Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш. Ғаниевнинг фермер хўжаликлари фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш. Ғаниевнинг фермер фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахборотини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида фермер хўжаликларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишдаги роли ва масъулиятини ошириш, маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчиларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, шартномавий муносабатлардаги эркинлик, нарх белгилаш, моддий-техник ресурслар таъминоти, кластерлар билан фермер ўртасидаги муносабатлар ва бошқа масалалар ўз аксини топган.
Республикада 84 мингта кўп тармоқли фермер хўжаликларига 3,5 млн гектардан ортиқ майдон ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган.
Туман фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилган. Марказда фермерларга бепул бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда консалтинг хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 20 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларида фермер ҳамда уларнинг фаолиятига доир мавжуд статистик маълумотларни солиштириш ва бирхиллаштириш мақсадида «Agroonline.uz» очиқ ягона электрон тизими яратилган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) томонидан 2017 — 2021 йиллар давомида фермер тегишли ташкилотлар олдидаги ҳақдорлигини бартараф этиш бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, 950 млрд 171 млн сўм миқдорида маблағ фермер, деҳқон фойдасига ундириб берилган.
Шунингдек, Кенгаш ва АТБ «Агробанк» билан ҳамкорликда «Фермерлар мактаби» негизида фермер раҳбарларини ўқитиш йўлга қўйилган.
Кенгаш томонидан кўрилган чоралар натижасида фермер томонидан 2021 йил учун давлат ресурсларига сотилган товарнинг ҳар бир тоннаси учун республика бюджети маблағларидан 350 минг сўмдан субсидиялар тўлаб берилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга, фермер фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашда бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд.
Фермер фаолиятига оид статистик маълумотларни шакллантиришда ягона амалиёт мавжуд эмас. Бугунги кунда ўнга яқин давлат органлари ва ташкилотлари томонидан статистик маълумотлар юритилмоқда. Шу боис фермер сони, уларга ажратилган ер майдонлари ва бошқа статистик маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжуд.
Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотда республикадаги мавжуд фермер сони 103 мингта, Кадастр агентлиги маълумотида 89 мингта, Фермерлар кенгаши маълумотида 84 мингта, Давлат солиқ қўмитаси маълумотида эса 180 мингта эканлиги кўрсатилган.
Бу, ўз навбатида, фермер тўғрисида аниқ маълумотларни шакллантириш, уларнинг фаолиятидаги муаммоларни тўғри таҳлил қилиш имконини бермаяпти.
Республикада 2017 йилда 3 мингта, 2018 йилда 6,3 мингта, 2019 йилда 28 мингта ҳолатда фермер ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига зид равишда бекор қилинган.
Наманган вилоятида 2019 — 2021 йилларда ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳолатлари сони 2447 тани ёки 34,1 фоизни ташкил этган.
Фермер сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу эса мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг камайиши, нархининг ошиши ва аҳолининг харид қувватининг пасайиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Наманган вилояти солиқ бошқармасининг маълумотларига кўра 2010 йилда жами 6416 та фермер хўжалиги солиқ тўлаган бўлса, 2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич 197 тага камайган.
Фермер суғуртавий ҳимоясини таъминлаш уларнинг асосий молиявий таянчи ҳисобланади. Бироқ уларнинг суғурта таъминоти талаб даражасида эмас. Шу боис фермер учун суғурта пули суғурта товонига нисбатан кам миқдорда тўлаб берилган.
2018 — 2020 йилларда фермер ва суғурта ташкилоти ўртасида 15 мингга яқин суғурта шартномаси тузилган бўлиб, моддий жавобгарлик юзасидан суғурта пулининг атиги 2 — 5 фоизи (44 — 65 млрд сўм) тўлаб берилган.
Фермер билан суғурта шартномасини электрон тартибда расмийлаштириш имкони мавжуд эмас, шунингдек, суғурта ҳодисаси юз берганда қопланиши лозим бўлган суғурта пулини белгилашда ўртача ҳосилдорлик кўрсаткичини шакллантиришнинг ягона амалиёти ва услубиёти ишлаб чиқилмаган.
Натижада фермер ҳақиқий ўртача ҳосилдорлиги инобатга олинмаяпти ва суғурта ҳодисаси юз берганда уларнинг моддий манфаатларига зиён етмоқда.
Соҳага оид илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни жорий қилиш даражаси қониқарсиз аҳволда. Илмий-тадқиқот, таълим ва ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатишни ўзаро боғлайдиган самарали тизим йўқ.
