Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирлар бажарилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиб бориш тўғрисида
Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирлар бажарилиши устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилганлиги ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,1 трлн сўм маблағ йўналтирилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар чорак якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитиб борилсин.
3. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан «Ташаббусли бюджет тадбирлари» ижроси юзасидан тақдим этиладиган таҳлилий маълумотлар асосида амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Т. Ишметов):
ўн кун муддатда ташаббусли бюджетлаштириш жараёни бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар ижроси устидан доимий назорат олиб борилиши учун лойиҳалар рўйхати халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари котибиятларига тақдим этилишини таъминласин;
ҳар чорак якунида ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига таҳлилий маълумот киритиб борсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига:
ҳудудий молия органлари томонидан тақдим этиладиган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар рўйхатини тегишли ҳудудлар бўйича депутатларга тақсимлаш;
ҳар чорак якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши ва амалга оширилишини баҳолаб бориш;
ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқишда ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижаларига алоҳида эътибор қаратиш;
белгиланган муддатларда бажарилмаган ёки бажарилиши кечиктирилаётган тадбирлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маълумот киритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳокимликлар тўғрисидаги тегишли маълумотларни Олий Мажлис Сенати Кенгашига тақдим этиб борсин.
7. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 18 апрель,
КҚ-334-IV-сон