Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловнинг «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловнинг «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларни олий таълим билан қамров даражасини ошириш ҳамда талабаларнинг турар жой билан таъминланишини янада яхшилаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Сўнгги икки йилда талабаларнинг турар жой билан таъминланишини яхшилаш бўйича қонунлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган ПФ-6208-сонли Фармонига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Жорий йилда мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан 120,4 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек 2021 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 2022 йил 1 январдан эътиборан фуқароларнинг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмаслиги назарда тутилди.
Бундан ташқари талабаларни турар жой билан таъминлаш борасидаги муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида турар жойларни тадбиркорлик субъектлари маблағлари иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида қуриш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим асосида 2022 — 2025 йилларда 85 та олийгоҳда 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойини қуриш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўналишда кўрилган тизимли чора-тадбирлар ҳамда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2021 йилда талабалар турар жойларининг қуввати 32 070 ўринга кўпайтирилиб, 91 416 ўринга етказилган ва талабаларнинг турар жой билан таъминланиш даражаси 41 фоизга етган.
Шу билан бирга талабаларни турар жой билан таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш бўйича кўрилган чораларга қарамай бу борада ҳанузгача қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, тадбиркорлар билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талабалар турар жойларини ўз вақтида ва сифатли барпо этиш ишларини янада жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сонли Қарорида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига жорий йилнинг январь ойига қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда талабалар учун турар жой қидиришга ихтисослашган электрон платформа лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган бўлса-да, ушбу ахборот тизими ҳанузгача яратилмаган.
Ушбу ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги талабаларга турар жой излаш ва топиш билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун қўшимча 131,6 минг ўринли турар жойларга талаб сақланиб қолмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловнинг «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошқулов):
тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талабалар турар жойларини барпо этиш ишларини янада жадаллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда талабалар учун турар жой қидиришга ихтисослашган электрон платформа лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида тасдиқланган дастурга мувофиқ талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун тадбиркорларни жалб қилиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар устидан мунтазам равишда парламент назоратини олиб борсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 июнь,
2187-IV-сон