Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 2 ноябрда қабул қилинган, 2021 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан маъқулланган ва 2022 йил 3 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 157-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни устидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қонунни янада маромига етказишни тақозо этадиган таклифлари ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, биринчи ўқиш тартиб-таомилидан бошлаб давом эттирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини уч ой ичида маромига етказсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 29 март,
1983-IV-сон