган вилоятида 74 фоизи, Фарғона вилоятида 82 фоизида аҳоли бандлиги таъминланганлиги солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
Спортни ривожлантириш соҳасида Бухоро вилоятида жорий йилнинг январь-апрель ойларида 57 та янги иш ўрни яратилиб, тасдиқланган режа бор-йўғи 19 фоизга бажарилган.
Ишсиз фуқароларни меҳнат ярмаркаларига жалб қилиш, уларни таклиф этилган иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.
Жумладан, меҳнат ярмаркаларига жалб этилган жами фуқароларнинг Фарғона шаҳрида 2 фоизи, Қувасой шаҳрида 4 фоизи, Қўқон шаҳрида 7 фоизи ва Фарғона туманида 6 фоизи таклиф этилган иш ўринларида бандлиги таъминланган, холос.
Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурининг ижроси Чуст (55 фоиз), Данғара (61 фоиз), Давлатобод (62 фоиз), Бахмал (67 фоиз) ва Вобкент (70 фоиз) туманларида бажарилмаган.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларидан фойдаланиш даражаси бўйича энг паст кўрсаткич Учкўприк (2 фоиз), Олтиариқ (3 фоиз), Ғиждувон (9 фоиз) ва Тўрақўрғон (9 фоиз) туманларида қайд этилган, яъни мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаган.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаси» ҳисобидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларини имтиёзли молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига ресурс маблағи ажратилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудуд ва тармоқларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳокимликларига янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган, прогноз кўрсаткичларини бажармаган Бухоро вилоятининг Бухоро, Жондор, Когон ва Қоравулбозор туманлари, Жиззах вилоятининг Арнасой, Бахмал, Зарбдор ва Зафаробод туманлари, Наманган вилоятининг Наманган, Мингбулоқ, Косонсой ва Учқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона, Олтиариқ ва Данғара туманлари масъулларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўрсин;
қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер ва деҳқон хўжаликларида яратилган иш ўринлари солиқ ҳисоботларида қайд этилишини рағбатлантирувчи механизмлар асосида ташкил этсин;
республика корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи ва ходимлар фаолиятини, уларга иш ҳақи тўланишини белгиланган тартибда қайд этиш мақсадида 2023 йилга мўлжалланган бюджет-солиқ сиёсати концепциясида жисмоний шахслар даромадларини солиққа тортишнинг прогрессив шкаласини қўллаш масаласини кўриб чиқсин;
аукцион савдолари натижасида ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
аукцион савдоларида узоқ муддат давомида эгаси аниқланмаган, балл бонитети паст бўлган қишлоқ хўжалик ерларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг аҳоли яшаш жойига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ҳудудлардан ажратилишини таъминлаш чораларини кўрсин;
шаҳар ва туманлар ҳудудидан ўтувчи халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида танланган ерлар тоифасини ўзгартириш масаласини кўриб чиқсин;
Фарғона, Қоракўл туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича қурилиши мўлжалланган ер майдонларига аниқлик киритиб, белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинишини таъминласин;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга оширишда иш берувчи сифатида тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича зарур чоралар белгиласин;
икки ой муддатда мазкур Қарор ижроси юзасидан умумлашган ахборотни Олий Мажлис Сенатига киритсин.
4. Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари:
икки ҳафта муддатда ўрганиш маълумотномасида қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқласин, ижроси юзасидан таҳлилий ахборотни ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 25-санасига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашларига тақдим этсин;
ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида антенна-мачта иншоотлари ва улар эгаллаган ер участкалари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиладиган қишлоқ жойларга кирадиган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқлаш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритсин;
касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўқишни тугатган фуқароларни, хусусан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларининг натижадорлигини ошириш бўйича мутасадди идораларнинг масъулиятини кучайтирсин;
ушбу банд ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги батафсил ахборотни Олий Мажлис Сенатига бир ой муддатда тақдим этсин.
5. Жиззах вилояти ҳокимлиги:
бир ҳафта муддатда қурилиш соҳасида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурлари доирасида туман (шаҳар)лар ва пудрат корхоналари кесимида янги иш ўринларини яратишнинг манзилли рўйхатини ишлаб чиқиб, ижро этилишини таъминласин;
бир ой муддатда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаси» маблағларидан келгусида мақсадли ва самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
Адлия вазирлиги билан биргаликда аҳоли бандлиги соҳасига оид амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда «доимий иш ўринлари», «мавсумий иш», «бир марталик иш», «вақтинчалик иш», «аҳоли бандлиги» ва бошқа муҳим асосий тушунчаларни қонунчиликка киритиш масаласини ўрганиб чиқсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда янги иш ўринларини яратиш, аҳолини иш билан таъминлаш билан боғлиқ бўлган барча маълумотларни ягона тизимга келтириш мақсадида «Ягона миллий меҳнат тизими»ни Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг «Онлайн маҳалла» электрон платформаси ҳамда солиқ органи маълумотлари базаси билан интеграциялашувини таъминласин;
шаҳар ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатилган хизматлар, шу жумладан корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлашган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни «Бандлик хизмати» ахборот тизимида акс этишини доимий равишда назоратга олсин;
икки ҳафта муддатда 2022 йилнинг I ярим йиллигида ҳудудлар ва тармоқларда яратилган иш ўринлари тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар, мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифларни Олий Мажлис Сенатига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Савдо — саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда:
янги иш ўринлари яратиш дастури ижроси қониқарсиз бўлган Қоровулбозор, Бухоро, Пахтакор, Фориш Учқўрғон, Норин, Ёзёвон ва Фурқат туманларида ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва ижросини таъминласин;
жорий йилнинг 10 августига қадар ҳудудлар кесимида ҳунармандчиликни жадал ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни Олий Мажлис Сенатига тақдим этсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари:
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари томонидан тижорат банкларига ажратилган ресурс маблағлари ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш самарадорлиги юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ахборот берсин;
ташкил этилаётган янги иш ўринларини, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган аҳолини ҳисобга олишда соҳалар кесимида маълумотлар такрорланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги инобатга олиб, ҳудуд бўйича умумий ҳисоботни шакллантиришда, такрорланувчи рақамларни чегириб ташлаган ҳолда солиқ органлари ва ЯММТ электрон маълумотлар базасидаги маълумотларга мувофиқ бўлган ҳисоботларни тақдим этилишини таъминласин;
ўзини ўзи банд қилган фуқароларни аниқлаш, уларни ўз вақтида расмийлаштириш, бу борада аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боришни кучайтирсин;
меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқишда ва унинг ижросини амалга оширишда тармоқ ва назорат қилувчи органларни қатъий белгилаш ва уларнинг жавобгарлигини янада ошириш чораларини кўрсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги «Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаси» тижорат банкларига ресурс маблағлари ажратилиши юзасидан алоҳида тадбирлар ишлаб чиқиб, маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокама қилиш тавсия этилсин.
10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 21 июль,
КҚ-389-IV-сон