Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Болалар масалалари бўйича миллий комиссия (кейинги ўринларда — Миллий комиссия) ҳамраисининг фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб, муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Хусусан, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссиялари (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) ташкил қилинган.
Миллий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг тегишинча ишчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари фаолияти йўлга қўйилган.
Бош вазир ўринбосари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) томонидан Миллий комиссиянинг ва ҳудудий комиссияларнинг намунавий низоми тасдиқланган.
Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари мудирлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида манзилли ўқув-семинарлар ташкил қилинган.
Болаларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириш мақсадида «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёши ўн уч ёшдан ўн турт ёшга оширилган.
«Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчаси ва «SOS» болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 392 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилгани натижасида 10 та «Меҳрибонлик» уйи, 4 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи фаолияти тугатилган.
Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини камайтириш ва рақамлаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан mu.maktab.uz платформаси яратилган.
2021 йил ҳамда 2022 йилнинг биринчи чорагида 758 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланган.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган ҳамда мазкур жамғармага 18 млрд сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжуд.
Миллий комиссия томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болалар-ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси талаб даражасида бажарилмаган.
Миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссияларга юклатилган вазифалар ижроси юзасидан таҳлилий-танқидий муҳокамалар ташкил Қилинмаган.
Миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссияларнинг намунавий низомлари ҳудудларга етиб бормаган, ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланган туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари низомлари тасдиқланмаган.
Ҳудудий комиссиялар ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ахборот тақдим этиб бормаган.
Аксар ҳокимликларда болаларга оид ҳужжатларни кўчириш, архив учун шароитлар яратиш масаласи ҳал этилмаган.
Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари ходимлари учун транспорт воситалари ажратиш масаласи якунига етказилмаган, бу олис ҳудудларда яшовчи оилалар ва болалар билан ишларни самарали ташкил қилиш имконини чекламоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича «Болалар омбудсмани тўғрисида»ги, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим ва бошқа оғир вазиятларга тушиб қолган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш юзасидан ҳуқуқий асосларни яратиш бўйича «Ижтимоий иш тўғрисида»ги, шунингдек, «Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини белгиланган муддатларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ишлари якунига етказилмаган.
Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида болаларни қабул қилган оилаларга ҳамда тутинган ота-оналарга бериладиган тўловлар, имтиёзлар, компенсациялар тизимини кенгайтириш, шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Назоратсиз ва қаровсиз қолган болаларни зудлик билан аниқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш, етим ва қаровсиз қолган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш тизимини соддалаштиришга қаратилган «Бола ҳимояси» ягона электрон ахборот тизими жорий қилинмаган.
Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини қисқартиш мақсадида фарзандликка олишни истовчи номзодларнинг электрон навбати йўлга қўйилмаган.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка ва ҳомийликка олган оилалар учун минимал стандартлар тасдиқланмаган.
Ривожланган хорижий давлатлар тажрибалари асосида ихтисослаштирилган касбий салоҳиятли тутинган (фостер) оилаларни ташкил қилиш ва болаларни уларга жойлаштириш ишлари олиб борилмаган.
Миллий комиссия томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши юзасидан мунтазам мониторинг олиб борилмагани оқибатида биргина Тошкент вилоятида минглаб мактаб ўқувчилари хорижга чиқиб кетган ва уларнинг келгуси тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.
Самарқанд вилоятида вояга етмаганлар томонидан 2021 йилда 74 та ҳолатда ўз жонига қасд ҳамда суиқасд қилиш (35 нафари қиз, 39 нафари ўғил бола) ҳолатлари содир этилгани мазкур муаммони тизимли ўрганиш ва олдини олиш чораларини кўриш зарурлигини англатади.
Ҳудудларда узоқ вақт даволаниши зарур бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш жараёнида дарс машғулотлари мунтазамлиги ва давомийлиги таъминланмаган.
Аксарият мактаблар директорлари ва ўқитувчилари якка тартибда дарё утиш бўйича меъёрий ҳужжатлардан хабардор эмас, баҳолаш (ўзлаштириш) табели йўқ ва ўқувчиларнинг йиғма жилди шакллантирилмаган.
