Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатда фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга оширишга ҳисобот даврида Қўмита томонидан алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган давр мобайнида Қўмита интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш, музейлар, моддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, давлат тилини ривожлантириш, маданият ва санъат ходимлари кунини белгилашга хизмат қиладиган 7 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, уларнинг барчаси қабул қилинган.
Қўмита давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Қонунчилик палатаси қарорларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш, мазкур ўрганишлар якунлари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиб боришга устувор вазифалардан бири сифатида қараган. Жумладан, ҳисобот даврида мансабдор шахсларнинг тегишли масалаларга оид ахбороти 8 марта эшитилган.
Хусусан, 2021 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Б. Онорбоевнинг «2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантириш Концепциясининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиш давомида мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинган.
Ўтган даврда Қўмита томонидан «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиш ҳолатини Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти мисолида ўрганиш юзасидан 2 марта назорат-таҳлил тадбири ташкил этилган. Ушбу ўрганишлар якунлари Қўмита йиғилишларида соҳанинг мутасадди раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Қўмита томонидан қонун лойиҳаларини маромига етказиш ва такомиллаштириш, жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида 37 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Қўмита жойларда олиб борилаётган ўрганишлар, сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳамда аниқланган муаммоларни парламент даражасига олиб чиққан ҳолда, ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, Қўмита ташаббуси билан ҳисобот даврининг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказилган «ҳукумат соати»га талабаларни турар жойлар билан таъминлаш масаласи киритилган. Ушбу тадбирда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг «Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар» юзасидан депутатларнинг саволларига жавоблари эшитилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқишга бағишлаб, 14 та давра суҳбати, 9 та семинар ҳамда 3 та конференция ташкил этилган.
Қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор берилган. Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари номига келган жами 917 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмитанинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ва сайловчилар билан учрашувлари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда жами 789 марта ёритилган.
Ҳисобот йилида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили унинг фаолиятида айрим жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Хусусан, депутатларнинг ҳудудларда муҳим масалалар юзасидан олиб бораётган ўрганишлари якунлари, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлари ҳамда сайлов округларидаги фаолияти давомида сайловчилар кўтараётган долзарб масалаларга парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда ечим топиш, асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан мансабдор шахсларга Қўмита томонидан парламент сўровлари юбориш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қўмита томонидан парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш масаласига эътиборни кучайтириш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси:
фан, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, маданиятни ривожлантириш, шунингдек спортни оммалаштириш ҳамда тарғиб этиш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатининг доимий мониторингини юритиш ва унинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. САИДОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 февраль,
1819-IV-сон