Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида Ёшлар парламенти томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, уларни жамиятнинг сиёсий жиҳатда фаол қатламга айлантиришга устувор вазифа сифатида қаралган.
Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб этиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Ёшлар парламенти томонидан 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси юзасидан 87 та таклиф тайёрланган бўлиб, улардан 27 таси қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинган.
Ўтган даврда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш масалаларига бағишланган 98 та ўқув-семинар ва конференциялар ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Ёшлар парламенти томонидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга, хусусан, хорижий мамлакатлар ёшлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
Жумладан, Ёшлар парламенти аъзоси О. Шавкатов Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида ташкил этилган «Туркистон — турк дунёси бешиги» халқаро ёшлар саммитида, Х. Акрамов Омск вилоятида илк маротаба ташкил қилинган «Россия ва Марказий Осиё» ёшлар форумида фаол иштирок этди.
Ёшлар парламентининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 16 348 маротаба, хусусан, телевидениеда 625 маротаба, радиода 334 маротаба, босма нашрларда 2 312 маротаба, интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда 13 077 маротаба ёритилган.
Ёшлар парламентининг 2021 йилдаги фаолияти айрим масалаларга етарлича эътибор қаратилмаганлигини, шунингдек, ёшлар билан амалий ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини ҳам кўрсатмоқда.
Хусусан, Ёшлар парламентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорлиги ҳамда қонун ижодкорлиги ва парламент назорати тадбирларидаги иштирокини таъминлаш борасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.
Ҳудудлардан сайланган Ёшлар парламенти аъзоларининг жойларда ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти самарали йўлга қўйилмаган. Уларнинг ёшлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда уюшмаган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишдаги ўрни сезилмаяпти.
Хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва қонунга хилоф меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш борасида ҳам етарлича ташаббус кўрсатилмаган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Ш. Жолдасованинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясига:
Ёшлар парламентининг ишини самарали ташкил этиш, унинг фаолиятига ёшларни кенг жалб этиш;
депутатларнинг сайлов округидаги ишлари ҳамда ҳудудларда ўтказадиган назорат-таҳлил тадбирларида Ёшлар парламенти аъзоларининг иштирокини таъминлаш;
ҳар чорак якуни бўйича Ёшлар парламентининг йиғилишини ўтказиш ва унда амалга оширилган ишлар юзасидан Ёшлар парламентининг ахборотини эшитиб бориш;
Ёшлар парламентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталари, шунингдек вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилишида кўмаклашиш тавсия этилсин.
3. Ёшлар парламенти (Ш. Жолдасова):
Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;
Ёшлар парламентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва унинг органлари билан ҳамкорлик қилиш борасидаги ишларини янада жонлантириш;
ёшлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда уюшмаган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, тадбиркор ва фермер ёшларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган мажлисларида Ёшлар парламенти қўмиталарининг иштирок этишини ва қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериб боришини таъминлаш;
хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва қонунга хилоф меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича асослантирилган ташаббусларни илгари суриш;
Ёшлар парламентининг асосий фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда 2022 йилга мўлжалланган иш режасини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарига Ёшлар парламенти аъзоларини қонун ижодкорлиги жараёнига, назорат-таҳлил тадбирларига ва бошқа шаклдаги тадбирларга мунтазам равишда жалб этиш тавсия қилинсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 15 февраль,
1835-IV-сон