Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб таъкидлайдики, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида Давлат дастурларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ҳукумат қарорларининг бажарилишини таъминлашга йўналтирилган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Яъни, 2022 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ҳажми 162,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоиз ошган. Бунда саноат, хизматлар кўрсатиш ва қурилиш соҳалари иқтисодий ўсишнинг драйверлари бўлиб хизмат қилди. Хусусан, иқтисодий ўсиш саноатда 5,7 фоизни, хизматлар кўрсатиш соҳасида 6,9 фоизни, қурилишда 6,3 фоизни ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида 4,2 фоизни ташкил этди.
2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) даромадлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 41,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган режага нисбатан 107,2 фоиз ёки 2,8 трлн. сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 трлн. сўмга кўп бўлган.
Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 42,9 трлн. сўмни ташкил этиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 91,1 фоизни ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этган. Ҳисобот давридаги бюджет тақчиллиги 1,5 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,9 фоизни ташкил этди ва прогноз даражасида бўлди.
Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 23 469,9 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 54,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 14,4 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 21 308,5 млрд. сўми (90,8 фоизи) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, 1 980,0 млрд. сўми (8,4 фоизи) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига трансфертлар ҳамда 181,4 млрд. сўми (0,8 фоизи) аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун харажатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, айрим хатолар ва камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Хусусан, аксарият вазирликлар ва идоралар томонидан ривожлантириш дастурлари учун харажатлар ҳамда капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳридаги ҳалқа метрополитен линиясини қуриш ишлари учун режалаштирилган 61 842,5 млн. сўмдан 4 870,7 млн. сўм ёки 7,9 фоизини, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Геология фанлари университетининг Мирзо Улуғбек туманидаги бинолари ҳамда иншоотларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун ажратилган 16 111,5 млн. сўмдан 743,2 млн. сўм ёки 4,6 фоизини ўзлаштирган.
Вазирликлар ва идораларда ташкил этилган ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2022 йилнинг биринчи чораги давомида 2 514 та назорат тадбирларида жами 53 млрд. сўмлик молиявий хатолар ҳамда камчиликлар аниқланган. Шу билан бирга, профилактика тадбирлари натижасида 181,8 млрд. сўм миқдоридаги қонунга хилоф тўловлар тўланишининг олди олинган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида жами ўтказилган 1 687 та молиявий назорат тадбирларидан 1 283 тасида 261,7 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликлар, шу жумладан 39,2 млрд. сўм миқдоридаги камомад ва ўзлаштиришлар, бюджет маблағларидан 199,8 млрд. сўм миқдоридаги асоссиз ва ортиқча тўловлар ҳамда 22,7 млрд. сўм миқдоридаги мақсадсиз харажатлар, ҳуқуқбузарликларнинг бошқа турлари аниқланган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари режаси бажарилган бўлса ҳам, харажатлар кам миқдорда ижро этилган. Жумладан, 2022 йилнинг биринчи чорагида Республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг бор йўғи 95,3 фоизи (йиллик режанинг 17,8 фоизи), шундан жорий харажатлар 96,2 фоизга (йиллик режанинг 23 фоизи), ривожлантириш дастурлари 91,6 фоизга (йиллик режанинг 9,7 фоизи), капитал қўйилмалар 65,4 фоизга (йиллик режанинг 6,6 фоизи) ижро этилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қонунчиликда белгиланган тартибда барча сиёсий партиялар фракцияларида ва масъул қўмитада дастлабки тарзда муҳокама қилинганлигини, улар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинганлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
глобал иқтисодий алоқалардаги узилишлар, транспорт-логистика соҳаларида юзага келаётган муаммолар, дунё бозорларида озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар нархларининг кескин ошиши каби ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган ишларни тизимли равишда давом эттириш;
ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
2022 йилда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда марказлашган инвестиция ҳамда маҳаллий бюджет маблағларидан ҳамда бошқа манбалардан ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш чораларини кучайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси:
Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
молия, солиқ органлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали қўшимча даромадлар манбаларини аниқлаш ҳамда уларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш;
солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, боқиманда қарздорликларни камайтириш ҳамда ортиқча тўловларга йўл қўймаслик чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаган ҳолда бюджет ташкилотларининг ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг Давлат бюджетида назарда тутилган харажатларини ўз вақтида молиялаштиришга;
Давлат бюджети харажатлари ўзлаштирилмаган ҳолатларни тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таҳлил қилган ҳолда, уларнинг мақсадли ўзлаштирилишини таъминлашга;
бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан бюджет маблағларидан белгиланган тартибда оқилона ҳамда самарали фойдаланилишига, уларни натижадорликка йўналтиришга, шунингдек бирламчи ва жорий назорат юзасидан бюджет интизомини бузиш, камомад ҳамда мақсадсиз харажатлар юзага келиши сабабларининг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганиш, бу борада тегишли вазирликлар ва идораларнинг мақсадли индикаторлари бажарилиши юзасидан олиб бораётган ишлари устидан парламент назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш дастурлари бўйича тегишли вазирликлар ва идораларнинг мақсадли индикаторлари бажарилишини қўмиталар йиғилишларида муҳокама қилиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига жойларга чиққанида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг давлат ҳокимияти органларининг бюджетга қўшимча жалб этилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ташаббусли бюджет жараёнлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга бағишланган сессияларида иштирок этиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 май,
2168-IV-сон