Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун доирасида амалга оширилган.
Жорий йил январь — март ойларида ялпи ички маҳсулотнинг номинал ҳажми 162 трлн 785 млрд сўмни ташкил этиб, Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга, жумладан, саноат 5,7 фоизга, қурилиш 6,3 фоизга ҳамда хизматлар соҳаси 6,9 фоизга ўсган.
Инфляция даражаси 2,9 фоизни ташкил қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляция кўрсаткичи 4,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,1 фоизга ва хизматлар 1,5 фоизга ошган.
Ташқи савдо айланмаси 13 млрд 156 млн АҚШ доллари бўлиб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 74,8 фоизга кўпайган.
Давлат бюджети даромадлари 41 трлн 916 млрд сўмни, харажатлари эса 42 трлн 943 млрд сўмни ташкил этиб, Давлат бюджети тақчиллиги 1 трлн 27 млрд сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджети харажатларининг 54,7 фоизи ижтимоий харажатлар ҳиссасига тўғри келиб 23 трлн 470 млрд сўм йўналтирилган.
Маҳаллий бюджетлар даромадлари 10 трлн 260 млрд сўмга ёки режага нисбатан 113,0 фоизга, харажатлари эса режага нисбатан 85 фоизга ижро этилиб, 15 трлн 532 млрд сўмни ташкил этган.
Даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маҳаллий бюджетларга қўшимча 1 трлн 174 млрд сўм манба шакллантирилган.
Шу билан бир қаторда, бюджетга солиқ қарздорлиги қарийб 2 трлн 988 млрд сўмга етиб, йил бошига нисбатан 67 млрд 58 млн сўмга ошган.
Хусусан, солиқ қарзининг ўсиши асосан Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган.
Бюджетга ортиқча тўловлар йил бошига нисбатан 4 млрд 106 млн сўмга пасайган бўлса-да, умумий сумма 101 млрд 594 млн сўмни ташкил этган.
Давлат молиявий назорати тадбирлари натижасида 39,2 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 199,8 млрд сўм бюджет маблағларидан асоссиз ва ортиқча тўловлар ва 22,7 млрд сўм мақсадсиз харажатлар амалга оширилгани аниқланган.
Халқ таълими, Мактабгача таълим, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари тизимида бюджет маблағларидан фойдаланишда (6 млрд сўмдан — 36 млрд сўмгача) ортиқча ва нотўғри тўловларга йўл қўйилган.
Хусусан, ҳудудларда 99,4 млрд сўмлик (Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 10 млрд сўмдан 16 млрд сўмгача) ортиқча ва нотўғри тўловлар амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3210-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чоракдаги ижроси ҳолатини, бюджетга боқиманда қарзлар ва ортиқча тўловларнинг ҳосил бўлиши ҳамда ажратилган маблағларнинг ноқонуний, мақсадсиз ишлатилишига йўл қўйган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш масаласини кўриб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари бир ой муддатда бюджет маблағларининг мақсадсиз, ноқонуний сарфланиши ҳолатлари билан боғлиқ сўнгги уч йиллик фаолиятини таҳлил қилган ҳолда хато-камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини, унга масъул ходимлар жавобгарлигини аниқлаб, бу каби камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
Ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича 2022 йилнинг 1 августига қадар Олий Мажлис Сенатига умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш устувор йўналишларини белгилаш орқали бюджетга солиқ тўловлари манбаларини кенгайтириш, ҳисобланган солиқларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш, боқиманда қарзлар ва ортиқча тўловларга чек қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни ўз муддатида молиялаштириш ва ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли, самарали фойдаланиш бўйича дастлабки ҳамда жорий назорат олиб боришнинг таъсирчан чораларини кўрсин;
бир ой муддатда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да кўзда тутилган тадбирлар, Ёшлар агентлигига ва шу каби бошқа мақсадлар учун ажратиладиган маблағларни тегишли молия йили учун олдиндан тақдим этиладиган харажатлар сметаси асосида маблағларни ажратиш тартиби бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳисоботларни биринчи даражали бюджет тақсимловчиларнинг барча харажатлари асосида шакллантириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлашни таъминласин;
маҳаллий бюджет маблағларини тақсимлашда туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш ва бу маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича молия органлари раҳбар ходимлари масъулиятини оширсин;
молиявий интизомни мустаҳкамлаш мақсадида ноқонуний харажатларга йўл қўйган вазирлик ва идоралар ҳисобчилари учун алоҳида ўқишлар ташкил этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда барча даражадаги бюджет маблағларини тақсимловчилар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция дастурларининг объектлари рўйхатини, уларнинг лойиҳа қиймати ҳамда ижроси тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси барча даражадаги бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан маълумотларнинг расмий веб-сайтларда жойлаштириш ҳолатини ўрганиб, натижаси юзасидан жорий йилнинг 5 октябрь кунига қадар Олий Мажлис Сенатига маълумот киритсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:
Давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда йўл қўйилган молиявий хатоларга эътибор қаратсин ҳамда келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий бюджетлар қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилишини таъминласин;
давлат солиқ хизмати, молия органлари ва бошқа тегишли маҳаллий органлар ҳамда тижорат банклари билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча манбаларни излаш ва шу асосда маҳаллий бюджет даромадлари базасини кенгайтириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари прогнозларини сўзсиз бажариш чораларини кўрсин;
давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан компенсация тўлови учун ҳудудий жамғармаларга маблағларнинг тўлиқ ўтказилишини таъминласин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенғеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига:
молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган тадбирлар учун маблағ ажратиш ҳолатларига барҳам бериш юзасидан чоралар кўриш;
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларида назарда тутилган тадбирлар учун маҳаллий бюджет ҳамда унинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган маблағларни ўз муддатида ажратиш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини назорат қилиш;
маҳаллий бюджет даромадларининг белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталарини инобатга олган ҳолда қўшимча манбаларни аниқлаш, солиқ қарзларини қисқартириш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳар чорак якунида халқ депутатлари Кенгашларида молия ва солиқ идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тавсия этилсин.
9. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
10. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 8 июль,
СҚ-565-IV-сон