Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН «ЗАМИН» ДАВЛАТ-АКЦИЯДОРЛИК ИПОТЕКА БАНКИНИНГ ИПОТЕКА КРЕДИТИ БЕРИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 31 майдаги 138-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Замин» банкининг гаров муносабатларини ва инвестиция фаолиятини ривожлантиришдаги имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Асака» банки, Давлат мулки қўмитасининг:
Молия вазирлиги томонидан 60 млн сўмга ва ихтисослаштирилган «Асака» давлат-акциядорлик тижорат банки томонидан 30 млн сўмга «Замин» банки акциялари пакетини сотиб олиши;
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан «Замин» банкининг Устав жамғармасига 20 млн сўм миқдорида қўшимча улуш қўшиши йўли билан «Замин» банкини молиявий соғломлаштириш ва унинг активларини кўпайтириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
1997 йил охиригача «Замин» банки счётига Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан ер участкаларини фуқароларга умрбод мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан сотишдан 150 млн сўм ўтказилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари кимошди савдоларида ер участкаларини умрбод мерос қилиб қолдириш ҳуқуқининг рўёбга чиқарилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 4 декабрь,
536-сон