Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда Давлат дастури деб юритилади) 2022 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, ҳукумат томонидан Давлат дастурини тизимли тарзда ва сифатли бажариш борасида бир қатор ташкилий ва амалий чоралар кўрилиши таъминланган.
Давлат дастурининг 7 та устувор йўналишида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли ишчи гуруҳлар тузилган, назорат режалари тасдиқланган, давлат дастурининг ижросини ҳар ойда таҳлил этиб, танқидий жиҳатдан муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилган.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида жами 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та фармони ва қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 7 та қарори ҳамда 40 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Ўтган даврда Давлат дастурининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда қайд этилган муҳим статистик кўрсаткичлар иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлаш, республика ҳудудларининг комплекс ривожланиш даражасини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Давлат дастурида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш соҳасида 695 та маҳалла комплекси қурилган, 71 та маҳалла биноси таъмирланган, шунингдек маҳаллаларнинг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 822 та «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ҳамда зарур шартига айлантириш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш учун бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, 26 та давлат органи ва ташкилотида, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими эксперимент тариқасида жорий этилган.
Шунингдек ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш мақсадида «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизими яратилган.
Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоизни ташкил этиб, савдо айланмаси ҳажми 110,8 фоизга ўсган. Жами қиймати 2 млрд. 448 млн. доллар бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда илк маротаба аҳолига ер майдонларини ижарага бериш тизими амалга татбиқ этилган. Хусусан, пахта ва ғалладан қисқартирилган паст ҳосилли 55 973 гектар ер майдони очиқ электрон танловлар орқали 256 минг нафар ғолибга ажратиб берилган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим ташкилотларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш ташкил этилган. Шунингдек «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 41 турдаги хизматлар (ёрдамлар) кўрсатиш тизими жорий қилинган.
Республикадаги 9 348 та маҳаллада «Ёшлар баланси» шакллантирилган ва унинг асосида 42 363 нафар ёшнинг контракт тўловлари, сафарбарлик чақируви резерви учун бадал пулларини тўлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш, субсидия ажратиш орқали меҳнат қуроллари билан таъминлаш учун «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан 65,4 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида ҳудудий таҳлил лабораториялари томонидан 385 та корхонанинг 1 160 та ифлосланиш манбасида атмосфера ҳавоси, оқова ва ер усти сувлари бўйича атроф-муҳит мониторинги тадбирлари амалга оширилган.
Шунингдек экологик барқарорликни таъминлаш, ўрмонларнинг майдонларини кенгайтириш, «яшил қопламалар» барпо этиш ишлари тизимли равишда олиб борилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларида жами 55 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган, ўрмон хўжаликлари томонидан 1 млн. 633 минг гектар майдонда доривор ўсимликларнинг маданий плантациялари ташкил қилинган.
Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида 24 — 26 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилиб, унда 55 дан ортиқ хорижий давлатдан икки минг нафардан зиёд ишбилармонлар ва йирик инвесторлар иштирок этиб, жами қиймати 7,8 млрд. долларга тенг савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланган.
Шу ўринда, ўтган даврда Давлат дастурида белгиланган мақсад-вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан парламент ҳамда ҳукумат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Бунда Қонунчилик палатаси томонидан юборилган парламент ва депутат сўровлари, шунингдек қатор назорат-таҳлил тадбирлари доирасида кўтарилган масалаларни биргаликда ҳал этиш чораларини амалга оширишга катта эътибор қаратилган.
Қайд этиш жоизки, Давлат дастуридаги жорий йил биринчи чорагида ижро этилиши белгиланган жами 87 та банддан 6 тасининг ижро муддати узайтирилган ва 17 тасининг ижросини таъминлашга доир ишлар якунланмаган.
Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастурини тасдиқлаш бўйича ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш билан боғлиқ ишлар охирига етказилмаган (95.1-банд).
«Ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоатларнинг энергия самарадорлигини ошириш» миллий дастурини тасдиқлаш бўйича (97.1-банд) норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган 14 та ҳудудий дастурни ишлаб чиқишга (150-банд) доир ишлар тугалланмаган.
Депутатлар Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўйича муҳокамалар жараёнида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, таълим-тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, ички туризмни жадал ривожлантириш, ҳудудлараро транспорт алоқаларини янада кенгайтириш, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижий олий ўқув юртларига юборилаётган ёшлар сонини ошириш, «Очиқ бюджет» жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш ва назоратни кучайтириш каби масалаларга ҳукуматнинг эътиборини қаратди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 6 та бандда ва бажарилиши якунланмаган 17 та бандда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан яқин ҳамкорликни янада кучайтириш;
Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чораларни кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
Давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг самарали ташкил этилиши ҳамда ушбу тадбирлар учун ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 26 апрель,
2067-IV-сон