Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) томонидан 2020-2021 йилларда қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида 41 та мажлис ўтказилиб, уларда 85 та масала муҳокама этилган.
Хусусан, қонунчилик фаолияти доирасида ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирокида ва экспертларни жалб қилган ҳолда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда маъқуллаш учун Сенатга киритилган 15 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 34 та тадбир ўтказилган. Жумладан, Қўмита томонидан 9 та қонуннинг ижро ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган, шунингдек, вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 2 та ҳисоботи ва 11 та ахбороти эшитилган.
Қўмита таклифлари асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабулларда ҳамда жамоатчилик томонидан кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилиб, Қўмита ва Сенатнинг ялпи мажлисларида муҳокама қилинган.
Хусусан, Андижон, Тошкент, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан ўрганишлар олиб борилган, натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари тайёрланган.
Бунинг натижасида зарарли оқова сувларни чиқарган 3 100 та корхонадан компенсация тўловлари ундирилишига, Тошкент шаҳридаги 18 та йирик саноат корхонаси фаолияти вақтинчалик тўхтатилишига, 3 та корхонада бирламчи тозалаш иншоотлари қурилишига эришилган.
Боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижасида Ҳукуматнинг «Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2021 йил 3 декабръ 731-сонли) қарори қабул қилинган.
Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилган.
Ушбу парламент сўровида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, илғор технологияларни жорий қилиш ва бошқа масалаларни қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 февралдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-141-сонли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш стратегияси лойиҳаси Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳида муҳокама қилиниб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Қўмита таклифи асосида Сенат ялпи мажлисида 14 та масала муҳокама этилган. Хусусан, тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Конституция, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларига зид 8 та қарорини бекор қилиш масаласи шулар жумласидандир.
Шунингдек, ҳудудларда 5 та қонун ҳамда давлат дастурларининг ижроси ўрганилган, натижалари юзасидан 6 та Қўмита қарори қабул қилинган. Жумладан, деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолияти ҳамда улар учун яратилган имтиёзлар ва қишлоқ хўжалигида ресурс тежовчи замонавий суғориш технологияларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ҳудудларда ижро этилиши ҳолати ўрганилган.
Ўрганишлар натижасида манзилли дастур ишлаб чиқилган ва унга асосан 488 нафар талабгорга 44 млрд сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ажратиб берилишига эришилган. Натижада 12 мингдан зиёд аҳолининг 2 минг гектар майдони сув билан таъминланиб, қўшимча маҳсулот олишга эришилган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида амалдаги 9 та қонуннинг ижроси ҳамда улар бўйича қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилган. Натижалари Сенат Кенгашида муҳокама қилиниб, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар юборилган.
Халқ билан мулоқот ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш доирасида Сенатга келиб тушган 2 808 та (2020 йил 1081 та, 2021 йил 1727 та) мурожаат кўриб чиқилган.
Ушбу мурожаатларнинг 1 151 таси (41 фоизи) ижобий ҳал этилган, 1 123 таси (40 фоизи) вазирлик ва идораларга юборилган, 533 тасига (19 фоизи) Қўмита томонидан тушунтиришлар берилган.
Қўмита аъзолари томонидан 10 821 та мурожаат ўрганилиб, уларнинг 9 052 таси ижобий ҳал этилган.
Тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш юзасидан Қўмита аъзолари томонидан 61 та сенатор сўрови юборилган.
Қўмита аъзолари томонидан Сенатда ва жойларда жами 3 291 нафар фуқаро қабул қилиниб, сайловчилар билан 1 288 та учрашув ўтказилган.
Бундан ташқари, Қўмита аъзолари Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, давлат дастурларининг бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни фуқароларга етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларда (856 та), телевидениеда (557 та), газеталарда (334 та), радиода (103 та) интервью ва мақолалар билан иштирок этган.
Шу билан бирга, Қўмита фаолиятида айрим фойдаланилмаётган имкониятлари мавжуд. Жумладан:
республиканинг суғориладиган ва лалмикор ерларида тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқ эрозияси ва деградациясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича мутасадди идораларнинг ахборотларини эшитиш;
чорвачилик, ипакчилик, паррандачилик, қоракўлчилик, яйловлар барпо этиш ҳамда озуқа базасини яратишда ерлардан самарали фойдаланиш бўйича жойларда ўрганишлар ўтказиш;
қонунчилик ҳужжатларида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаш, кредит ва субсидия маблағларини ажратишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг ўз вақтида бажарилишига эътибор қаратиш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида «маҳаллабай» ва «хонадонбай» тадбиркорликни тарғиб қилиш, ишчи ўринлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мунтазам равишда баҳолаш ишлари лозим даражада амалга оширилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси:
ўз фаолиятига дахлдор бўлган тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
қишлоқ хўжалиги соҳасига оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга оширсин;
мева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги деҳқон хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаб қолиш ва ўрмон хўжалигини ривожлантиришнинг стратегик мақсадларини амалга ошириш юзасидан ўрганишлар олиб борсин;
аҳолини қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликка кенг жалб қилиш ҳамда давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ишларда самарадорлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чораларини кўрсин ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда муҳокама қилиб борсин;
фуқаролар мурожаатлари, сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан сенатор сўрови ёки парламент сўрови юбориш ҳамда унинг натижасини Қўмита, Сенат Кенгаши ёки Сенат ялпи мажлисларида эшитиш амалиётидан кенгроқ фойдалансин;
назорат-таҳлил тадбирларига Қўмита ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини фаол жалб қилсин;
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан биргаликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тадбирларини ҳар бир туман ва шаҳар, маҳалла, кўча, ташкилотлар, ижтимоий соҳа объектлари, корхоналарда ўтказиш устидан назоратни кучайтирсин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда суғориладиган ва лалмикор ерларда тупроқ унумдорлигини ошириш ва замонавий интенсив технологияларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш тизимининг илмий асосда жорий этилишини таъминлаш ҳамда тупроқ эрозияси ва деградациясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича мутасадди идораларнинг ахборотларини мунтазам эшитиб бориш чораларини кўрсин;
Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаш, ўз вақтида кредит ва субсидия маблағларини ажратиш масаласида имтиёзлардан тўғри фойдаланишда тизимли парламент назоратини ўрнатсин;
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмиталари билан биргаликда чорвачилик, ипакчилик, паррандачилик, қоракўлчилик, яйловлар барпо этиш ҳамда озуқа базасини яратишда ерлардан самарали фойдаланиш бўйича назорат-таҳлил ишларини кучайтирсин;
чорвачилик ва ипакчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларнинг самарали ижро этилиши борасида вазирлик, идоралар ва ҳокимликларнинг ахборотларини мунтазам эшитиб борсин.
Ушбу Қарор ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан умумлаштирилган маълумотни жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Сенат Кенгашига киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари бўйича доимий комиссияси (қўмитаси)га:
қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳоли орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ноқонуний ҳолатлар юзасидан маҳаллий Кенгашларда эшитувларни ташкил қилиш ва натижаси юзасидан тегишли чоралар кўриш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида «маҳаллабай» ва «хонадонбай» тадбиркорликни тарғиб қилиш, иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мунтазам равишда баҳолаш тавсия этилсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 19 март,
СҚ-507-IV-сон