Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясини ташкил этиш тўғрисида
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилсин.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида гендер тенгликка эришиш, оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигига эришиш, давлатнинг раҳбарлик лавозимларига илгари суриш чоғида жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик принципини таъминлашга кўмаклашиш;
гендер тенгликни, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратини амалга ошириш;
гендер тенгликни, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;
хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг равишда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат органларининг, жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириш;
аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчилик ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, оиланинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
оилавий ажримлар ҳолатини таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларида иштирок этиш, бу борада тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
оиланинг тиббий маданияти даражасини ошириш, соғлом турмуш тарзини жорий қилишга кўмаклашиш;
хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари соҳасидаги халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга ошириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги КҚ-100-V-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
3. Белгилансинки:
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
(3-бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги КҚ-100-V-сонли қарори таҳририда)
4. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси 2022 йил 15 апрелга қадар ўзининг ташкилий мажлисини ўтказиб, унда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 4 март,
КҚ-311/1-IV-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги КҚ-100-V-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)