Билим ва ахборотларни тарқатиш бўйича қишлоқ хўжалигига оид тизимнинг йўқлиги соҳани илмий асосда ривожлантиришда жиддий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.
Фермер сони улар билан тузилган ижара шартномалари сонига мувофиқ келмайди. Жумладан, 2020 йилда 13 мингта фермер хўжалиги билан ижара шартномаси тузилмаган.
Барча фермер билан ижара шартномаси тузилмаётганлиги ҳамда уларнинг аксарияти шартномасиз фаолият олиб бораётганлиги Давлат бюджетига солиқ ва бошқа тушумлар тўлиқ ундирилмаслигига олиб келмоқда.
Фермер билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида тузилган шартномалар устидан етарли даражада мониторинг олиб борилмаганлиги сабабли 156 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Натижада республикада жами 24 мингдан ортиқ фермер 180 млрд сўмдан ортиқ дебит ҳақдорлиги юзага келган.
Қонун бузилиши ҳолатлари Қашқадарёда 22,6 фоизни, Қорақалпоғистонда 20 фоизни, Хоразмда 9,9 фоизни, Самарқандда 8,6 фоизни, Бухорода 7,6 фоизни, Навоийда 7 фоизни, Сирдарёда 4,8 фоизни, Тошкентда 4,4 фоизни, Андижонда 4 фоизни, Сурхондарёда 3,6 фоизни, Фарғонада 3,2 фоизни, Наманганда 2,8 фоизни, Жиззахда 1,4 фоизни ташкил этган.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга асосан ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши белгиланган.
Бироқ ҳудудларда узоқ муддатли ер ижара шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш ҳамда танлов ўтказиш билан боғлиқ қоидаларга тўлиқ риоя этилмаган. Республикада 3 мингдан ортиқ ҳолатда ер ижара шартномалари қонун ҳужжатларига зид равишда бекор қилинган. Шунингдек, 1 200 та ҳолатда тегишли туман ҳокимлари томонидан танлов ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинмаган, 2 мингдан ортиқ ҳолатда белгиланган намунавий шаклга риоя этилмаган.
Шу билан бирга, 4,7 мингта ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси туман (шаҳар) кадастр органларида рўйхатдан ўтказилмаган ҳамда 3 мингга яқин йиғмажилдларда ер участкаларини кўрсатиш далолатномалари тузилмаган.
Ер участкасини ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорини тасдиқлаш юзасидан ҳуқуқни нотўғри қўллаш амалиёти йўлга қўйилган. Жумладан, Наманган вилоятининг Поп туманида 150 дан ортиқ ҳолатда ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги туман ҳокими қарори қабул қилинганидан сўнг халқ депутатлари Поп туман Кенгашига тасдиқлаш учун киритилган.
Фермер билан ўтказилган учрашувлар давомида қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.
Жумладан, фермер томонидан етиштирилган пахта, буғдой, пилла хом ашёси учун тўловлар ўз вақтида ёки умуман амалга оширилмаслик ҳолатларининг мавжудлиги ҳамда ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг биржа савдоларида қиммат нархларда сотилаётганлиги келтириб ўтилган.
Республика бўйича ўтказилган сўровномалар ва давра суҳбатларида қатнашган 15 мингдан ортиқ фермер 10 мингга яқини ушбу ҳолат такрорланиб туришини билдирган. Жумладан, йилнинг бошида ёқилғи мойлаш маҳсулотларининг 1 литри учун 5 200 сўмдан шартнома тузилган бўлса-да, бироқ ҳозирда 8 200 сўмдан сотилаётганлиги аниқланган.
Кластерлар томонидан етказиб берилган ғалла ва пахта хом ашёси уруғининг нави тўғри ҳамда ҳаққоний аниқланмаётганлиги натижасида хом ашёнинг сифати пасайиб, чегирмалар миқдори ортган. Шунингдек, фермер ғалла ва пахта хом ашёсидан олинган даромадларидан ҳисоб рақамларига тушган пул маблағлари банклар томонидан автоматик равишда тўлов топшириқномасиз ечиб олиш ҳолатлари кузатилган.
Фермерларнинг кредит кафолати сифатида ерга бўлган ҳуқуқидан фойдаланиш механизмлари мавжуд эмаслиги оқибатида фермернинг инвестицион фаоллиги сустлашмоқда. Шу боис ерга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириш ҳамда ер муносабатларини ҳақиқий бозор муносабатлари даражасига етказиш лозим.
