Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашга ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида коррупцияга имкон берувчи нормаларнинг мавжудлигини аниқлашга, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёни устидан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами янада кенгайган. Қўмита 2021 йилда 30 та қонун лойиҳасига, шунингдек 7 та бирлашган қонун лойиҳасига масъул бўлиб, шундан 18 та қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва маромига етказиш мақсадида 167 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-831-сонли, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–833-сонли, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–837-сонли, «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–742-сонли ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-772-сонли қонун лойиҳаларини қабул қилиш ташаббуси билан чиқилган.
Қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш, Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорлари ижросини ўрганиш бўйича Қўмита томонидан 8 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
2021 йилда Қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 4264 та мурожаатни белгиланган тартибда кўриб чиққан, 914 та мурожаатда қайд этилган масалалар ижобий ҳал қилинган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилган. Таклифлари асосли деб топилган 43 нафар фуқарога Қўмита томонидан миннатдорлик хатлари юборилган ҳамда ушбу таклифлар асосида 6 та қонун ҳужжатига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунларини ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш юзасидан 9 та тадбир, шу жумладан 3 та давра суҳбати, 5 та семинар ҳамда 1 та конференция ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 3483 маротаба чиқишлар қилинган ҳамда қонун ижодкорлигига ва Қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш, назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан ҳамкорликда қонун лойиҳалари юзасидан тизимли равишда давра суҳбати ва семинарлар ўтказиб бориш амалиётини давом эттириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита номига юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИCМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 март,
1943-IV-сон