Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида» 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида» 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонининг:
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) 2-бандига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилида Агентлик мактабларининг аниқ фанлар йўналишига қабул 5 — 11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7 — 11-синфларга, кейинги ўқув йилларида 5 ва 7-синфларга амалга оширилиши;
б) 16-бандига мувофиқ:
2022 йилда Агентлик тизимига ўтказилаётган таълим муассасаларининг юқори турувчи биринчи даражали бюджет маблағлари олувчиларида бўшайдиган бюджет маблағлари ҳамда Агентликка Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши;
2023 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Президент таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг (кейинги ўринларда — ихтисослаштирилган мактаблар) асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартиби;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ихтисослаштирилган мактабларга аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили фани ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра ўқишга қабул қилиш тартиби;
ихтисослаштирилган мактабларда таълимни аниқ фанлар йўналиши бўйича 5 — 11-синфлар, табиий фанлар йўналиши бўйича 7 — 11-синфлар ҳажмида амалга ошириш. Бунда ҳар бир синфдаги ўқувчилар сонини 24 нафаргача этиб белгилаш;
ўқувчиларни ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари сафидан чиқариш ёки четлаштириш асослари ва тартиби.
3. Президент таълим муассасалари агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Президент таълим муассасалари агентлиги директори Х.У. Умарова зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 5 май,
233-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 майдаги 233-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисида
НИЗОМ
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Президент таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг (кейинги ўринларда — ихтисослаштирилган мактаб) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Низомнинг амал қилиши Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларга нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ихтисослаштирилган мактаблар давлат муассасаси ҳисобланади, ўз уставига, ғазначилик бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.
3. Ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Ихтисослаштирилган мактаблар бевосита Агентликка бўйсунади. Агентлик ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.
2-боб. Ихтисослаштирилган мактабларнинг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;
табиий ва аниқ фанларни чуқур ўргатиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш;
ўқувчиларни ўқитиш ва билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш;
ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш;
ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;
таълим ва тарбия жараёнларида ўқувчиларга ватанпарварлик руҳи, миллий ғурур ва ифтихор, ўз халқига муҳаббат ва садоқат, Ўзбекистон тарихи, илмий-ижодий ҳамда маънавий-маърифий меросга ҳурмат, ўзликни англаш, меҳнатсеварлик ва масъулиятлилик, қатъият ва шижоатлилик ғояларини сингдириш;
ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилишни аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили фани ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга ошириш;
кириш имтиҳонларини Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан хорижий ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) билан ҳамкорликда амалга ошириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
3-боб. Ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Ихтисослаштирилган мактаблар:
ихтисослаштирилган мактабларда таълим жараёнларини Агентлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида амалга ошириш;
ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагог кадрларини ишга қабул қилишни Агентлик томонидан белгиланган тартибда танлов асосида амалга ошириш;
ўз уставида белгиланган фаолиятни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган молиявий манбаларни жалб қилиш;
ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчилар халқаро тан олинган дастур ва дарсликларни қўллаган ҳолда ўқитилишини таъминлаш, улар хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари учун зарур шарт-шароитлар ва таълим муҳитини яратиш ҳамда мазкур жараёнга хорижий ва маҳаллий педагог кадрларни жалб қилиш;
ихтисослаштирилган мактабларда аниқ ва табиий фанлар билан бир қаторда Ўзбекистон тарихи фанини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш;
сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этиш;
асосий ўқув дастурлари билан биргаликда ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари касбга йўналтирилган амалий машғулотлар ўтказилишини йўлга қўйишга ҳақли.
Ихтисослаштирилган мактаблар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7. Ихтисослаштирилган мактаблар:
мазкур Низомда, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида ва ўз уставида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва самарали бажариши;
ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчиларини ушбу муассасалар ҳузурида яшаш жойлари билан бепул таъминлаши;
ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар учун аутсорсинг тизими орқали бепул соғлом овқатлантиришни ташкил этиши;
10 ва 11-синфлар ўқувчиларининг амалиёти яқин ҳудудларда жойлашган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида ўтказилишини таъминлаши;
ўқувчиларнинг фанларни мукаммал эгаллаши билан бирга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитларни чуқур англайдиган, ҳар жиҳатдан рақобатбардош, кенг дунёқараш, мустақил фикр ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган шахс сифатида тарбияланиши бўйича таъсирчан педагогик технологиялардан фойдаланиш чораларини кўриши;
таълим жараёнини сифатли ва самарали ташкил этиши;
таълим жараёнини ташкил этиш шакллари, усуллари ва воситаларининг Агентлик томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаши;
ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари, ўқитувчилари ва бошқа ходимларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши шарт.
Ихтисослаштирилган мактабларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ташкил этиш
8. Ихтисослаштирилган мактаблар:
республика бўйсунувида Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳудудида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда ташкил этилади.
9. Ихтисослаштирилган мактабларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун талабларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис томонидан амалга оширилади.
Тугатилган ихтисослаштирилган мактаблар муассиси ўқувчиларни ота-оналарнинг розилиги билан бошқа ихтисослаштирилган мактаблар ёки халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасаларига ўтказиш масъулиятини олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ихтисослаштирилган мактаб тугатилган тақдирда, унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, ўз мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ва ихтисослаштирилган мактаб уставига мувофиқ фойдаланилади.
5-боб. Ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга қабул қилиш
11. Ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили фани ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга оширилади.
12. Кириш имтиҳонлари Марказ томонидан хорижий ташкилотлар ҳамда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Белгиланган квота доирасида кириш имтиҳонларининг натижаларига кўра энг юқори балл олган ўқувчилар баллар кетма-кетлигида ўқишга қабул қилинади.
