Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қарори
Ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларининг янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисидаги ахборотини эшитиб ҳамда Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган ўрганиш натижаларини муҳокама қилиб, ҳудудларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жорий йилнинг январь-март ойларида ишсиз ва чет элда ишлаб қайтиб келган 72,8 минг нафар фуқарога мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашишда кўмаклашилган.
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» доирасида 13,2 минг нафар фуқарога 31,6 млрд сўм субсидия ажратилиб, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланган.
Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан 30,7 минг нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган.
Шу билан бирга, айрим соҳа ва ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилган ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаган.
Хусусан, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида янги иш ўринларини яратишнинг прогноз параметрлари ва унинг ҳар ойлик ижроси халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасидан ўтказилмаган.
Шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириб, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида вилоятларда штаблар фаолияти йўлга қўйилмаган.
Вазирлик, идоралар билан вилоятлар ҳокимликлари ўртасида янги иш ўринлари яратиш борасидаги ҳамкорликнинг йўлга қўйилмаганлиги оқибатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика штаби ва ҳокимликларнинг маълумотлари ўртасида фарқ мавжуд.
Хусусан, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг маълумотида қурилиш соҳасида 1 498 та янги иш ўрни яратилиб, белгиланган режа 139 фоизга бажарилганлиги қайд этилган бўлса-да, Вазирлар Маҳкамаси маълумотида бу соҳада 693 та янги иш ўрни яратилганлиги кўрсатилган.
Вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этиладиган янги иш ўринларининг манзилли рўйхатлари тўлиқ шакллантирилмаган.
Бундан ташқари, яратилган иш ўринлари сони солиқ органлари маълумотлар базасидаги маълумотлар билан солиштирилганда, манзилли рўйхат ва лойиҳалар кесимида иш ўринлари яратилганлиги ўз тасдиғини топмади.
Хусусан, Инвестиция дастури доирасида ишга тушган лойиҳалар бўйича Сирдарё вилоятида 1 173 та иш ўрнидан 1 170 тасида (99 фоиз), Қашқадарё вилоятида 417 та иш ўрнидан 386 тасида (93 фоиз) ва Сурхондарё вилоятида 731 та иш ўрнидан 583 тасида (80 фоиз)да аҳоли бандлиги таъминланмаган.
Қашқадарё вилоятидаги пахта ва ғаллачилик, мева-сабзавотчилик кластерларида 3 060 та янги иш ўрнининг 2 537 таси (83 фоизи), Сурхондарё вилоятидаги фермер хўжаликларида 3 484 та янги иш ўрнининг 883 таси (25 фоизи) амалда яратилмаган.
Сирдарё вилоятида пиллачилик соҳасида 3 637 та иш ўрни ошириб кўрсатилган.
Электрон аукцион савдосига чиқарилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича етарли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаганлиги сабабли аҳолининг хабардорлиги паст.
Натижада аукционга чиқарилган ер майдонларининг Сурхондарё вилоятида 69 фоизи, Қашқадарё вилоятида 57 фоизи ва Сирдарё вилоятида 48 фоизида талабгор фуқаролардан аризалар келиб тушмаганлиги сабабли аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланган.
Шу жумладан, Қашқадарё вилоятида 2,8 минг гектар ер участкаси бир неча маротаба такроран савдога чиқарилган бўлса-да, аукцион самарасиз якунланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сони қарорига асосан халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида 4,3 гектар, Сирдарё вилоятида 3,5 гектар ва Сурхондарё вилоятида 2,0 гектар зарур инфратузилма билан таъминланган ер участкалари тегишли ташкилотлар билан келишиш ишлари якунланмаганлиги сабабли электрон аукцион савдосига ҳанузгача жойлаштирилмаган.
Сирдарё вилоятида янгидан фаолиятини бошлаган 794 та якка тартибдаги тадбиркордан 144 таси бир ойнинг ичида фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган аноним сўровнома натижаларига кўра, ушбу соҳада ишловчи ходимларнинг 55 фоизи норасмий банд бўлганлардир.
«Уста-шогирд» анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш йўналиши бўйича иш ўринларини ташкил этиш режаси Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Муборак, Нишон ва Яккабоғ туманларида умуман бажарилмаган.
Қурилиш соҳасида Қашқадарё вилоятида 757 та, Сирдарё вилоятида 704 та иш ўрни режага нисбатан кам яратилган бўлса, Сурхондарё вилоятида 1 150 та янги иш ўрнининг 583 таси солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
Туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш лойиҳалари ҳисобига ташкил этилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий инвестиция дастури доирасидаги лойиҳаларда ҳам такроран кўрсатилган.
Хусусан, Сирдарё вилоятида туризм йўналишида яратилган 156 та янги иш ўрнининг 91 таси ҳудудий инвестиция дастури доирасида яратилган иш ўринлари маълумотида ҳам қайд этилган.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида спорт соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган, яратиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати ишлаб чиқилмаган.
Меҳнат ярмаркаларида корхона ва ташкилотлар етарли миқдордаги бўш иш ўринлари билан иштирок этган бўлса-да, ишсиз фуқароларни ярмаркаларга жалб қилиш, уларни таклиф этилган иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.
Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ўтказилган ярмаркада корхона ва ташкилотлар 741 та бўш иш ўрни билан қатнашган бўлса, мазкур ярмаркага бор-йўғи 13 нафар фуқаро жалб этилган.
Қашқадарё вилоятининг Касби ва Муборак туманларида эса меҳнат ярмаркалари ташкил этилмаган.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз, Қизириқ, Қумқўрғон туманлари ва Термиз шаҳрида касб-ҳунарга ўқитилган ишсизларнинг бандлиги таъминланмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудуд ва тармоқларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларининг янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятлари ҳокимликларига янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда масъулиятсизлик билан ёндашганлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ой муддатда 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида янги иш ўринларини яратишнинг прогноз параметрлари ижросини соҳалар ва йўналишлар кесимида чуқур таҳлил қилиб, тегишли ҳукумат аъзолари ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўрсин ҳамда натижаси юзасидан Сенатга ахборот киритсин;
бир ой муддатда соҳа ва йўналишлар кесимида яратилган иш ўринларини мувофиқлаштирган ҳолда мониторинг қилиб бориш имкониятини берувчи махсус электрон тизимни жорий этиш чораларини кўрсин. Бунда:
бир лойиҳада яратилган янги иш ўринларининг бир неча соҳаларда такрорланишининг олдини олиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида ижара ҳуқуқи асосида бериладиган ер майдонларини улар аукцион савдолари натижасига кўра ҳақиқатда фуқароларга ажратилиб, деҳқон хўжалиги давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ҳисобга олиш;
қишлоқ хўжалигида мавсумий ва вақтинчалик иш ўринларида банд бўлган фуқароларнинг ҳисобини манзилли рўйхати асосида юритиш тизимини йўлга қўйиш масалалари назарда тутилсин;
янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган, прогноз кўрсаткичларини бажармаган Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Сирдарё туманлари, Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон, Олтинсой, Сариосиё, Термиз ва Қумқўрғон туманлари, Қашқадарё вилоятининг Касби, Муборак, Яккабоғ, Қарши ва Ғузор туманлари масъул раҳбарларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш;
меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳоли ўртасида «E-auksion.uz» электрон савдо платформасига қўйилган ер майдонлари бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда ҳоким ёрдамчиларининг фаоллигини ошириш;
янги иш ўринларини яратишга масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда туман (шаҳар) ва соҳалар кесимида жорий йилнинг биринчи чорагида ташкил этилган янги иш ўринларининг тўлиқ манзилли рўйхатини шакллантириш;
вилоят ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини танқидий қўриб чиқиш ва жамғарма фаолиятини такомиллаштириш;
бўш иш ўринлари бўйича меҳнат ярмаркаларини нафақат шаҳар ва туманлар марказида, балки маҳаллалараро ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш;
меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга тайёрлаш дастурлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, бунда ўқув марказлари имкониятларидан унумли фойдаланиш, ўқишни тугатган ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат ярмаркалари натижадорлигини ошириш бўйича тегишли чоралар кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
юридик шахсларда банд бўлганлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ёлланма ишчилари, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларида банд бўлган аҳолининг ҳисобини юритиш бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқсин ва унинг амалдаги тизим билан интеграциялашувини;
иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Республика штабига уларнинг сўровига асосан маълумотлар тақдим этилишини;
ишга қабул қилинган ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг меҳнат муносабатларини ўрнатилган тартибда расмийлаштириш орқали бюджетга солиқ тушумлари оширилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида:
янги иш ўринлари яратиш дастури, яратиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати ҳамда соҳалар ва йўналишлар кесимида мавжуд бўш иш ўринлари;
аҳолининг қонуний меҳнат фаолиятини кафолатлаш бўйича яратилган имтиёзлар ва ажратилган субсидиялар;
ўтказилиши режалаштирилган меҳнат ярмаркалари тўғрисидаги ахборотлар жойлаштирилиши ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминласин;
ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи штаблар фаолиятини такомиллаштирган ҳолда, уларда янги иш ўринларини яратиш ишларини доимий равишда мониторинг қилиб борилишини йўлга қўйсин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
инвестиция дастури доирасида ташаббускорлар томонидан рад этилиб, истиқболсиз деб топилган лойиҳалар ўрнига янги лойиҳаларни шакллантирсин ва ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
инвестиция дастури лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш юзасидан зарур чоралар кўрсин ҳамда фойдаланишга топширилган лойиҳалар доирасида яратилган иш ўринлари бўйича фуқаролар ишга жойлашгани расмийлаштирилганига алоҳида эътибор қаратсин;
ушбу банд ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги батафсил ахборотни Олий Мажлис Сенатига бир ой муддатда тақдим этсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 4 февралдаги СҚ-478-IV-сонли Қарорининг 6-иловасида келтирилган намунавий тартибга мувофиқ жойларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари самарадорлиги устидан назоратини амалга ошириш;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари негизида янги иш ўринларини яратишга ва маблағлар аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадларини кўзда тутувчи тадбирларга йўналтирилишига алоҳида эътибор қаратиш;
ҳар чоракда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар, ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича «Йўл хариталари» ижросини муҳокама қилиб, мутасадди раҳбарлар фаолиятига танқидий баҳо бериб бориш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмиталари ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини назорат қилиб борсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 27 апрель,
КҚ-337-IV-сон