Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатидаги ўрнини янада ошириш, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланиш, шунингдек икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш каби энг муҳим устувор йўналишларга ҳисобот даврида Қўмита томонидан катта эътибор қаратилган.
Ҳисобот даврида Қўмита мамлакат ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларини кучайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва халқаро ҳужжатларга қўшилишга қаратилган 10 та қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланган бўлиб, уларнинг барчаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, жамоатчилик ўртасида муҳокамалар ташкил этиш мақсадида 15 марта ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилган.
Қўмита Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган халқаро ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг парламент вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириб боришга устувор вазифа сифатида қараган. Ҳисобот даврида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари, хорижий мамлакатлар парламентлари, халқаро ташкилотлар ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари билан 70 дан ортиқ учрашув ўтказилган.
Қўмита масъуллигида парламентлараро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қонунчилик палатасида 52 марта чет эл делегациялари қабул қилинган ҳамда Қонунчилик палатасининг депутатлари ва Девони ходимлари учун 29 марта чет эл хизмат сафари амалга оширилган.
Бевосита Қўмита масъуллигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг 4 та қўшма қарори қабул қилинган.
Қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, қонунларнинг амалиётда қўлланилишига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш доирасида Қўмита томонидан 8 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Жумладан, 6 марта давлат органлари раҳбарларининг тегишли масалаларга оид ахбороти эшитилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётганлиги тўғрисидаги ахбороти Қўмита мажлисида эшитилган. «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиш ҳолати ўрганилган.
Қўмита сайловчилар кўтараётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни ҳамда муаммоларни мутасаддилар эътиборини уларга қаратган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият берган. Ҳисобот даврида сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан мансабдор шахсларга Қўмита ташаббусига кўра 1 та парламент сўрови ҳамда 14 та депутат сўрови юборилган.
Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасида халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада оширишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга, шунингдек кенг аҳоли қатламларига етказиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Қўмита томонидан 5 та давра суҳбати, 7 та халқаро конференция, семинар ҳамда бошқа бир қатор тадбирлар ўтказилган.
Қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор берилган. Ҳисобот даврида Қўмита аъзоларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 495 та мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмитанинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда сайловчилар билан учрашувлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда 1200 марта ёритилган.
Ҳисобот йилида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили айрим масалаларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини ҳам кўрсатмоқда.
Хусусан, 2020-2021 йилларда Қўмита масъуллигида қабул қилинган ва кучга кирган янги қонунларнинг амалиётга таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан уларнинг ижро этилиш ҳолатини чуқур ўрганиш ва натижаларини мутасадди органларнинг масъул ходимлари иштирокида муҳокама этиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қўмита томонидан ўтказиладиган парламент назорати тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ушбу тадбирлар якунлари бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш масаласи ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказиш жараёнида миллий амалиёт ва халқаро тажрибани пухта ўрганишга, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишга доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш чораларини кўриш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама асосда олий даражада олиб борилаётган муносабатлар бўйича ишлаб чиқилган «йўл хариталари»нинг ижро этилиш ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш борасида мутасадди вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан самарали парламент назоратини олиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита ва унинг аъзолари номига юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида мутасадди вазирликлар ва идоралар томонидан бажарилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. САИДОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 февраль,
1820-IV-сон