Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2021 йил 18 ноябрда Тошкент шаҳрида ва 2021 йил 19 ноябрда Москва шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасидаги ядровий авария ҳақида тезкор хабар бериш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфсизлик соҳасида ахборот алмашиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида Россия томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга киргандан сўнг Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 26 май,
ПҚ-260-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.05.2022 й., 07/22/260/0453-сон; 25.05.2024 й., 06/24/79/0363-сон)