Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги СҚ-361-IV-сонли Қарори ижроси юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Ешлар ишлари агентлиги (кейинги ўринлардa — Агентлик) директорининг «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги СҚ-361-IV-сонли Сенат Қарори ижроси юзасидан ахборотини муҳокама қилиб, бир қатор ишлар амалга оширилганини қайд этади:
Хусусан, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ҳудудларда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ўқув семинарлари ташкил этилган.
Рейтинг баҳолашга доир маълумотларнинг марказлашган электрон тизимини жорий этиш бўйича yoshlarportali.uz платформаси жорий қилинган.
Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рейтинг баҳолашда энг юқори натижа кўрсатган учта ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.
Ёшлар муаммоларини маҳаллабай механизми асосида тизимли бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини баҳолаб бориш мақсадида «Ёшлар дафтари» электрон платформаси ишга туширилган ва 8,4 миллиондан ортиқ ёшлар тўғрисидаги маълумотлар асосида «Ёшлар баланси» шакллантирилган, мавжуд 9 348 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти ташкил этилган.
Ёшлар етакчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича электрон баҳолаш механизми йўлга қўйилиб, амалга оширилган ишлар 5 та босқичда маҳалла — «сектор — туман (шаҳар) — вилоят — республика даражасида тегишли соҳалар кесимида рейтинг баҳолаб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган айрим камчиликлар ҳам мавжуд.
Хусусан, Агентликнинг қуйи тузилмалари томонидан индикаторлар асосидаги рейтинг баҳолашга доир ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, ушбу масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқилмаган.
Ёшларга оид давлат сиёсатига тааллуқли амалдаги учта рейтинг баҳолаш тизими мақсад ва вазифалари ўхшашлиги туфайли уларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда ягона онлайн баҳолаш тизимини жорий этиш зарурати мавжуд.
Рейтинг тизимига масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани оқибатида ўзаро номутаносиб маълумотлар шаклланиб, ёшларга оид аниқ ва тўғри статистика юритилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳудудларда рейтинг тизими асосида туман ва шаҳарлар орасидан ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш ишлари якунига етказилмаган.
«Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Узбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Узбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Узбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги СҚ-361-IV-сонли Қарори ижроси юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директори А. Саъдуллаевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (А. Саъдуллаев):
Агентлик қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан рейтинг тизими юзасидан юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши бўйича масъулиятини ошириш, уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан доимий ҳамкорлик олиб боришларини таъминлаш;
ишчи орган сифатида мониторинг ишларини давом эттириш ва тегишли маълумотларни Олий Мажлис Сенатига мунтазам тақдим этиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ёшларга оид давлат сиёсатига тааллуқли амалдаги учта рейтинг тизимини чуқур таҳлил қилиб, уларни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда ягона онлайн баҳолаш тизимини жорий этиш чораларини кўрсин.
3. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (Б. Сайфуллаев):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалаларига масъул ўринбосарлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими борасида олиб борилган ишлар юзасидан ахборотларини Қўмита мажлисларида мунтазам эшитиб бориш амалиётини жорий этсин;
икки ҳафта муддатда Агентлик билан биргаликда ҳудудлардан индикаторлар асосида рейтинг баҳолашга доир якуний маълумотларни олиб, таҳлил қилсин ва умумлаштириш ишларини якунига етказсин. Бунда ҳудудлар томонидан тўғри ва ишончли маълумотларнинг тақдим этилишида таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Олий Мажлис Сенатининг қўмиталари бир ҳафта муддатда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича индикаторлар асосида олинган рейтинг баҳолашга доир маълумотларни Қўмита фаолияти йўналишидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, тегишли хулосаларни умумлаштириш учун Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасига тақдим этсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларга оид статистик маълумотларни ўз вақтида Сенатга тақдим этиш;
рейтинг тизими асосида туман ва шаҳарлар орасидан ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш ишларини якунига етказиш чораларини кўрсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш юзасидан олиб борилган ишлар тўғисида масъуллар ахборотини эшитиш ҳамда рейтинг баҳолаш натижаларини сессияларда муҳокама этиш тавсия этилсин.
7. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (Б. Сайфуллаев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 28 апрель,
СҚ-523-IV-сон