Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ички ишлар вазирининг 2021 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Хусусан, Олий Мажлис Сенати томонидан 2021 йил 30 июлда ички ишлар вазирининг 2021 йилнинг 6 ойида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти юзасидан қабул қилган Қарори бажарилиши таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари доирасида 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2 та фармони ва 6 та қарори ҳамда 21 та Ҳукумат қарори қабул қилинган.
Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда «Хавфсиз хонадон» ва «Хавфсиз ҳовли» тизими асосида иш ташкил этилган.
Жами 9 314 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган.
Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда 2 639 та маҳаллада (28,3 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 3 628 тасида (39 фоиз) уларнинг содир этилиши ҳолатлари камайган.
Ички ишлар вазирлиги томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида 2021 йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 89 фоизи (98 776 таси) фош этилган, қидирувдаги 4 615 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 507 нафар шахс топилган.
Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан аниқланган жиноятлар 2021 йилда қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизини (32 889 та) ташкил этган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишининг олдини олиш мақсадида 407 та алоҳида махсус сўровхона ташкил этилган.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 39 343 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўрилган чоралар натижасида кўп содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 110 та «ўчоғи» бартараф этилган.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг ҳуқуқбузарликлар ўчоғи бўлган «Қовчин» МФЙ чорраҳасида 360 градусни кузата оладиган камера қўйилиши натижасида ҳуқуқбузарликларга чек қўйилган.
Наманган вилоятида ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиб келаётган автомактабларнинг аксарияти Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан интеграция қилинган. Натижада автомактаблардаги ўқув жараёни белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан назорат қилинмоқда.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, 2021 йилда содир этилган умумий жиноятлар сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.
Олди олиниши мумкин бўлган 426 та қотиллик, 10 937 та тан жароҳати етказиш, 341 та босқинчилик, 3 024 та безорилик, 19 732 та ўғрилик, 24 554 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.
Фирибгарлик жиноятининг сони Тошкент шаҳри (8 301 та) ва Фарғона вилоятида (5 320 та) ортиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача пойтахтда 310 тани, Фарғона вилоятида 139 тани ташкил этган.
Ўғрилик жиноятининг ҳам сони кўпайган. Хусусан, ҳар 100 минг аҳолига ўртача Тошкент шаҳрида 244 тадан, Фарғона вилоятида 132 тадан тўғри келган.
Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ (14 094 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатди.
Айниқса, Тошкент шаҳар, Фарғона, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида ушбу салбий кўрсаткич салмоғи юқорилигича қолган.
Маҳаллаларда «Жамоатчилик назорати масканлари» имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳолини огоҳликка чақириш йўналишидаги ишлар мунтазам равишда олиб борилмаган.
Бунинг оқибатида ўғрилик жиноятининг ҳар ўнинчиси доимий иш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилган.
Оила-турмуш замиридаги оғир жиноятлар сони ҳам юқорилигича қолмоқда.
Хусусан, 2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муносабатлар туфайли содир этилган.
Оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган шахсларни ярмидан кўпи ёки 52,6 фоизи, гиёҳвандларнинг 71,9 фоизи, спиртли ичимликка ружу қўйганларнинг ярмидан кўпи ёки 57,7 фоизи мажбурий даволанишга юборилмаган.
Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси (3 401 тадан 582 таси ёки 17,1 фоизи) айнан вақтида ҳал этилмаган оилавий келишмовчиликлар туфайли содир этилган.
Профилактик ҳисобга олиш фаолияти айрим ҳудудларда қониқарсиз ташкил этилган.
Оқибатида 1 476 нафар шахс маъмурий ҳуқуқбузарликда назарда тутилган ҳаракатни такроран содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмаганлиги оқибатида 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят, яъни 50 та қотиллик, 87 та оғир тан жароҳати етказиш, 1 361 та ўғрилик, 2 284 та фирибгарлик, 201 та безорилик жинояти содир этилган.