Ўқувчилар фақат ўзлари ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри)даги ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга қабул қилинади.
13. Кириш имтиҳонлари Агентлик томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.
Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида бир ой олдин Агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларида ўқишга қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва квоталар тўғрисида маълумот эълон қилинади.
Кириш имтиҳонларини ўтказиш муддатлари Агентликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига, ижтимоий саҳифаларига жойлаштирилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
14. Ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатларни қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш мақсадида Агентлик билан келишилган ҳолда ихтисослаштирилган мактаб директорининг буйруғи билан қабул комиссияси ташкил этилади.
Қабул комиссиясининг таркиби комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ҳамда унинг аъзоларидан иборат бўлади.
Ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан қабул қилинади.
15. Танловда иштирок этиш учун хоҳиш билдирган ўқувчининг (кейинги ўринларда — талабгор) ота-онаси (қонуний вакиллари) белгиланган муддатларда қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни қабул платформаси орқали электрон шаклда тақдим этади:
талабгорнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
талабгорнинг охирги 2 ой давомида тушган 3х4 ўлчамдаги фотосурати;
ўқув йили натижасига кўра талабгор баҳолар (электрон) табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;
рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланган халқаро ҳамда миллий фан олимпиада ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (агар мавжуд бўлса).
Талабгор ва унинг ота-онаси (қонуний вакиллари)нинг фуқаролик паспорти ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари (агар қонуний вакили томонидан ҳужжат топширилса, уларнинг қонуний вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси), алоқа учун телефон рақами, электрон почта манзили платформага киритилади.
16. Умумтаълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган талабгорлар ихтисослаштирилган мактабнинг худди шундай синфига ҳужжат топширишига йўл қўйилмайди.
17. Ҳужжатларни қабул қилишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда;
талабгор таълим олаётган мактабнинг ҳудудий мансублиги ихтисослаштирилган мактабнинг ҳудудий мансублигига мос келмаганда;
талабгор томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг сохта эканлиги аниқланганда;
ихтисослаштирилган мактабга кириш имтиҳонларидан ўтиш учун ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатини тақдим этганда.
Ҳужжатларни тақдим этиш пайтида кўрсатиб ўтилган маълумотларнинг тўғрилиги бўйича масъулият талабгорнинг ота-онасига (қонуний вакилларига) юклатилади.
18. Талабгорнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
19. Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест синови шаклида ўтказилади:
а) аниқ фанлар йўналишида:
математика (мантиқий фикрлаш) фани;
физика фани (6-синф ва ундан юқори синфлар учун);
инглиз тили фани;
б) табиий фанлар йўналишида:
биология фани;
кимё фани (7-синф ва ундан юқори синфлар учун);
математика (мантиқий фикрлаш) фани;
инглиз тили фани.
20. Кириш имтиҳонлари синов материалларини тайёрлаш Марказ томонидан, кириш имтиҳонларини павильионларда ўтказиш, назоратчилар билан таъминлаш Давлат тест маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади.
21. Рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб ва совриндор бўлган (1, 2, 3-ўринлар) умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўз ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган мактабларга умумий қабул параметрлари доирасида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
22. Кириш имтиҳонлари натижалари Агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун мобайнида эълон қилинади.
23. Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди.
24. Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.
25. Ихтисослаштирилган мактабларнинг мавжуд синфларида ўқув йили давомида бўшаб қолган ўринлар учун кириш имтиҳонлари ушбу Низом талабларига мувофиқ ўтказилади.
26. Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Ихтисослаштирилган мактабларда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш
27. Ихтисослаштирилган мактабларни аниқ ва табиий фанларга йўналтириш Агентлик томонидан амалга оширилади.
28. Ихтисослаштирилган мактабларда таълим аниқ фанлар йўналиши бўйича 5 — 11-синфлар, табиий фанлар йўналиши бўйича 7 — 11-синфлар ҳажмида амалга оширилади.
Ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 24 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.
29. Ихтисослаштирилган мактабларда таълим жараёни Агентлик томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартлари асосида умумий ўрта таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган ҳамда Агентлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурларига мувофиқ амалга оширилади.
30. Ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.
31. Ўқувчиларни синфдан синфга ўтказиш Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда тегишли имтиҳонларни муваффақиятли топшириш натижаларига асосан ихтисослаштирилган мактаб директорининг буйруғи билан амалга оширилади.
32. Ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари давлат ташкилотларида ишлайдиган ота-онасининг иш жойи битта ҳудуддан бошқа ҳудудга ўзгарган тақдирда, ўша ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабда бўш ўрин мавжуд бўлганда ўқувчининг ўқишини кўчиришга рухсат этилади.
33. Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари сафидан чиқарилади ёки четлаштирилади:
ўқувчи ўз ташаббуси билан бошқа умумий ўрта таълим муассасасига кўчириш (ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризаси асосида) истагини билдирганда;
индивидуал иш олиб борилишига қарамасдан, рейтинги ва академик ўзлаштиришнинг тизимли пасайиши (кетма-кет 2 чоракда ихтисослик фанларидан 3 баҳога ўзлаштирганда) кузатилганда;
синфдан синфга ўтказиш имтиҳонларидан ўта олмаган тақдирда;
кириш имтиҳонларини топшириш жараёнларида ўқувчи томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланганда;
кириш имтиҳонлари давомида имтиҳон топшириқларининг бошқа ўқувчи томонидан бажарилганлиги аниқланганда;
ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларини бир марта қўпол ёки мунтазам равишда бузилганда.
7-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.