Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган сўровлар таҳлили тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А. Қодировнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган сўровлар таҳлили тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, парламент назоратининг муҳим шакли ҳисобланган депутат сўровидан кенг ва самарали фойдаланиш жойлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, сайловчилар кўтараётган муаммоларни ҳал этиш, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини янада оширишга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда депутат сўрови институтининг мақоми ва таъсири кучайтирилиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди. Жумладан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида депутат сўрови қайси мансабдор шахс номига юборилган бўлса, жавоби ўша шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида мансабдор шахслар томонидан депутат сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Бугунги кунда сайлов округларида ўтказилаётган учрашувлар, жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этишда депутатлар ушбу институтдан унумли фойдаланиб келмоқда.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, депутатлар томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан жами 86 та депутат сўрови юборилган. Ушбу сўровларнинг 79 таси (91,9 %) вазирликлар, идоралар ва бошқа марказий муассасалар раҳбарларига, 5 таси (5,8 %) маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларига ҳамда 2 таси (2,3 %) ташкилот номига юборилган.
Юборилган депутат сўровларининг 21 тасида ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва қуриш, 16 тасида коммунал хизмат кўрсатиш, 14 тасида транспорт ва йўл қурилиши, 12 тасида таълим ва соғлиқни сақлаш, 6 тасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда 17 тасида бошқа соҳаларга оид масалалар кўтарилган.
Депутат сўровларида кўтарилган масалалар бўйича мансабдор шахслар томонидан асослантирилган тушунтиришлар берилган, натижада сайловчиларни қийнаб келаётган қатор масалаларнинг ечими юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда жўнатилган депутат сўровларининг таҳлили ушбу институтдан самарали фойдаланишда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, депутат сўровига мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида жавоб бермаслик, жавоб бериш муддатларини кечиктириш, жавобни сўров юборилган мансабдор шахс номидан эмас, балки бошқа шахслар номидан юбориш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Масалан, юборилган 86 та депутат сўровининг 36 тасига кечиктириб жавоб берилган, 6 тасига умуман жавоб берилмаган, атиги 17 тасига масъул мансабдор шахс номидан жавоб қайтарилган.
Баъзи депутат сўровларига умумий мазмунда жавоб берилаётганлиги сўровларда кўзда тутилган натижага эришиш имконини бермаяпти.
Айрим депутат сўровларининг муайян масала юзасидан нуқтаи назарни билдириш ёки асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилмаган ҳолда, яъни умумий мазмунда юборилаётганлиги ушбу институтнинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги пасайишига олиб келмоқда.
Ўтган даврда юборилган депутат сўровларининг таҳлили мазкур институтнинг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлашни, сўров юборишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишни, ушбу институтдан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, депутат сўрови институтидан янада самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти асосий йўналишлари 8-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А. Қодировнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган сўровлар таҳлили тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
депутат сўровини фракцияларда амалдаги тартиб асосида рўйхатга олиб борилишини таъминлаш;
депутат сўровини юборишдан олдин уни тегишли фракция раҳбари билан маслаҳатлашиш;
депутат сўровини ўз вақтида кўриб чиқмаганлик ҳолатларига мунтазам равишда йўл қўйган ёки сўров юзасидан юборган ёзма жавобдан қониқиш ҳосил қилинмаган мансабдор шахснинг ахборотини фракция мажлисларида эшитиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони (К. Эрназаров) билан биргаликда:
депутат сўрови институтидан самарали фойдаланиш ва депутат сўровини юбориш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида «Депутат сўровини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари» мавзусида туркум ўқув-семинарлар ташкил этиш;
барча депутатларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида рўйхатга олинган депутат сўровлари ва уларга келган жавобларнинг ягона базасини электрон тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ички тармоғига жойлаштириш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 апрель,
2013-IV-сон