Жиноятларни ўз вақтида фош этиш бўйича тадбирлар етарли даражада ташкил этилмаган. 2021 йилда содир этилган жиноятларнинг 10 501 таси ёки 10 фоизи фош этилмаган.
Хусусан, ўғрилик жиноятининг 7 231 таси, фирибгарлик жиноятининг 1 750 таси, қотиллик жиноятининг 7 таси, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларнинг 7 таси фош этилмаган.
Номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида содир бўлган.
Республика бўйича номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларнинг 7 таси фош этилмаган бўлса, айнан 4 таси Тошкент вилоятига тўғри келган.
Фош этилмаган 7 231 та ўғрилик жиноятининг 2 532 таси Тошкент шаҳри ва 2 347 таси Фарғона вилоятига тўғри келиши мазкур ҳудудлардаги ички ишлар органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатади.
Ўтган йилда қайд этилган жиноятларнинг 21 885 таси (19,7 %) ёшлар томонидан содир этилган.
Жиноятга қўл урган 27 931 нафар ёшларнинг 2 544 нафарини хотин-қизлар, 1 023 нафарини олий ўқув юрти талабалари, 7 265 нафарини бандлиги таъминланмаган, таълим билан қамраб олинмаган ёшлар ташкил этган.
Бундай жиноятларнинг 54,4 фоизи Тошкент шаҳри (8,8 фоиз), Тошкент (12,7 фоиз), Фарғона (24,6 фоиз) ва Наманган (8,4 фоиз) вилоятларида содир этилган.
Мактабларда йўлга қўйилган «давомат тадбирлари» имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳолини огоҳликка чақириш йўналишидаги ишлар ҳам мунтазам равишда олиб борилмаган.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда. Жумладан, ушбу жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона (37,9 фоиз), Тошкент (11,4 фоиз), Наманган (7,6 фоиз) ва Бухоро (6,3 фоиз) вилоятларига тўғри келади.
Аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳамда жамоат тартибига қарши жиноятларни олдини олишга қаратилган тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаган.
Шунинг учун, жамоат жойларида содир этилган безорилик жиноятларининг салмоғи ҳали ҳам Тошкент шаҳри (24 фоиз), Наманган (15 фоиз), Тошкент (13 фоиз) ва Сурхондарё (12,5 фоиз) вилоятларида юқорилигича қолган.
Маъмурий назорат қилинадиган шахсларнинг 9,8 фоизи қайта жиноят содир этган.
Маъмурий назорат ўрнатилиши лозим бўлган муқаддам судланганларнинг 35,3 фоизига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилмаган, шундан 33,7 фоизи ўта хавфли рецидивистлардир.
Оқибатда, маъмурий назоратга олинмаган ўта хавфли рецидивистлар томонидан 1 та қотиллик, 11 та ўғирлик ва 3 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган.
2021 йилда содир этилган 10 004 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 230 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 436 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Таҳлилларга кўра, аксарият қоидабузарлик ва йўл-транспорт ҳодисалари автомактабларни эндигина тугатган ёш ва тажрибасиз ҳайдовчилар томонидан содир этилган.
Аксарият ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этишда ахборот-коммуникация технологияларидан умуман фойдаланилмаяпти.
Айниқса, бу борадаги ишлар Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Катта маблағ эвазига барпо этилган замонавий, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш учун мўлжалланган ситуацион марказ орқали йўллардаги қоидабузарликлар умуман аниқланмаяпти.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашларда ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда ҳамон расмиятчилик ва юзакиликка йўл қўйилмоқда. Айрим холларда эса ҳисоботлар ва ахборотлар умуман эшитилмаяпти.
Хусусан, Андижон вилоятида туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этишлари белгиланган бўлсада, 2021 йилда 2 та туманда бор йўғи бир маротабадан ҳисоботлар эшитилган.
