Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2022 йил 11 июнь куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-913-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-918-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
ҚЛ-913 ва ҚЛ-918-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини бирлаштириш тўғрисида;
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 10 июнь,
2206-IV-сон