Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида
Олий Мажлис Сенати Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари бўйича тақдим этилган жавобни кўриб чиқиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, Айдар-Арнасой кўллар тизимига (бундан буён матнда кўллар тизими деб юритилади) сув ташлаш ва унинг сув сатҳини барқарор ушлаб туриш мақсадида Жанубий Мирзачўл канали орқали Арнасой сув омборини тўйинтирувчи каналларни реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилган.
Бунинг натижасида Арнасой сув омборига жами 43 м3/с сув ташланиб, куз-қиш ойларида қўшимча 350 — 400 млн м3 сув йиғиш имконияти яратилган.
Кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш мақсадида инкубация цехи ҳамда балиқ ўстириш учун сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш учун 238 гектар майдон ажратилган ҳамда чавоқ етиштириш бўйича инкубация цехи барпо этилган.
Шунингдек, кўллар тизимининг Жиззах вилоятидаги ҳудудида экотуризмни ривожлантириш мақсадида 15,2 млрд сўмлик 11 та лойиҳа амалга оширилган.
Жорий йилда ҳудудда замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳаваскорлик ва балиқ ови спортини ривожлантириш, кўллар тизими атрофида узоқ муддатли шартнома асосида замонавий енгил конструкцияли объектларни қуриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, соҳага доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 февралдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-141-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 мартдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 136-сонли қарори қабул қилинган.
Айнан, парламент сўровида қайд этилган масалалар ушбу ҳужжатларда ўз аксини топган.
Жумладан, кўллар тизимини балиқлантириш ҳамда балиқчиликни ривожлантиришда илғор технологияларни жорий этиш, балиқ захирасини кўпайтириш, соҳада туризмни янги босқичга олиб чиқиш, туз қатлами ҳосил бўлишининг олдини олиш ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан парламент назорати доирасида 2023 йил 1 сентябргача ҳар чоракда тегишли раҳбарларнинг ахборотини эшитиб борсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 20 май,
КҚ-350-IV-сон