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг 7 431 нафари хизмат интизомини бузган бўлса, 126 нафари жиноятга қўл урган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов):
икки ой муддатда мазкур Қарорда қайд этилган камчиликларни бартараф этишга оид масалаларни вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида муҳокама қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан яқин истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқсин;
ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган ҳудудий ички ишлар органлари, айниқса, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги ички ишлар органлари раҳбарларига нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш масаласини кўриб чиқсин;
фош этилмаган жиноятлар бўйича тезкор-қидирув тадбирларини жадаллаштириб, уларни қисқа муддатда фош этилишига алоҳида эътибор қаратсин;
икки ой муддатда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун белгиланган чекловларга риоя қилмаган шахслар устидан таъсирчан кунлик назоратни ўрнатиш бўйича аниқ чораларни белгиласин;
икки ой муддатда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига нисбатан, айниқса, оила-турмуш муносабатлари билан боғлиқ жиноятларнинг сабабларини ўрганиб, олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;
икки ой муддатда оила-турмуш доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган тажовузкор руҳий касаллар, спиртли ичимликка ружу қўйганлар ҳамда гиёҳвандларни мажбурий даволанишга юбориш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, ижрога қаратсин;
уч ой муддатда муқаддам судланган, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олинган, шунингдек маъмурий назорат ўрнатилмаган шахслар билан ишлашнинг самарали тизимини яратиш ва ушбу йўналишда профилактика инспекторлари масъулиятини ошириш бўйича аниқ чораларини кўрсин;
олий ўқув юрти талабалари ва вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида янгидан фаолият бошлаган инспектор-психологлар фаолияти самарадорлигини кучайтириш ва таълим муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чоралар белгиласин;
хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан олиб борилаётган манзилли чора-тадбирларни янада кучайтирсин;
бир ой муддатда республиканинг барча ҳудудларида ташкил қилинган қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш учун мўлжалланган ситуацион марказлар фаолиятини танқидий ўрганган ҳолда уларнинг ишини такомиллаштириш бўйича қўшимча чораларни кўрсин;
ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни кучайтириш, улар орасида коррупция ва ваколатни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўрсин;
ички ишлар органларига келтирилаётган барча шахслар билан суҳбатларнинг қатъий равишда «сўровхона»ларда ўтказилишини таъминласин;
икки ой муддатда ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий Кенгашларда эшитишда расмиятчилик ва юзакиликка йўл қўйилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан аниқ чораларни белгиласин;
ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда уларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини замон талабига мос равишда шакллантириш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтирсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев) ва Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (З. Махкамова) билан биргаликда оилавий келишмовчиликлар туфайли содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасига келган оилаларни яраштириш йўналишида тизимли ишларни мунтазам равишда олиб борсин.
Бу борада профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинлари раислари билан узвий ҳамкорлигини кучайтириш чораларини кўриш, айниқса, шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни барча маҳаллаларда бирдек ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) 2021 йилда мамлакатимизда 14 мингдан ортиқ ишсиз шахс томонидан жиноятлар содир этилганлигини инобатга олиб, жойларда аҳолини, хусусан, жиноят содир этишга мойил бўлган аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Миллий гвардия (Р. Джураев), Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев), Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (З. Махкамова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Криминоген, вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш борасида сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органи бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари масъулиятини янада кучайтириш чораларини кўрсин;
мунтазам равишда «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритилган шахслар билан манзилли ишлаш орқали муаммоларини ҳал этиш, уюшмаган ёшларни спортга кенг жалб қилиш, улар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва маданиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев)га ички ишлар тизимида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган прокурор назоратини янада кучайтириш, унинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўрсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар ойда туман (шаҳар) ҳокимлари маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканига раҳбарлик қилаётган профилактика катта инспектори билан шахсан учрашиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш чораларини кўриши устидан алоҳида назорат ўрнатсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Миллий гвардия (Р. Джураев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев), Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (З. Махкамова) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Қарор ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотларни мазкур Қарорда кўрсатилган муддатларда, якуний маълумотларни эса жорий йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этсин.
9. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси (К. Бурханов) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 19 март,
СҚ-504-IV-сон