Қисқа давр мобайнида кластер усулида фаолият юритиш ўзининг ижобий жиҳатларини кўрсатди, бироқ шу билан бирга бу айрим салбий ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Хусусан, 2020 йилда 124 та ғалла кластеридан атиги 46 тасида ишни йўлга қўйиш учун зарур инфратузилма тўлиқ мавжудлиги аниқланиб, қатор камчиликлар туфайли 50 га яқин кластер фаолияти тугатилган.
Шу билан бирга, пахта тўқимачилик кластерларининг мингга яқин фермер хўжаликларидан 39 млрд сўмлик қарздорлиги мавжудлиги аниқланган, бу умумий қарздорликнинг 22 фоизини ташкил этган.
Андижон вилоятидаги айрим кластер корхоналари томонидан 1 268 та фермер хўжалигининг жами 68,3 млрд сўм миқдоридаги маблағлари контрактация шартномасида келишилган муддатда фермер ҳисоб рақамларига ўтказиб берилмаган.
Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномаларида тарафларнинг тенг ҳуқуқлилик принципларига амал қилинмаган ҳамда шартномавий жавобгарликни белгилашда бир тарафлама ёндашилган.
Самарқанд вилоятидаги Пахтачи, Пастдарғом, Жомбой, Нарпай, Оқдарё, Қўшробот, Ургут ва Тойлоқ туманларида фермер улар билан тузиладиган шартномалар хар доим бир хил мазмунда бўлишини ҳамда шартномалар тузилишида фермерлар ҳоҳиш-иродаси ҳисобга олинмаганлигини билдирган.
Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, бошқа йўналишда фаолият олиб бораётган кластерларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларни танлаш, фермерлар билан муносабатларни йўлга қўйишнинг аниқ механизми ва ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги оқибатида соҳада қатор тизимли муаммолар мавжуд.
Жумладан, соҳани тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда кластерларни ташкил этиш, уларни танлаб олиш мезонларининг ягона ва шаффоф механизмлари мавжуд эмас.
Кластерлар ва фермер ўзаро муносабатга киришишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш. Ғаниевнинг фермер фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
фермер фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратсин;
давлат органи ва ташкилотларидаги фермер ва улар фаолиятига доир мавжуд статистик маълумотларни ҳамма учун очиқ ягона электрон тизимда шакллантириш амалиётини жорий этсин;
фермер билан тузилган ижара шартномаларини ваколатли органлар томонидан ноқонуний бекор қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш масаласини кўриб чиқсин;
фермер билан суғурта шартномасини электрон тартибда расмийлаштириш, шунингдек, ўртача ҳосилдорликни статистика органлари ва Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг маълумотлари асосида шакллантириш ҳамда суғурта ҳодисаси юз берганда қопланиши лозим бўлган суғурта пулини ўртача ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини белгилаш тартибини ишлаб чиқсин;
фермер ҳамда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузилишини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштирсин;
фермер ёқилғи, минерал ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситаларини етказиб берувчи субъектлар доирасини кенгайтириш орқали ушбу тармоқдаги рақобатни ривожлантиришга эътибор қаратсин;
республикадаги мавжуд кластерларнинг ҳуқуқий мақомини ва фаолият йўналишларини аниқ белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;
хом ашё етиштириш, қайта ишлаш ва реализация қилишда шартнома шартларини бажаришда сусткашликка йўл қўйган мансабдор шахсларнинг фаолиятини кўриб чиқсин ва уларнинг масъулиятини янада оширсин.
Мазкур Қарорнинг ижроси юзасидан 2022 йил 1 октябрга қадар Олий Мажлис Сенатига ҳар чоракда ахборот тақдим этиб борсин.
3. Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашига контрактация шартномаларини электрон рўйхатга олиш амалиётини жорий этиш, фермер тегишли ташкилотлар олдидаги ҳақдорлиги юзага келиши сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш тавсия этилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
фермер фаолиятини қўллаб-қувватлашда, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда ҳимоя қилишда кластерлар, тегишли корхоналар ва ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда ўзаро ҳамкорликни кучайтирсин;
Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ер участкалари белгиланган тартибда ажратилган, бироқ ижара шартномаси тузилмаган туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда фермер ўртасида ижара шартномалари тузилишини ва кадастр органларидан давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига фермер фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш ҳамда мунтазам назорат қилиш мақсадида тегишли давлат органларининг ахборотларини халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида эшитиб бориш ва муҳокама қилиш тавсия этилсин.
6. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 28 апрель,
СҚ-524-IV-сон