Ушбу тоифадаги ўқувчиларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш чоралари кўрилмаган.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини тайинлашда маҳаллаларда коррупциоген омиллар (маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига тамагирлик) ва фирибгарлик («Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан аниқланиб, тайинланган болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари учун бир ойлик нафақа пулини талаб қилиш) каби ҳолатлар мавжудлиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳамда Перинатал марказлар, туғуруқ комплексларида оналар ва болалар ўлими кўпайгани юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сената қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраиси А. Юнусованинг Миллий комиссия томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган фаолият тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Болалар масалалари бўйича миллий комиссия:
бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудий комиссияларнинг болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш борасида Миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссияларга юклатилган вазифалар ижросини таҳлилий-танқидий муҳокама қилиш;
икки ҳафта муддатда Миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссияларнинг намунавий низомларини ҳудудларга етказиш, туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари низомлари тасдиқланишини таъминлаш;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва урта махсус таълим вазирликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда умумтаълим ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг мажбурий таълимга жалб этилганлик ҳолатини (давомати)ни ўрганиб чиқиш;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд ҳамда суиқасд қилиш сабабларини чуқур ўрганган холда уларнинг олдини олиш;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан биргаликда ҳудудларда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиш жараёнини мунтазам мониторинг қилиб бориш;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва нуронийларни куллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда болалар нафақаси ва моддий ёрдамлар тўғри тайинланганлигини назорат тартибида ўрганиш хамда натижалари юзасидан тегишли чоралар кўриш, шунингдек, МФЙ раислари иштирокида муҳокамалар ташкил қилиш;
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда болаликдан ногиронликни камайтириш, болалар туғилишидаги жароҳатлар, патологиялар профилактикаси, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чораларни тахлил қилиш юзасидан болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва перинатал марказлари ҳамда туғуруқ комплекслари фаолиятини ўрганиш ва натижалари юзасидан Сенатга ахборот тақдим этиш;
ҳудудий комиссияларнинг х,ар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ахборот тақдим этиб боришини назорат қилиш чораларини кўрсин.
Ушбу қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида йилнинг 1 августига қадар Сенатга ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
«Болалар омбудсмани тўғрисида»ги, «Ижтимоий иш тўғрисида»ги ҳамда «Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишни тезлаштириш;
«Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва бошқа муассасалардаги болаларни психиатрия текширувидан ўтказишни фақат Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) билан амалга оширишни назарда тутишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;
оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида болаларни қабул қилган оилаларга ҳамда тутинган ота-оналарга бериладиган тўловлар, имтиёзлар, компенсациялар тизимини кенгайтириш, шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва уни такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
назоратсиз ва қаровсиз қолган болаларни зудлик билан аниқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш, етим ва қаровсиз қолган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш тизимини соддалаштиришга қаратилган «Бола ҳимояси» ягона электрон ахборот тизимини жорий қилиш;
икки ҳафта муддатда туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари мутахассисларининг «Меҳр дафтари» платформасидан фойдаланиш бўйича малака ва кўникмаларини ошириш;
фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини камайтириш мақсадида фарзандликка олишни истовчи номзодларнинг электрон навбатини йўлга куйиш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка ва ҳомийликка олган оилалар учун минимал стандартларни ишлаб чиқиш;
ривожланган хорижий давлатлар тажрибалари асосида ихтисослаштирилган касбий салоҳиятли тутинган (фостер) оилаларни ташкил қилиш ва болаларни уларга жойлаштириш ишларини йўлга куйиш чораларни кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
бир ой муддатда болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари учун барча имкониятларга эга хизмат хоналари ажратилишини якунлаш, болаларга оид ҳужжатларни кўчириш, архив учун шароитлар яратиш;
олис ҳудудларда яшовчи оилалар ва болалар билан ишлашни самарали ташкил қилиш мақсадида болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари ходимлари учун транспорт воситалари ажратилиши масаласини ўрганиб чиқиш;
уйда якка тартибда таълим олаётган болалар учун муносиб шароит яратиш (доска, стол-стул ва бошқа ўқув анжомлари билан жиҳозлаш) чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига:
«Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни куллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари мақсадли сарфланиши юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш;
хар чоракда болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссияларининг фаолиятлари юзасидан ахборотларини эшитиш тавсия этилсин.
6. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (Б. Сайфуллаев) зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 28 апрель,
СҚ-527-IV-сон