Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида саноат, қурилиш, транспорт, энергетика, уй-жой коммунал, геология ва савдо соҳаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга оширишга Қўмита томонидан алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган давр мобайнида Қўмита транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан яхшилашга, корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга, республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашга, уй-жой муносабатларини ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 13 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, уларнинг барчаси қабул қилинган.
Қўмита давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарорларининг ижро этилиш ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганиб, мазкур ўрганишлар якунлари бўйича мансабдор шахсларнинг ахборотини 11 марта эшитган.
Хусусан, 2021 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири ўринбосари Ш. Хашимовнинг «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш давомида қурилиш тармоғини янада такомиллаштириш, архитектура ҳамда қурилиш органлари ва муассасаларини изчил ривожлантириш механизмларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинган.
Шунингдек, Қўмита таклифи билан 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Маҳкамовга «Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида» ҳамда 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж. Қўчқоровга «Мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида» парламент сўровлари юборган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6186-сонли Фармонининг ижроси Самарқанд вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган. Унинг якунлари Қўмита йиғилишида мутасадди идораларнинг раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Қўмита томонидан қонун лойиҳаларини маромига етказиш ва такомиллаштириш, жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида 107 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларининг, қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, саноат, қурилиш, транспорт, энергетика, уй-жой коммунал, геология ва савдо соҳаларидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган 1 та конференция, 8 та давра суҳбати, 8 та семинар ташкил этган.
Қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор берилган. Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари номига келган жами 1 054 та мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмитанинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ва сайловчилар билан учрашувлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда жами 2 887 марта ёритилган.
Ҳисобот йилида Қўмита томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили унинг фаолиятида айрим жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини ҳам кўрсатади.
Хусусан, Қўмитанинг саноат, қурилиш, транспорт, энергетика, уй-жой коммунал, геология ва савдо соҳаларига доир қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси таъминланиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга оширишга ҳамда соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қараши муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек парламент назорати тадбирларининг якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш масалаларига эътиборни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси:
республика миқёсида саноат, қурилиш, транспорт, энергетика, уй-жой коммунал, геология ва савдо соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, ушбу соҳаларни ривожлантириш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан бажарилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатининг доимий мониторингини юритиш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. САИДОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 февраль,
1818-IV-сон