Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг (бундан буён матнда Омбудсман деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиб, бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, Омбудсманга келиб тушган жами 18 738 та мурожаатнинг 16 559 таси фуқаролардан, 2 120 таси тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидан ҳамда 59 таси хорижий давлатлардан бўлиб, мурожаатлар сони 2020 йилга (14 975 та) нисбатан 3 763 тага ёки 25 фоизга ошган.
Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида 11 257 та мурожаат иш юритувига олиниб, уларнинг 2 517 таси ёки 23 фоизи ижобий ҳал қилинган, 6 160 та мурожаат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилган. Қолган 1 321 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилган.
Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 2021 йилда Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 36 та хулоса (2020 йилда 16 та), 14 та тақдимнома (2020 йилда 13 та) ҳамда судларга 44 та даъво аризаси (2020 йилда 11 та) киритилиб, таъсир чораларини қўллаш самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 бараварга ошган.
Омбудсман томонидан амалга оширилган 177 та мониторинг ташрифи давомида 4,5 мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ва 758 нафар маҳкум билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилган.
Шу билан бирга, Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш, минтақавий вакиллар томонидан фуқаролар билан ишлаш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидаги мониторинг фаолияти етарли даражада ташкил этилмаган.
Хусусан, Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда ижтимоий ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 7 фоизга, иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар 2 фоизга камайган бўлса-да, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ мурожаатлар 6 фоизга ҳамда сиёсий ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар 3 фоизга ошган.
Мурожаатлар тўлиқ, холисона кўриб чиқилмаганлиги, юзаки ҳал этилиши ҳамда мурожаат муаллифларига жавоб хатлари тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида ҳисобот даврида Омбудсманга келиб тушган мурожаатларнинг 4 655 тасини ёки 25 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилган. Бу эса, ўтган йилга нисбатан такрорий мурожаатларнинг 2 бараварга кўпайишига сабаб бўлган (2020 йилда 2 329 та, такрорий мурожаатлар 2 326 тага кўп).
Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилган 36 та хулоса, 14 та тақдимнома ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб судларга 44 та даъво аризаси киритилган.
Ҳисобот даврида фақат 1 маротаба Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида мониторинг олиб борилган.
Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2021 йилда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда 177 та мониторинг тадбири ўтказилган ва бундай тадбирлар ўтган йилга (76 та) нисбатан қарийб 2,5 бараварга кўп амалга оширилган бўлса-да, маҳкумларнинг яқин қариндошлари томонидан йўлланган мурожаатлар сони 4 541 тага ёки 4 бараварга ошган (2020 йилда 1 563 та, 2021 йилда 6 104 та).
Жамоатчилик гуруҳлари билан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирларининг натижадорлиги етарли даражада бўлмаган.
Фуқароларнинг суриштирув ва дастлабки тергов органи ҳаракатлари юзасидан Омбудсманга йўллаган мурожаатлари бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 32 та қарор бекор қилинганлиги ҳамда 16 та ҳолатда айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилганлиги қайд этилган.
Бироқ, Бош прокуратуранинг маълумотларига кўра, ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳаракатлари билан боғлиқ 161 та жиноят иши қўзғатилган. Бу эса, инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан давлат органларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатидан самарали фойданилмаганлигини кўрсатади.
Жойларда минтақавий вакиллар фаолиятининг иш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Уларнинг асосий фаолияти тарғибот тадбирларидан иборат бўлиб қолган.
Жумладан, Омбудсман томонидан жазони ижро этиш муассасаларига 134 маротаба ташриф амалга оширилган бўлса-да, 14 та минтақавий вакил ҳисобига йилига 9 ёки 10 тадан ташриф тўғри келиб, ушбу кўрсаткич ойига 1 тани ҳам ташкил қилмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 324-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 15 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида»ги 1833-IV-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман):
давлат органлари ва идоралари билан ҳамкорликда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатларни ҳал этиш, уларга ўз вақтида ва асосли ҳуқуқий тушунтиришлар бериш орқали такрорий мурожаатлар сонини кескин камайтириш бўйича зарур чоралар кўрсин;
жойларда сайёр қабуллар сонини ошириш орқали фуқаролар томонидан кўтариладиган муаммоларни ҳудудий давлат органлари ва идоралари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўрсин;
мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларини таҳлил қилган ҳолда ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин;
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдалансин;
жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарида маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ва уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини оширсин. Бунда, ушбу жойларда сақланаётган шахсларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга тавсиялар киритсин;
минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини кучайтирсин;
Омбудсман фаолияти юзасидан амалга оширилган ишларни кенг ёритиш учун оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда маълумот бериб борсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
икки ой муддатда фуқароларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатларни ҳал этиш, уларни холисона кўриб чиқиш ҳамда муаллифларга ўз вақтида ва асосли жавоб бериш орқали такрорий мурожаатлар сонини кескин камайтириш, сайёр қабуллар сонини ошириш орқали муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашсин. Хусусан, минтақавий вакилларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун вилоят марказларида жойлашган давлат органларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш, шунингдек, уларни зарур мебель, алоқа ва техник воситалар ҳамда хизмат автомашинаси билан таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар йили Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти юзасидан маърузаларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниши тавсия этилсин.
5. Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Омбудсман ва унинг минтақавий вакилларига келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва тизимлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши устидан назорат қилишни таъминловчи «Ягона ахборот тизими»ни ишга тушириш бўйича зарур маблағларни ажратиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 17 март,
СҚ-502-IV-сон