Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмита қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятида 3 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, шундан 2 та қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаларини ва инсон ҳуқуқлари масалаларига оид қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида 45 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.
Қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорлари ижросини ўрганиш бўйича Қўмита томонидан 3 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
2022 йилнинг биринчи чорагида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 269 та мурожаат Қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилган. Таклифлари асосли деб топилган 8 нафар фуқарога Қўмита томонидан миннатдорлик хатлари юборилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича жами 75 та тадбир ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 233 маротаба чиқишлар қилинган ҳамда қонун ижодкорлиги ва Қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Қўмитасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишларида Қўмита масъул этиб белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;
Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олиш;
фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг ижро этилиши ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши юзасидан давлат органлари ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандларининг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 23 май,
2139-IV-сон