Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2022 йил 4 февралда Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёшларнинг ҳаётига хавф солаётган, уларни онгига салбий таъсир қилувчи ахборот хуружларининг олдини олишга қаратилган ижобий ишлар олиб борилган.
Ёшларни, айниқса, болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, шу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Қонун билан ахборот маҳсулотларини ёш тоифаси бўйича таснифлаш ва ҳар қандай ахборотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш вақтида тегишли ёш тоифасини жойлаштирган ҳолда тарқатиш масаласи белгилаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 707-сонли қарори билан веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби жорий қилинган.
Интернет жаҳон ахборот тармоғининг «UZ» доменида фойдали маърифий ва мавзули веб-ресурсларни яратиш мақсадида жами 113 та стартап лойиҳаси IT-паркнинг инкубация ва акселерация дастурларига киритилиб, уларни қўллаб-қувватлаш учун жами 82,8 млрд сўм миқдорида молиявий кўмак жалб қилинган.
Жорий йилнинг май ойида «Википедия» Интернет-энциклопедиясида Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларни кўпайтириш мақсадида ёшлар ўртасида «Wiki Stipendiya» марафонини ўтказиш бўйича танлов эълон қилинган.
Шунингдек, фойдали веб-ресурслар, Интернет лойиҳалари, мобиль илова ва дастурларни яратувчи муаллифлар ҳамда дастурчилар сонини янада ошириш, ёшларни дастурлаш тилларига қизиқишини кучайтириш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Барча туман ва шаҳарларда замонавий компьютерлар билан жиҳозланган жами 205 та рақамли технологиялар ўқув маркази (IT-марказ) ташкил қилинган.
Шу билан бирга, ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентларни ривожлантириш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини ошириш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш борасида парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар бажарилмаган.
Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан миллий контент, веб-ресурслар ва миллий домен зонасини ривожлантириш ва оммавийлаштириш учун қулай шароитларни яратиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида яратиладиган маҳаллий ахборот ресурсларини янада илгари суриш ва оммавийлаштириш ишлари тизимли равишда олиб борилмаган.
2016 йилда «Davra.uz» миллий ижтимоий тармоғи ишга туширилган. Бироқ ушбу ижтимоий тармоқ замон талабларига жавоб бермаганлиги ва хорижий мамлакатлар ижтимоий тармоқлари билан рақобат қила олмаганлиги сабабли оммалашмаган.
Шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ёшлар ва вояга етмаганлар учун қизиқ бўлган матнли, фото-, видео-, аудиовизуал материалларга бой бўлган контентлар мавжудлиги, уларда баён этилаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келиши мониторинг ва таҳлил қилинмаган.
Инновацион ривожланиш, Туризм ва маданий мерос, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшлар ва вояга етмаганларнинг интеллектуал ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашадиган замонавий веб-ресурсларни шакллантириш, шунингдек, ахборот маконида Ўзбекистоннинг тарихи, илм-фани, маданияти ва санъатини тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаган.
Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистоннинг тарихий шахслари ва миллий қадриятларига мос контентларни кўпайтириш ишлари тизимли равишда амалга оширилмаган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар, олий ўқув юрти талабаларига медиасаводхонлик, танқидий фикрлаш, ахборот манипуляцияси, Интернетда шахсий маълумотлар дахлсизлиги тўғрисида тушунчалар бериш, уларда замонавий ахборот муҳитига тўғри ёндашувни шакллантириш бўйича аниқ методик қўлланмаларни ишлаб чиқмаган, таълим муассасаларида ушбу йўналишдаги ишларга етарли эътибор қаратилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 4 февралдаги СҚ-479-IV-сонли Қарори билан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб, Олий Мажлис Сенати бу борада етарли даражада ишлар амалга оширилмаганини қайд этади.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган вазирлик ва идоралар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, тегишли чоралар кўрсин;
миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ҳамда ахборот коммуникацион дастурлар яратиш борасида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўргансин ва уларнинг ижобий жиҳатларини миллий амалиётга жорий этсин;
мессенжер ёки ижтимоий тармоқ муваффақиятли бўлиши учун зарур инновацион ёхуд стартап бизнес лойиҳаларини эълон қилиб борсин;
Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ёшлар ва вояга етмаганлар учун қизиқ бўлган матнли, фото-, видео- ва аудиовизуал материалларга эга контентлар, уларда баён этилаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келишини доимий мониторинг қилиб борсин;
«Википедия» Интернет энциклопедиясида Ўзбекистон ҳақидаги материаллар, маданият, урф-одатлар ҳамда эришилган ютуқлар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини яратиш, ёшларга мўлжалланган ўзбек тилидаги контентларни кўпайтириш, маълумотларни жойлаштириш юзасидан вазирлик ва идоралар учун режа асосида ўқув семинарлар ташкил этсин;
Ўзбекистоннинг тарихий шахслари ва қаҳрамонлари тўғрисида замон талабларига жавоб берадиган миллий кино- ва мультфильмлар яратиш, мавжуд маҳсулотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида оммалаштирсин;
ёшлар ва вояга етмаганларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашадиган замонавий веб-ресурсларни кўпайтириш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъатини тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширсин;
«UZ» доменида фойдали маърифий ва мавзули веб-ресурсларни яратувчи муаллифлар ҳамда дастурчиларни рағбатлантиришга қаратилган танловларни ташкил этсин;
мактаб ўқувчиларига, олий ўқув юрти талабаларига медиасаводхонлик, танқидий соғлом фикрлаш, ахборот манипуляцияси, Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсий маълумотлар дахлсизлиги тўғрисида тушунчалар бериш, уларда замонавий ахборот муҳитига тўғри ёндашувни шакллантириш мақсадида методик қўлланмалар ишлаб чиқсин.
Ушбу қарор ижроси юзасидан тегишли «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, ижрога қаратсин ҳамда 2022 йил 15 сентябрга қадар Сенатга умумлаштирилган маълумот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ҳамкорликда медиа-режа асосида олимлар, соҳа вакиллари иштирокида ёшлар, вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган туркум кўрсатув, эшиттиришлар тайёрлаш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таҳлилий материалларни эълон қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси (Ф. Боқиев):
парламент сўровида кўтарилган масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралардан иборат Ишчи гуруҳ тузиш чораларини кўрсин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 октябрига қадар Олий Мажлис Сенати Кенгашига ахборот киритсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 28 май,
СҚ-545-IV-сон